ОЧЛ гуруҳ босқичининг 5-туридаги воқеа учун Хитойнинг «Гуанчжоу Эвергранд» клуби ОФК томонидан жазоланди.
Луис Фелипе Сколари бошчилик қилаётган «Гуанчжоу Эвергранд» гуруҳ босқичида Ҳонгконгнинг «Истерн» клуби билан тўқнаш келди. Томонларнинг Гуанчжоуда кечган биринчи ўйинида мезбонлар 7:0 ҳисобида зафар қучганди. Бундан руҳланган хитойлик мухлислар жавоб ўйинида ҳонгконгликларни ҳақоратловчи баннер кўтарди, деб хабар бермоқда Isport. Баннерда «Британия итларини ер тишлатинг! Ҳонгконг мустақиллиги заҳрини бартараф этинг!» деган сўзларни кўриш мумкин эди.
Маълумки, футбол сиёсий руҳдаги ҳар қандай чиқишларни қоралайди. Шундан келиб чиқиб, ОФК мухлисларининг бу қилиғи учун «Гуанчжоу Эвергранд» клубини жазолашга қарор қилди. Энди Хитой клуби Чемпионлар лигасидаги икки учрашувни мухлисларсиз ўтказади ва 22,5 минг АҚШ доллари миқдорида жарима тўлайди.
Маълумот учун, Ҳонгконг 1842 йил британияликлар томонидан эгаллаб олинган бўлиб, колонияга айланиб қолганди. 1997 йилга келиб эса Ҳонгконг расман Хитойга қайтарилган.