Шу йилнинг 9 сентябрь куни бўлиб ўтган Asian Fight мусобақасига чипта харид қилган ўзбекистонликлар ўзини алданган деб ҳисобламоқда.
Бу ҳақда «Kommersant.uz» хабар берди.
Боиси, турнирга аввалдан ваъда қилинган машҳурлар кела олмагани етмаганидек, Тошкентга кела туриб, Стивен Сигал ҳам «Бунёдкор»га ташриф буюрмаган. Ташкилотчилар эса Сигал стадионга келиши борасида ҳеч қандай ваъда бермаганмиз, деб иддао қилган.
Азиза Мамбекова мақоласида қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда эътироз фақатгина меҳмонлар юзасидан эмас, балки, ташкилотчилик борасида ҳам Asian Fight турнирида қатор муаммоларни кўриш мумкин эди.
Жанг санъатлари бўйича ўтган халқаро турнир Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси, Шарқона яккакураш ва жанг санъатларини ривожлантириш маркази, Ўзбекистон пенчак-силат федерацияси ҳамда Uzmobile компанияси томонидан ташкил этилган. Унда маҳаллий спортчилар билан бир қаторда, Сингапур, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон, Озарбайжон, Россия ва Кипрдан спорт усталари қатнашди.
«Тадбирнинг ташкилий савияси томошабинларда кўп эътирозлар уйғотди», деб ёзилади мақолада. Мусобақага тайёргарлик босқичидаёқ шубҳалар туғила бошлади. Ташкилотчилар турнирга Голливуд актёри Жан Клод Ван Дамм, MMAда тўрт карра чемпион Фёдор Емельяненко, таниқли жангчи Жефф Монсон, дунёга машҳур диджей Armin Van Byuren келишини эълон қилгандилар.
Кейинроқ Емельяненко ҳам, Van Byuren ҳам Тошкентга келмаслиги маълум бўлди. Тадбирга икки кун қолганида ташкилотчилар океан ортидан келадиган энг асосий меҳмон — Жан Клод Ван Дамм ҳам мусобақага ташриф буюра олмаслигини маълум қилди. Шу билан бирга, ташкилий қўмита сўзларига кўра, Монсон билан шартнома ҳам бекор қилинибди. Ван Дамм ўрнига жангари фильмлари билан шуҳрат қозонган бошқа юлдуз — Стивен Сигал таклиф қилинди. У Uzmobile акцияси ғолибини тақдирлаши ва унга «олтин рақам» топшириши керак эди.
Актёр Тошкентга келди, Тошкент давлат санъат институтига, Babos от клубига, «Ўзбегим» анъанавий маданият фестивалига ташриф буюрди, лекин мусобақада кўринмади — юлдузни кўриш истагида бўлган томошабинлар умиди пучга чиқди.
Стивен Сигал билан туркум савол-жавоблар ўтказилиши керак бўлган матбуот анжумани бир соатга кечиктирилиб, юлдузнинг ўзисиз бошланди. Пенчак-силат федерацияси вакиллари охирги дақиқаларгача Сигал мусобақага келишини таъкидларди. Кўнгиллиларнинг баъзилари у аллақачон стадионда эканлигини, унинг тансоқчиларини кўрганликларини айтишди. Бироқ, кейинроқ, «Kommersant.uz» федерация матбуот котиби Жамшид Ҳожиакбаровга мурожаат қилиб, нима сабабдан машҳур актёр Asian Fight’га келмаганлигини сўраганда, «Биз Сигал стадионга келади, деб ваъда бермагандик», деган жавобни олди.
Жангларнинг ташкил этилиши ҳам кўп саволлар туғдирди. Баъзи курашчилар қандай тартибда ва кимга қарши рингга чиқиши ҳақида огоҳлантирилмаганди. Бундан ташқари, шоуга Ўзбекистон вакилларидан бири — муай-тай бўйича кўп карра жаҳон чемпиони Анвар Бойназаров ҳам келмади.
Мусобақа вақтида аксарият журналист ва фотографлар ОАВ учун махсус ажратилган жойга киритилмаган. Муаллиф воқеалар кечишини энг чекка қаторда, зерикиб ўтирган ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари билан бирга кузатишга мажбур бўлган. Ташкилотчилар вақтни чўзиш мақсадида саҳнага машҳур қўшиқчини чиқармоқчи бўлганида, «Артистларни эмас, спорт мусобақасини кўргани келганмиз», — деган ҳайқириқлар эшитилган. Тадбир якунида, анча ҳувиллаб қолган стадионда россиялик ижрочи Loc Dog бир нечта қўшиқ куйлаган.
Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларга кўра, мусобақага чипта харид қилган кўплаб томошабинлар ўзларини алданган санамоқдалар. Ташкилотчилардан бу вазият бўйича изоҳ олишнинг ҳозирча иложи бўлмади. Ташкилий қўмита вакиллари алоқага чиқмаяпти, — деб мақолага якун ясалган.