Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Даврон Чориев: «Мендезнинг ўрни билиняпти»

Баҳо:
+ | -

Футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 24-31 август кунлари Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бир ҳафталик ўқув-машғулот йиғинини ўтказиб қайтди.

Баҳодир Аҳмедов шогирдлари Россия клублари билан ўртоқлик учрашувларида куч синашишди. Бу баҳслар 16-26 сентябрь кунлари Туркманистон пойтахти Ашхободда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинлари ҳамда футзал бўйича 2018 йилги қитъа чемпионати саралашига тайёргарлик вазифасини ўтаб берди.

Терма жамоамиз Екатеринбургда Россия чемпионатида кучли учликда бораётган «Виз-Синара» клубига қарши иккита ўйинда майдонга тушди.

Мезбонлар илк учрашувда 5:2, иккинчисида эса 7:0 ҳисобида зафар қучишди. Биз йиғин якунида термамиз етакчиларидан бири Даврон Чориевдан интервью олдик.

- Даврон, Россия йиғини қандай ўтди? Ўртоқлик учрашувларидан мураббийлар ва шахсан ўзингизнинг кўнглингиз тўлдими?

- Ҳаммаси ажойиб ўтди, дейиш мумкин. Назорат баҳсларидаги рақибимиз Россиянинг кучли учта жамоасидан бири ҳисобланади. Таркибида мамлакат термаси аъзолари бор.

Олдимизга қўйилган асосий вазифа бу ўйинлар орқали тажриба ошириш, ҳозирги имкониятларимизни синаб кўришдан иборат эди. Қайсидир маънода бунга эришдик, деб ўйлайман.

- Иккала учрашувда ҳам йирик ҳисобда ютқаздинглар. Мағлубият сабабларини таҳлил қилдингларми?

- Эски камчилик - ўйин давомида юзага келтирган хавфли вазиятларни голга айлантира олмаслик панд бермоқда. Бу бизга Колумбиядаги жаҳон чемпионатида ҳам халақит қилганди.

Қолаверса, ҳимоядаги хатолар мағлубиятимизга сабаб бўлди. Шунингдек, жисмоний ҳолатимизда муаммолар борлиги кўзга ташланиб қолди. Айниқса, иккинчи бўлимда толиқиш сезилди ва бунинг оқибатида ҳужумларни якунлашда оқсадик.

- Россия клуби таркибида легионерлар бормиди?

- Йўқ.

- Мана шу икки ўйиндан келиб чиқиб, Россия футзалига қандай таъриф берасиз? Биздан қайси жиҳатларда устунликка эришишди?

- Ушбу мамлакат термасининг қандай кучга эканлигини ҳамма билади. Бу жамоага ортиқча таъриф бериш шарт бўлмаса керак. Жаҳон рейтингида ҳамиша юқори ўринларда юради. Улар жаҳон ва Европа чемпионатларида мунтазам равишда иштирок этиб келишяпти.

Энг муҳими, футзал бўйича Россия чемпионатидаги барча ўйинларнинг тоза вақти 50 дақиқадан иборат. Яъни жамоалар 25 дақиқадан иборат икки бўлим мобайнида майдонда ҳаракат қилишади. Бу ўз ўрнида футзалчиларнинг жисмоний ҳолати янада яхшиланишига олиб келади.

Бошқа давлатларда, хусусан, Ўзбекистонда 20 дақиқадан иборат икки бўлимли тизимга амал қилинади. Балки бизда ҳам шундай йўлдан борилса, мақсадга мувофиқ бўлармиди.

Ишончим комил, бу ўзгариш тезда ўзининг ижобий натижасини беради. Зеро, ўйинларни таҳлил қилиш асносида айнан жисмоний томондан рақибларга ютқазаётганимиз кўзга ташланяпти.

- Терма жамоамиз таркибидаги ёш футзалчилар қандай таассурот қолдиришди?

- Менимча, ёмон ўйнашмади. Халқаро тажрибанинг йўқлигини инобатга олмаса, илк таассурот ижобий. Улар ўз устиларида ишлашда давом этишса, албатта, юқори натижаларга эришишади.

- Куни кеча Ашхободда ўтадиган Осиё ўйинларига қуръа ташланди. Гуруҳимиз ҳақида қандай фикрдасиз?

- Ҳисоб бўйича бешинчи Осиё ўйинларининг футзал мусобақасида иштирок этамиз. Қуръа натижасига кўра, «B» гуруҳида Хитой, Афғонистон, БАА ва Мальдив термаларига қарши тўп сурадиган бўлдик.

Турнирда 18та жамоа 4та гуруҳга бўлинган ҳолда баҳсларга киришади. Иккита гуруҳда бештадан, қолганида тўрттадан жамоа ўрин олган. Бизнинг квартетда 1|4 финалга бериладиган иккита йўлланма учун 5та жамоа курашади. Олдимизда турган биринчи вазифа - гуруҳ босқичини муваффақиятли якунлаб, чорак финал йўлланмасини қўлга киритиш.

Кейин эса чемпионлик учун курашамиз. Асосий рақибларимиз Хитой ва БАА бўлса керак. Лекин охирги қитъа чемпионатида афғонистонликлар ҳам қандай кучга эга эканликларини кўрсатиб қўйишди.

- Хосе Мария Мендез кетганидан кейин нималар ўзгарди? Унинг ўрни билиняптими?

- Албатта, сезиляпти, лекин ҳаёт давом этади. Термамизнинг ҳозирги услуби Мендез жорий қилган тактик схема асосида давом эттириляпти. Мураббийимиз Баҳодир Аҳмедов бир неча йил давомида испаниялик мутахассиснинг ёнида ишлаб, катта тажриба тўплади.

Ўйлайманки, Ашхободдаги Осиё ўйинларида ижобий натижа қайд эта оламиз. Қолаверса, қитъа чемпионати саралаш баҳслари ҳам бор. Аввалги мусобақада йўл қўйилган хато ва камчиликларимизни жуда яхши биламиз. Бундан тўғри хулосаларни чиқариб, ишлашда давом этамиз.

Таъкидлаш жоизки, ҳозир термада авлодлар алмашинуви даври. Ке-йинги мундиалга саралаш вазифасини ўтовчи Осиё чемпионатида жамоамизнинг анчагина ёшартирилган таркиби қатнашади. Шуни инобатга олиб, мураббийларимиз таркибга ёш футзалчиларни ҳам жалб этишяпти.

Албатта, режа тўлиқ амалга ошиши учун озгина вақт керак. Умид қиламанки, мазкур жараён халқаро майдондаги натижаларимизга салбий таъсир ўтказмайди.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:41, 13.09.2017.
Ўқилди: 3638 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.