Ўзбекистонлик чарм қўлқоп устаси Жамшид Нажмиддинов WBC чемпионлик камарининг собиқ эгаси, украиналик Виктор Постолга қарши рингга чиқди ва мағлуб бўлди.
Украина пойтахти Киевда ўтган жанг реферилари очиқчасига мезбон боксчига ён босди, деб ҳисобловчилар кўпчиликни ташкил қилаётганини ижтимоий тармоқлардаги изоҳлардан ҳам билиш мумкин. Чунки Жамшид Нажмиддинов рақиби Постолни икки бор нокдаун ҳолатига тушириб қўйган, аммо якунда ғолиблик мезбон спортчига насиб қилган, деб «Дарё»га мурожаат қилди журналист Аҳмад Эшматов.
63,5 килограмм вазн тоифасида жанг қилувчи Жамшид Нажмиддинов бунгача кўпчилик учун нотаниш бўлган. Ваҳоланки, шу вақтга қадар боксчи 14 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида рақибларидан устун келганди. Шуларнинг 9 тасида қаршисида турган боксчиларни нокаутга учратган. Киевдаги жанг Нажмиддинов учун фаолиятидаги биринчиси бўлди.
Профессионал боксдаги фаолиятини «Темурланг» промоутерлик клуби билан ҳамкорликда давом эттираётган Нажмиддинов AFCA камарининг амалдаги соҳиби ҳисобланади.
Украиналик Виктор Постоль бокс оламида анча машҳур. У 2015—2016 йилги мавсумларда WBC чемпионлик камарини муносиб ҳимоя қилган. 2016 йилнинг 23 июль санасида Тренси Кроуфорд билан жангда камаридан айрилган. Ўша мағлубият унинг учун ягона бўлиб турибди.
"Жанг муросасиз ўтди. Жамшид ғалаба қозонганини бутун Украина халқи кўрди ва эътироф этди. Жангдан сўнг мухлислар «Янги Пакьяо», «Янги чемпион», деб уни олқишладилар. Қолаверса, ушбу бокс кечасини ташкил қилган промоутерлар ўзлари келиб, ҳакамлик учун узр сўрашди. Ўйлайманки, бу холат келажакдаги улкан ғалабалар учун сабаб бўлади" - деди Хусрав Насруллаев, «Темурланг» промоутерлик клуби раҳбари.