Грузиянинг “Чихура” клуби футболчилари жойлашган микроавтобус Хашури шаҳридан узоқ бўлмаган ҳудуд атрофида йўл-транспорт ҳодисасига учради.
Маълум бўлишича, “Чихура” аъзолари 22 октябрь куни Тбилисига қайтиб келишган бўлиб, улар маҳаллий чемпионатнинг 21-тур доирасида Батумининг “Динамо” клубига қарши майдонга тушишган ва 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, хурсандчилик кайфиятида ортга, яъни ўз шаҳарлари Сачхерега қайтишаётган бўлишган.
Жамоа раҳбариятининг айтишича, ЙТҲ оқибатида автобус ичида бўлган футболчилардан ҳеч қайси бирига сезиларли даражада шикаст етмаган. Фақат клуб сардори Шота Кашия елка қисмидан жиддий жароҳат олган.
Эътиборли томони, Шота Кашия кеча ўзининг 33 ёшини нишонлаганди. У футбол бўйича Грузия терма жамоасининг собиқ сардори Гурам Кашиянинг укаси ҳисобланади.
Маълумот учун, “Чихура” жамоаси Грузия маҳаллий чемпионатида 21 турдан сўнг 46 очко жамғариб, олтинчи ўринни эгаллаб турибди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 октябрь куни Грузиянинг “Зугдиди” жамоаси дарвозабони Шота Маминашвили ўйиндан олдин ўтказилган машғулотларда ҳушини йўқотиб, номаълум сабабларга кўра вафот этгани ҳақида хабар бергандик.