Испания қироллиги футбол федерацияси (RFEF) «Реал» ҳужумчиси Криштиану Роналдуни қаттиқ жазолади.
Футболчи «Барселона»га (3:1) қарши Суперкубок баҳсининг 82-дақиқасида бош ҳакам Рикардо Бенгоэчеа томонидан майдондан четлатилгач, уни қўли билан туртиб юборган эди.
RFEF Роналдунинг бу ҳаракатларини тажовузкорона деб баҳолаб, уни қизил карта учун 1 ўйинга, ҳакамни туртгани учун 4 ўйинга дисквалификация қилди. Жазо Суперкубок ва Испания чемпионати ўйинларига тааллуқли бўлади.
Энди Роналду «Барселона»га қарши Суперкубок жавоб ўйинини, шунингдек Испания чемпионатидан ўрин олган «Депортиво», «Валенсия», «Леванте» ва «Реал Сосьедад»га қарши ўйинларни ўтказиб юборади.