“Нефтчи” – “Насаф” учрашуви якунига етгач, жамоамиз устози Рўзиқул Бердиев журналистлар билан ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
-Учрашувда учта тўп фарқи билан ғалабага эришдик, аммо бу биз учун осон бўлгани йўқ. Чунки, “Нефтчи” жамоаси ҳам яхшигина голли вазиятларга эга бўлишди. Агар ўша вазиятларни голга айлантиришганда, ҳисоб бошқача ҳам бўлиши мумкин эди. Бугун қайсидир маънода омад биз томонда бўлди, шуни эвазига ғалаба қозондик. “Нефтчи” жамоасида умидли ва иқтидорли ёш футболчиларни кўрдик. Улар ҳам бугун яхши ўйин намойиш этишди.
Легионерларни танлашда нимага эътибор берамиз? Албатта легионер танлаш жуда оғир масала. Бизнинг чемпионатимизга савияли легионерлар керак. Биз кўп вақт танлаган ўйинчимизни кузатамиз, мураббийларимиз билан бирга бу футболчини ўйинларини кўриб чиқамиз, статистикасини ўрганамиз, ўйинчининг майдондаги ҳаракатларини муҳокама қиламиз ва кейин қарор қабул қилиб, музокара қиламиз. Биз бир жиҳатга кўпроқ эътибор берамизки, яъни танлаган ўйинчимиз жамоамиз ўйинига мос тушиши керак. Одатда бундай футболчини жамоамизга жалб қилганимизда, у тезда жамоага қўшилиб кетади.
Жамомизни тарк этган ўйинчиларнинг ўрнини тўлдиришда, кўпроқ ўзимизни ёшларга эътибор қаратаяпмиз. Бу клубимизнинг устувор йўналиши ва сиёсати ҳисобланади. Бунда фақат мен эмас бошқа мураббийлар ҳам кўп меҳнат қилишаяпти. Оқибатда жамоамиз барқарор ҳолда фаолият юритаяпти.