«Реал» клуби ҳужумчи Криштину Роналдунинг 5 ўйинга дисквалификация қилиниши бўйича апелляция беради.
Бугун Испания қироллиги футбол федерацияси (RFEF) «Барселона»га (3:1) қарши Суперкубок баҳсида бош ҳакам Рикардо Бенгоэчеани туртиб юборгани учун Роналдуга қаттиқ жазо тайинлаган эди.
RFEF футболчининг бу ҳаракатларини тажовузкорона деб баҳолаб, уни қизил карта учун 1 ўйинга, ҳакамни туртгани учун 4 ўйинга дисквалификация қилган эди.
Агар бу жазо ўз кучида қолдирилса, Роналду «Барселона»га қарши Суперкубок жавоб ўйинини, шунингдек Испания чемпионатидан ўрин олган «Депортиво», «Валенсия», «Леванте» ва «Реал Сосьедад»га қарши ўйинларни ўтказиб юборади.