Европанинг кучли бешлик миллий чемпионатларида иштирок этувчи клублар янги мавсумга тайёргарликни давом эттироқда. Бугун бир қатор ўртоқлик ўйинлари бўлиб ўтади.
Улар орасида энг қизиқарлиси Испаниянинг икки гранди — «Реал» ҳамда «Барселона» тўқнашувидир. Чемпионлар халқаро кубогининг АҚШ турнесида иштирок этаётган бу жамоалар ўзаро саф тортади. Кейинроқ улар Испания Суперкубоги ғолибини аниқлаб бериш учун Испаниянинг ўзида икки ўйин ўтказиши белгилаб қўйилган. 13 август куни «Реал» Камп Ноу»га, 16 август куни эса «Барселона» «Сантьяго Бернабеу»га ташриф буюради.
Чемпионлар халқаро кубогида бугун — 29 июль куни яна икки қизиқарли ўйин бор. АҚШда «Манчестер Сити» ва «Тоттенҳэм» футболчилари майдонга чиқиб келса, Сингапурда «Челси» Миланнинг «Интер» клубига қарши саф тортади.
Хитой турнесидан қайтиб келган Лондоннинг «Арсенал» клуби Emirates Cup турнири доирасида Португалиянинг «Бенфика» клубига қарши учрашув ўтказади.
29 июль санасидан фақатгина 1 та расмий беллашув жой олган. Франция чемпионати старти олдидан мамлакатнинг икки етакчиси — «ПСЖ» ва «Монако» ўзаро Суперкубок ғолибини аниқлаб бериш йўлида рақобат олиб боради. «ПСЖ» Франция Лига кубоги ва кубогида зафар қучган бўлса, монаколик футболчилар мамлакат чемпионатининг олтин медалини қўлга киритганди.