Келиб чиқиши исландиялик бўлган футболчи Аарон Йоханнсон мавзуси ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда. Сабаби оддий, Исландия термаси Жаҳон Чемпионатига йўлланма олди. Бироқ Йоханнсоннинг ўзи мундиалда иштирок эта олмайди.
Чунки у аллақачон АҚШ миллий терма жамоаси сафида майдонга тушиб улгурганди. «АҚШ билан Жаҳон Чемпионатида ғолиб чиқиш имконияти Исландия билан бахтга эришишдан юқорироқ», — деб ҳазил аралаш қарорига изоҳ берганди футболчи.У 2011 йил Исландия ёшлар термасидаги ўйинлари билан танилди. 2012 йилга келиб эса миллий терма жамоадан таклиф тушди. Аммо ўйин арафасида жароҳат олиб, Албания ва Швейцария термаларига қарши ўйинларда иштирок эта олмади.
2013 йилнинг майига келиб АҚШ термасини бошқараётган германиялик мутахассис Юрген Клинсманн Йоханнсонга таклиф билан чиқиб, уни Америка термасига чақирди. Футболчи эса бунга рози бўлиб, юқоридаги гапларни айтди.
Воқеалар ривожи ажойиб кўриниш олди. Исландия термаси ЖЧ—2018 чиптасини қаҳрамонларча қўлга киритди. АҚШ эса мундиал йўлланмасидан ачинарли тарзда қолиб кетди.