Аёлимнинг бир ғалати одати бор. Уйдан чиқаётганимда уст-бошимни катта синчковлик билан назоратдан ўтказмаса, кўнгли жойига тушмайди. Агар эгнимга қандайдир ип-пиб илашиб қолганини кўрса борми, жон талвасасида юлиб отади. Нима дейди денг, агар ўшандай ҳолатда кўчага чиқиб кетсам, боши очиқ жононларнинг ишваси беихтиёр мени ўзига жалб этармиш. Аксига олиб, кийимдаги дайди ип “бошлиқ”нинг ўткир нигоҳидан четда қолиб кетган куни, биронта гўзал каминага қайрилиб ҳам қарамайди. Шунданми, ирим-жиримни жиним суймайди…
Аёллар-ку, ўз номи билан — аёл, қийшиқ қовурғадан яралган. Олди-қочди гапларга ишонувчан бўлади. Кейинги йилларда дийдаси қаттиқ эркаклар, дейлик футбол мураббийларининг ҳам шайтоний васвасаларга муккасидан кетаётганига нима дейсиз!? (Соқолига оқ оралаган кап-катта эркак олдидан қора чувалчанг ўтиб кетса ҳам, етти қадам орқага юриб турса ғалати-да).
Масалан, гўринг нурга тўлгур Луис Арагонес, “сап-сариқ” иримчи бўлган. Яъни, мураббий ўлмасидан бурун, сариқ рангдан ўлгудек қўрққан, уни хавф-хатар белгиси деб ишонган экан. Айтишларича, Раулнинг терма жамоадан сазойи бўлишига ҳам, қайсидир ўйинолди машғулотига сариқ футболкада келгани сабаб бўлган эмиш. Бояқиш, устозининг “сариқафобия”га чалинганини сезмаганда. Аммо, Арагонес билан боғлиқ энг “даҳшатли” воқеа кейинроқ, Германияда содир бўлган. Ўртоқлик учрашувини ўтказиш учун Дортмундга қўнган испан делегациясини маҳаллий малаклар бежирим гуллар билан кутиб олишган. Табиийки, чечакларнинг ранги сариқ эди. Шундан бўлса керак, немис паривашлари Арагонесдан илтифот ўрнига, ўнг қўлининг ўрта бармоғини кўришган…
Францияда ҳам яна битта оқсоч иримкаш бўларди, топдингиз