Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Футболдаги нарх бўрттирилишига қаршимиз...

Баҳо:
+ | -

Ойига юз миллионлаб маблағ сарфлаб, сўнг бўрттирилган нархлардан шикоят қилиш жуда осон! Бу ҳақда Гвардиола, Моуриньо ва бошқалар нима дейишяпти?

Футболчиларнинг нархи борасидаги ақл бовар қилмас воқеалар хусусида фақат мухлисларгина гапиришмаяпти. Йўқ, бу мавзу бўйича барчанинг фикри бир жойдан чиқади.

Жумладан, мураббийларнинг ҳам. Боз устига, кўп маблағ сарфлаётган клублар етакчиларининг қарашлари ҳам муштарак. Қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган цитаталар бунга исбот бўла олади.

Жозе Моуриньо, «Манчестер Юнайтед»

Жорий йилнинг ёзида сарфланган маблағ: 120 млн. евро

Бозордаги нархнинг ошишига португалиялик мутахассис қайсидир маънода дахлдор - бу кўпчиликнинг фикри. Аммо Моуриньонинг мазкур масалада ўз қарашлари бор:

«Топ-ўйинчи учун катта пул сарфлаш муаммо, деб ўйламайман. Погбанинг трансфери ёки айтайлик, Неймарнинг хариди - булар оддий ҳол. Бу воқеалар бир йилда бир-икки марта содир бўлади. Энг катта муаммо бошқа трансферларда. Биз 30, 40, 50 млн. евро каби миқдорлар ҳақида жуда осон гапирамиз.

100га яқин шундай трансферларни амалга оширадиган клублар-чи?! Бундай келишувлар жуда кўп, улар анъанавий бўлиб қолди ва айнан шу нарса мени хавотирга солмоқда.

Катта клублардан ташвишланмаяпман, уларда керакли маблағни топиш масаласида ҳеч қачон муаммо туғилмайди. Бошқа жамоалар тўғрисида эса бундай деб бўлмайди, молиявий «фэйр-плей» асосчиларининг иши ҳали кўп. Ахир стратегиялар бор ва айнан улар бу қоидани четлаб ўтиш имконини бермоқда. МФП бунинг уддасидан чиқиши керак».

Аслида, бу цитатани сиёсатшунослик дарслигига жойлаштириш мумкин. Моуриньо мўмайгина сарфлар (Пог­баники каби) йирик, аммо омадсиз харажатлардан фарқ­ланишини тушунтирмоқчи бўлади ва шу тариқа «Манчес­тер Юнайтед» билан бирга трансферлар пойгасида иштирок этаётган клубларга шаъма қилади. Ҳатто бу ҳаракатини ночорларга ҳомийлик қилиш билан изоҳламоқчидай туюлади. Жуда ҳам ажойиб.

Антонио Конте, «Челси»

Жорий йилнинг ёзида сарфланган маблағ: 140 млн. евро

Бир йил аввал Конте хавотирга тушганди: «Жорий мавсумлар оралиғида бозор ўзгарди. Футболчилар билан келишувга эришиш мураккаб бўлиб бормоқда, мазкур жараён каттагина маблағ талаб қилади. Ушбу ҳолат қанча давом этишини билмайман-у, аммо мавжуд муаммо ҳозир ҳамма клубларни қийнамоқда. Ўйинчиларнинг жамоа алмаштириши 80, 100 млн. еврога тушмоқда ва бу ақл бовар қилмас ҳол».

Бир йилдан сўнг у фикрини ўзгартирди: «Бозор ақлдан оздими? Ҳа! Оддий футболчи учун клублар 45-50 млн. евро сарфлашлари керак. Бунга кўникиш лозим. Тўғри танлов ва адашмаслик муҳим, ахир гап ўта йирик миқдордаги пуллар ҳақида кетяпти».

Хосеп Гвардиола, «Манчестер Сити»

Жорий йилнинг ёзида сарфланган маблағ: 240 млн. евро

Бу ёзда «Сити» ноанъанавий тарзда кўп маблағ сарфлаяпти. Гвардиоланинг ўзи ҳам бундан хурсанд эмаслигини айтяпти, лекин қўлидан нима ҳам келарди: бошқа вариантлар йўқ.

«Ўзимга қолса, клуб камроқ сарфлашини хоҳлардим, аммо бозор - бозор экан-да. Нафақат биз, ҳамма клублар катта харажат қилишмоқда. «Манчестер Сити» «фулбек»­лар учун сўнгги 7-8 йилда пул ажратмаганди.

Биз жамоани ёшартиришга қарор қилдик ва имкон қадар кўпроқ кучли футболчилар билан келишувга эришдик.

Мураббийларнинг тақдири натижага боғлиқ. Агар натижа яхши бўлмаса, ҳар нарсани кутиш мумкин. Биз яхшигина футболчилар билан шартнома имзоладик ва улар ҳар қандай мураббийни қизиқтириши турган гап.

Энг муҳими - шу. Нархлар ҳаддан ташқари тез кўтариляпти. Бир неча йил олдин мен бир футболчи 100 млн. туриши мумкинлигини тасаввур ҳам қилолмасдим. Аммо бу ҳол юз берди ва ҳали давом этади. Нима ҳам қила олардик?».

Юрген Клопп, «Ливерпуль»

Жорий йилнинг ёзида сарфланган маблағ: 51 млн. евро

Немис мураббийи трансферлар учун ҳеч қачон катта маблағ ишлатмаган. Ўрни келганида, бозор ҳақида ўз фикрини билдиришдан ҳам қочмаган. Масалан, бир неча ой аввал у шундай деганди: «Ақл бовар қилмайдиган даврлар келди. Футбол дунёдаги энг муҳим нарсага айлангандек, гўё. Буни тушуниш учун трансферларга назар солиш кифоя. Аммо мавжуд ҳолатга ҳамманинг парвойи фалак».

Жорий йилнинг ёзида унинг фикри бироз ўзгарди. Аниқроқ айтганда, у мухлисларни «Ливерпул»да пул етарли эканлиги ва клуб уларни сарфлашга тайёрлигига ишонтирмоқчи бўляпти. Бунинг уддасидан чиқиш эса осон иш эмас.

«Бундеслигада ҳамон 5 млн. евролик трансферлар давом этяпти. Бу ҳолнинг Англияда юз бериши мумкинлигини тасаввур қила оласизми? Бу - муаммо. Биз учун ҳаддан ташқари қиммат бўлган келишув йўқ. Клубда ҳеч ким менга фалон футболчининг харидига қурбимиз етмайди, демаган. Гап пулда эмас.

Ўйинчилар ва клублар хоҳиши ҳам муҳим. Тасаввур қилинг, сиз орзуйингиздаги автомобилни кўриб қолдингиз. Ҳамёнингизни оласиз-да, машина хўжайини билан келишиб олишни хоҳлайсиз. У эса: «Мен сотишни истамайман», - дейди. Натижада шунга ўхшаш, аммо бошқа рангдаги транспортни таклиф қилишади.

Сизга эса ўзингиз ёқтирганингиз керак! Бу - ҳаёт. Мухлисларга ҳаммаси осондек туюлади. Аммо менда ўзимга керакли футболчилардан жамоа тузиш имкони бўлганида, клубдаги биринчи кунимдаёқ орзумдаги таркибни тузган бўлардим. Аммо бу иложсиз, чунки мураккабликлар бисёр», - дейди Клопп.

Ҳозир «Ливерпуль» «Лейпциг» билан Наби Кейта масаласида савдолашяпти ва таклиф қилинган пул миқдори ҳақиқатан ҳам 70 млн. евродан ошиб кетди.

Аммо Клопп­нинг фикрича, бу фақат бошланиши, холос. Яна бир цитата: «Неймар учун 222 млн.? Агар мазкур хабар шунчаки миш-миш бўлмаса, демак, у бошқа сайёрадан. Шундай ҳол юз бериши мумкинлигига ишонгим келмайди. Агар бу юз берса, ҳаммаси ўзгаради».

Арсен Венгер, «Арсенал»

Жорий йилнинг ёзида сарфланган маблағ: 53 млн. евро

«Мен ҳамиша футболчиларнинг баҳоси ошишда давом этмаслигини айтардим, аммо адашган эканман. Айни пайт «Арсенал» бошқа клублар каби бунчалик кўп маблағ сарфлолмайди.

Агар ўйинчи 40 млн. турса, ҳамма унинг маҳоратли эканлигини билади. Нима, айнан шу футболчи учун 2 млн. сарфланса, у ёмон бўлиб қолармиди?»

Ҳар қандай ҳолатда ҳам, Арсен Венгер бугунги трансферлар дунёсида ўзгармай қоляпти. Бошқа томондан олганда, жорий йилнинг ёзида 50 млн., ўтган йили эса 110 млн. - бу унинг шахсий меъёрлари бўйича инқилоб.

Маурисио Почеттино, «Тоттенхэм»

Жорий йилнинг ёзида сарфланган маблағ: 46 млн. евро

«Етакчи клублар таркибни кучайтириш учун катта маблағ сарфлашади. Аммо бизнинг ўз йўлимиз бор. Академиямиз ёшларига ишонганимиз боис тинч ва хотиржаммиз.

Фалсафамиз бизни бошқа клублардан фарқ­лаб туради. Мавсум оғир бўлади, лекин танлаган йўлимиз тўғрилигига ишонамиз». Аввалроқ шундай фикр билдирган мутахассис, барибир, бир харидни амалга оширди - «Аякс» ҳимоячиси Давинсон Санчес «Тоттенхэм» аъзосига айланди.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 13:49, 27.08.2017.
Ўқилди: 3410 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.