Олий лигадан ўрин олган “Навбаҳор” – “Пахтакор” (2:0) учрашувидан сўнг, меҳмонлар ҳужумчиси Неманья Йовановичдан қисқача интервью олдик.
Дастлаб бугун беллашув таассуротлари ҳақида гапирсангиз?
- Бугун жуда интенсив ўйин бўлди. Аммо биз майдонда жанговор ҳарактер кўрсата олдик. “Пахтакор”га нисбатан яхши ўйин намойиш этдик ва ҳақли равишда ғалаба қозондик.
“Навбаҳор” ниманинг эвазига “Пахтакор”ни мағлуб этди?
- Бизда авваламбор ўзимизга бўлган ишонч юқори эди, майдонга кўтаринки руҳда чиқиб, ғалаба қозондик. Шуни айтишим керакки, Ўзбекистонда мағлуб этиб бўлмайдиган жамоанинг ўзи йўқ. Фақат зафар қучишни чин юракдан истаб, шу сари ҳаракат қилиш керак. Жамоа ғалабасининг бош омили бу бирдамлик деб ўйлайман, майдонга биргаликда чиқдикми, демак бир-биримизни қўллаймиз. Шу жиҳат ҳам асосий омил бўлди деб айта оламан.
Сизнингча, бугунги рақиблар мавсумни нечанчи ўринда якунлашади?
- “Пахтакор” ва “Навбаҳор”нинг мавсумни нечанчи ўринларда якунлаши борасида аниқ бир нарса дея олмайман. Сабаби, “шерлар” ва бизнинг мақсадимиз бошқа. Улар чемпионлик учун курашишмоқда, биз эса кучли бешлик учун.