Кеча Африка қитъасида бўлиб ўтган ЖЧ-2018 саралаш баҳсларининг бирида можаро келиб чиқди. Уганда ва Гана терма жамоалари ўртасидаги учрашувнинг қўшимча дақиқалари якунланаётган пайтда меҳмонлар гол уришга муваффақ бўлишди. Аммо ҳакамлар бу голни инобатга олишмади.
Ганалик футболчи олис масофадан дарвоза томон зарба берди. Дарвозабон қайтарган тўпни ҳужумчи дарвозага жойлаб қўйди. Лайнсмен дарҳол байроқчасини кўтариб, қўпол хатога йўл қўйди. Боиси, зарба берилаётган пайтда ҳужумчи офсайд ҳолатида эмасди.
Гана футбол федерацияси ФИФАга мурожаат йўллаб, мазкур ўйинни қайтадан ўтказишни сўради. Учрашувни ЖАРлик ҳакам Дэниэл Беннет бошқариб борганди.
Мазкур дурангдан кейин Гана терма жамоаси ЖЧ-2018 йўлланмасидан деярли маҳрум бўлди. Жамоа 5та ўйиндан кейин 6 очкога эга бўлиб турибди. Уганда ҳисобида эса 8 очко бор. Ҳозирда 9 очко билан гуруҳ пешқадами бўлиб турган Миср 5-тур баҳсини бугун Конгога қарши ўтказади. Ушбу ўйиндаги ғалаба мисрликларга муддатидан аввал ЖЧ-2018 йўлланмасини тақдим этади.
Эътиборли томони шундаки, Миср бугун ғалаба қозонса, Уганда-Гана учрашувини қайта ўтказиш кўпроқ угандаликларга наф бериши мумкин. Боиси, мисрликлар Конгони мағлуб этишса, Гана ҳар қандай ҳолатда ҳам Мундиал йўлланмасидан маҳрум бўлишади. Такрорий ўйин ўтказилсаю, Уганда Ганани мағлубиятга учратса, сўнгги тур олдидан Россия-2018 йўлланмаси учун имкониятни сақлаб қолади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ФИФА ЖЧ-2018 саралаш босқичи доирасида ЖАР – Буркина-Фасо баҳсини қайта ўтказиш ҳақида қарор чиқарганди.