Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Германиянинг Ҳамбург шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида 1 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллаганларидан хабарингиз бор.
Кеча, 4 сентябрь куни терма жамоа аъзолари ёруғ юз билан Ўзбекистонга қайтиб келдилар. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида терма жамоа аъзолари ва мураббийларнм вазирлик ва идоралар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, спорт мухлислари тантанали равишда кутиб олди.
Германияда ўтган нуфузли мусобақада 85 давлатдан 280 боксчи совринли ўринлар учун беллашди. Унда ўзбекистонлик спортчилар мамлакат бокс мактаби салоҳиятини яна бир карра намойиш этди. Айниқса, Шаҳрам Ғиёсовнинг ғалабаси бутун дунё эътиборини Ўзбекистонга қаратди.
“Халқаро майдондаги нуфузли мусобақаларда қатнашаётган ҳар бир спортчимиз ортида ўзини мана шу даражага етказган Ватанимиз, халқимиз турганини, яратилаётган шароитларнинг барчаси истиқлолимиз шарофатидан эканини чин дилдан ҳис қилади. Мана шу туйғу биз, спортчиларга катта куч-қувват ва ишонч беради. Жаҳон чемпионатидаги ғалабамизни энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллигига бағишлаймиз”, дейди Шаҳрам Ғиёсов.
Маълумот учун, Ҳасанбой Дўсматов, Иқболжон Холдоров, Жасурбек Латипов кумуш, Санжар Турсунов ва Бектемир Мелиқўзиев бронза медални қўлга киритди.