Яъни ўша номзод футболчининг акаси ёки укасига ҳам шартнома таклиф қилиш умумий вазиятга ижобий таъсир этиши ҳеч гап эмас. Қуйидаги мисоллар бунга далолат.
Кристиан ва Жонатан Бентеке
Жонатан Бентеке ва «Цульте-Варегем» (Бельгия) ўртасидаги шартнома муддати ўтган йили ёзда тугади ва футболчи акаси - Кристиан ортидан тўғри «Кристал Пэлас» сафига қўшилди. Аммо Англияда 22 ёшли ҳужумчини оғир ҳаёт кутиб турарди.
Ҳар ҳолда, 17та ўйинда майдонга тушиб, лоақал 1та гол урмаган футболчининг савияси Лондон клубига мувофиқ эмаслиги шундоқ сезилиб турарди. Аммо машҳур фамилия унга қўл келиб, яна бир йил жамоада қолди.
Тўғри, Жонатан мавсум-2016|2017 мобайнида атиги битта ўйинда кўриниш берди, холос. Аниқроғи, «Мидлсбро»га қарши кечган ва «Пэлас»нинг чиройли ғалабаси билан тугаган учрашувда ўз акаси ўрнини эгаллаб, 6 дақиқагина ҳаракатланди. Мавсум якунида эса уни қўйиб юборишди.
Жанлуижи ва Антонио Доннарумма
«Милан» ёзда вундеркинд-дарвозабон - Жанлуижи Доннаруммани таркибда олиб қолиш йўлида анча жиддий ишлашига тўғри келди. Ҳаттоки, ёш кипернинг кетишига шубҳа ҳам қолган эмасди, аммо клуб раҳбарияти вақтида зарур чораларни кўрди ва Миланда ортиқ ўйнамаслигини ошкора айтаётган «Жижи-2» 4 йиллик янги шартнома остига имзо чекишдан ўзини тийиб туролмади.
Гап шундаки, «россонерлар» унинг акаси - Антониони ҳам жамоага қабул қилишди. Бу футболчи Жанлуижидан деярли 10 ёш катта ва ёшлар жамоасида узоқ вақт «ўтириб» қолгач, 2012 йили миланликлар билан хайрлашганди.
Яъни унга «Милан»нинг асосий таркибида майдонга тушиш насиб этган эмасди. Айтганча, Антонио ўтган мавсум Грециянинг «Астерас» клуби шарафини ҳимоя қилди. Энди эса иқтидорли укаси шарофати билан яна «Милан» сафига қайтди.
Роке ва Хулио Санта Крус
Роке Санта Крус «Блэкберн» сафига 2007 йили қўшилди, бунгача эса нақ 8 мавсум машҳур «Бавария» ўйинларида жавлон урганди. Англия жамоасидаги дебюти ҳам чакки чиқмади - парагвайлик ҳужумчи илк мавсумда 19та гол урди.
Умуман, унинг иқтидорига ҳеч ким шубҳаланмасди, хусусан, Марк Хьюз ҳам. Хуллас, ушбу мураббий 2009 йили Рокени «Манчестер Сити»га таклиф қилди. Аммо голеадор ҳужумчининг укаси - Хулио савияси бўйича шубҳалар етарли эди. Бу кейинчалик ўз тасдиғини топди ҳам - 2008 йили акаси ортидан «Блэкберн»га жойлашган футболчи ҳеч нимага эриша олгани йўқ.
Хулио Англияда 3 йил яшаган бўлсада, бировнинг хотирасида қолмади, чунки асосий жамоа сафида лоақал бир марта майдонга тушмади, ўринбосарлар таркибида ҳам аҳён-аҳёнда кўриниш бериб турди, холос. Хулио якунда Парагвайга қайтди ва айни пайт «Депортиво Капиата» жамоасида ўйнамоқда.
Кларенс ва Седрик Зеедорф
ЧЛнинг 4 карра ғолиби Кларенс Зеедорф кўринишидан, шартнома тузиш чоғи клублар олдига укаси Седрикни ҳам иш билан таъминлаш шартини қўйган, шекилли. Ҳар ҳолда, кенжа Зеедорф аввалига «Реал» ёшлар академияси жамоасида ўйнади, кейин Кларенс ортидан «Интер»-га борди.
Шундан сўнг маълум муддат Голландия ва Италиянинг номи чиқмаган клубларида акасисиз тўп сурган Седрик бирданига яна катта доирада пайдо бўлди. Оддий айтганда, Кларенс «Милан» билан шартнома тузгач, жонажон укасини олдига чақириб олди.
Рафаэль ва Фабио да Сильва
Бразилиялик ёш ака-укалар - Рафаэль ва Фабио «Манчестер Юнайтед» таркибига бир вақтда, яъни 2007 йили қўшилишди. Муҳими, ҳар иккиси ўз иқтидорини имкон қадар кўрсата олди. Тўғри, Фабио доимо акаси соясида қолгани ҳам рост.
Таққослаш учун айтсак, Рафаэль «қизил иблислар» либосида 170 марта майдонга тушган бўлса, Фабио атиги 56та ўйинда қатнашиш билан чекланди. Рафа айни пайт Францияда «Лион» шарафини ҳимоя қиляпти, укаси эса чемпионшип вакили - «Мидлсбро»да қайта бош кўтаришга уринмоқда.
Кака ва Дигао