Бир йил олдин Александр Зинченко «Манчестер Сити» билан шартнома имзолаганди. Шундан сўнг уни ПСВга ижарага беришди.
Англияга қайтишдан олдин Украина терма жамоаси ярим ҳимоячиси Москвага ташриф буюрди. Кейинчалик АҚШда Халқаро Чемпионлар кубоги турнири доирасида «Манчестер Юнайтед»га қарши учрашувда «Манчестер Сити» сафида майдонга тушди.
— Голландиядан қайтгандан сўнг Гвардиола билан келажагингиз борасида гаплашдингизми?
— Йўқ. Голландиядан сўнг ёшлар терма жамоаси сафига бордим. Ундан кейин Москвага ташриф буюрдим.
— Инглизларнинг таклифи борасида кўп ўйладингизми? Бундай катта клубга эрта кетаётгандек туюлмадими?
— Тўғрисини айтсам, «Манчестер Сити»нинг таклифи ва Гвардиоланинг қизиқишини эшитиб, ўйлаб ҳам ўтирмадим.
— Одатда, трансферлардан олдин футболчилар бош мураббий билан шахсан гаплашиб олишади. Сизда ҳам шундай бўлдими?
— Жамоа аъзосига айлангунимча Гвардиола билан гаплашмадим. Клуб ихтиёрига етиб борганимиздан кейин эса суҳбатлашдик. Бундан хурсанд бўлдим.
— Таассуротлар қандай?
— Сизга жаҳоннинг энг яхши мураббийларидан бири қизиқса ва машғулот ўтаса, таассурот қандай бўлиши мумкин? Албатта, ажойиб.
— Ҳозирда сизни «Галатасарой» ижарага олиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар юрибди. Яна бир командировкага тайёрмисиз?
— Тўғриси, ҳозирда миш-мишларга эътибор бермаяпман ва бошқа клублар ҳақида ўйламаяпман. Айни пайтдаги асосий мақсадим - «Манчестер Сити» билан йиғинларда қатнашиш. Йиғиндан олдин ҳеч ким билан бу борада гаплашмадим.
— Эммануэль Фримпонгнинг айтишича, жисмоний ҳолатингизни янада яхшилашингиз талаб этиларкан. Ижтимоий тармоқлардаги охирги суратларингизга эътибор берадиган бўлсак, бу борада ишлаганингиз кўриниб турибди.
— Таътилда дам олиб ётишни истамайман. Камчиликларимни яхши биламан. Шу боис ҳам ўша жиҳатларни кучайтиришга ҳаракат қиламан.
— Англияда дуч келган муаммоларингиздан бири - меҳнат визаси эди...
— Умид қиламанки, бу масала ижобий ҳал этилади. Ҳақиқатан ҳам, Англияда бу борада муаммолар бор экан. Лекин ҳаммаси яхши бўлади, деган умиддаман. Ўтган сафар меҳнат визасини олишим учун терма жамоадаги ўйинларим етишмаганди.
— Ўтган мавсум ПСВда доимий ўйин амалиётига эга бўлмадингиз. Умуман олганда, жамоа, мамлакатдан қандай таассурот олдингиз?
— Фақат ижобий. Бу мен учун бебаҳо тажриба бўлди.
— Жамоага қандай қабул қилишди?
— ПСВ - ёш жамоа. Шу боис ҳам тил топишиб кетишимиз қийин бўлмади. Барча йигитлар аввалига қўллаб туришди. Кейин ўзим ўрганиб кетдим.
— Россия ва Голландия чемпионатлари ўртасидаги фарқ нимада?
— Эредивизияда ёш футболчилар кўпчиликни ташкил қилади. Деярли ҳар бир жамоада менинг ёшимдаги 4-5 нафар футболчи бор. Голландия - Европа. У ернинг футболи Россияникидан бироз фарқ қилади. Аммо айни пайт РФПЛ бироз кучлироқ.
— ПСВ спорт диреткори Марсель Брандснинг айтишича, сизнинг ўйин услубингиз Давид Силва ва Кевин Де Брюйненикига ўхшаб кетаркан. Ўзингиз қандай фикрдасиз?
— Ўйин услубим ўзимникига ўхшайди. Ҳар кимдан керакли жиҳатларни олишга ҳаракат қиламан. Мақсадим - янги Давид Силва ёки Кевин Де Брюйне бўлиш эмас, балки Александр Зинченко сифатида танилиш.
— «Уфа» бош директори Шамиль Газизовнинг айтишича, 2015 йили сизга Германиядан таклиф бўлган экан. У қайси клуб эди?
— Таклиф жиддий бўлмаган. Қандайдир музокаралар ўтказилгандир, лекин менгача етиб келмаган.
— Сизга «Зенит» қизиқиш билдиргани тўғрими?
— Гап-сўзлар бўлган, аммо унчалик жиддий эмасди, менимча. Ўшанда бунга унчалик эътибор бермаганман. Терма жамоа билан Евро-2016га тайёргарлик кўраётгандим. Шунчаки, агентимга айни пайт бор эътиборим терма жамоадалиги, трансферлар борасида мурожаат қилмасликларини айтганман. Европа чемпионатидан кейин эса «Манчестер Сити»нинг таклифи ҳақида айтишди. Мен эса ўйлаб ҳам ўтирмадим.
— «Шахтёр»дан кетганингиздан сўнг клуб бош директори Сергей Палкин сизни дисквалификация қилдиришга уринди. Шунингдек, «Уфа» ва «Ман Сити»га ҳам жазо қўллашларини талаб қилди. Айни пайт бу масала ҳал бўлганми?
— Бунга эътибор бермаяпман. Олдинда қандайдир судлар кутиб турганини биламан. Умуман олганда, Донецкнинг «Шахтёр» клубига омад тилайман. Ҳар ҳолда, мен учун жонажон жамоа. У ерда ажойиб беш йилни ўтказдим, кўп нарсаларни ўргандим. Бунинг учун барчаларидан миннатдорман.
— Сиз Украина терма жамоаси сафида гол урган энг ёш футболчисиз. Андрей Шевченконинг рекордини янгилагансиз. Ундан таъриф эшитдингизми?
— Ҳа. Лекин ўша заҳоти эмас.