Кириш Регистрация
19/12 01:30 Вильярреал 1-1 Райо Вальекано
19/12 01:30 Эспаньол 1-1 Валенсия

Ўсмирларимиз спорт курашлари бўйича жаҳон чемпионатида медалларни қўлга киритишди

Баҳо:
+ | -

4-10 сентябрь кунлари Греция пойтахти Афинада спорт курашлари бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Ўзбекистон терма жамоаси мусобақада барча йўналиш, яъни юнон-рум, эркин ва аёллар кураши бўйича баҳсларда иштирок этди. Жаҳон чемпионати 2000-2001 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида ташкил этилган бўлсада, айрим терма жамоалар 2002 йил таваллуд топган ўсмирларни ҳам таркибга киритишганди. Ўзбекистон спорт курашлари Ассоциацияси раҳбарияти ва терма жамоамиз мураббийлар штаби муносиб захира яратиш ва ёш спортчиларнинг халқаро тажрибасини ошириш мақсадида делегациямиз таркибига 2002 йилда туғилган ўсмирларни ҳам киритишганди.

Улардан бири Умиджон Жалолов эркин кураш бўйича ўтказилган баҳсларда финалга қадар етиб бориб, якунда кумуш медаль соҳибига айланди. -42 кг. вазн тоифасида гиламга чиққан Умиджон мўғулистонлик Хишигдош Батбаярни 10:0, эронлик Меҳрдод Маҳди Вейсини 4:1, грузиялик Георгий Тчоладзени 6:4, ярим финалда эса туркиялик Юсуф Эричелни 10:0 ҳисобида таслим этиб, ҳал қилувчи баҳсга етиб келди. Финалда ҳамюртимизга озарбайжонлик Алиҳасан Амирли рўбаро келди. Жалолов ўзидан бир икки ёш катта спортчиларга қарши саралаш баҳсларида анча фаол ҳаракат қилиб, рақибларини ортиқча қийинчиликсиз мағлубиятга учратган эди ва шу боисдан ёш полвонимиз олтин медаль учун асосий даъвогар бўлиб турганди. Афсуски финалда Умиджон ноҳолис ҳакамлик қурбонига айланди. Баҳс 1:0 ҳисобида озарбайжонлик спортчи фойдасига ҳал бўлди.

Эркин кураш, қолаверса ўсмирлар ўртасида баҳс камдан кам холларда 1:0 натижаси билан тугайди. Ушбу бир очко ҳам ҳакамлар томонидан Алиҳасан Амирлига усул қўллагани учун эмас, балки Умиджоннинг пассив ҳаракатлари эвазига берилгани эътиборга молик. Ҳуллас умидли спортчимиз Умиджон Жалолов жаҳон чемпионатининг кумуш медали билан чекланишга мажбур бўлди. Мутахассислар эса ҳамюртимизни ёрқин келажак кутаётганлиги, унинг асосий ғалабалари олдинда эканлигини таъкидлаб ўтишди.

-50 кг. вазн тоифасида кураш олиб борган Фаррух Шарипов эса бронза медали билан тақдирланди. Ярим финалга қадар Фаррух Венгрия ва Монголия терма жамоалари вакилларини мағлубиятга учратди. Финал йўлланмаси учун кечган баҳсда россиялик рақиби, амалдаги Европа чемпионига имкониятни бой берди. Бронза медали тақдири ҳал бўлган беллашувда эса ҳамюртимиз туркиялик Доган Карадан устун келди.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, ўсмирлар ўртасидаги 2017 йилги жаҳон чемпионати синов тариқасида янгича тизимда ўтказилиб, 2018 йили январдан спорт курашлари бўйича барча халқаро мусобақалар ана шу тизим асосида ташкил этилади. Унга кўра ҳар бир йўналиш бўйича кураш 2 кун давомида бўлиб ўтади ва спортчиларнинг вазни ҳар куни қайтадан ўлчанади. Янги тизим Европа чемпионати давомида қўлланилди, аммо осиёлик полвонлар учун бу тизим янгилик ҳисобланади.

Манба: olympic.uz
Киритилди: 16:50, 11.09.2017.
Ўқилди: 3103 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.