Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Музаффар Музаффаров: «Ёшликдан «Нефтчи» сафида ўйнашни орзу қилганман»

Баҳо:
+ | -

Футболимизда истеъдодли  ёшлар кўп. Аввало, уларни излаб топиш, кейин эса юзага чиқариш муҳим. Асосан натижага эътибор қаратадиган мураббийлар ёшларга имконият тақдим этишга шошилишмайди.

Бироқ таваккалчиликдан чўчимайдиган устозлар ҳам йўқ эмас. Табиийки, бу ўз самарасини узоқ куттирмайди.

Мавсум аввалида «Нефтчи» сафига қўшилган ярим ҳимоячи  Музаффар Музаффаровни айнан мураббий ишончи шу даражага олиб чиқди. Дарвоқе, суҳбатимизда унинг босиб ўтган йўли хусусида сўз боради.

-  Музаффар, футбол - ўғил болаларнинг ёшликдаги энг севимли ўйини. Аниқки, футбол сизни ҳам эсингизни танир-танимас ўзига сеҳрлаган бўлса керак...

-  Биласиз, дадам Мурод Исмоилов- футбол одами. Жуда ёш пайтимданоқ, у киши мени ўз ўйинларига олиб борарди. Машғулотларини, тўпни маҳорат билан ўйнатишини кўриб, миллионлар ўйинига меҳрим тушган.

6 ёшга тўлар-тўлмас Марғилондаги футбол мактабига қатнай бошлаганман. Биринчи мураббийим Валерий Сидинов.

-  Марғилон футбол мактабида юрган болакай бирданига «Пахтакор» академиясига  бориб  қолдими ёки кимдир тавсия этган?

-  2005 йилда Тошкентда ёш футболчилар ўртасида биринчилик бўлиб ўтганди. Ўша мусобақада «Пахтакор» тарбияланувчиларига қарши  тўп сургандик.

Айнан мана шу ўйинда «Пахтакор» академияси мураббийлари  ҳар бир болани диққат билан кузатишган экан. Менинг ҳаракатларим уларга маъқул келиб, академияга таклиф қилишган. Шу тариқа  «Пахтакор»да 2012 йилга қадар шуғулландим.

- Сиз аввалдан  ярим ҳимоячи позициясида ўйнайсизми? Мураббийлар сизни бошқа чизиқларда ҳам синаб кўришмаганми?

- Ёшлигимдан тўп билан кўпроқ ҳаракатланишни ёқтирардим. Шу сабабли мураббийлар мени бошиданоқ майдон марказида ўйната бошлашган. 

- Ёшлик пайтингизда қайси машҳур футболчиларга ҳавасингиз балан эди? Кимлардан ўйин пайти бажарадиган ҳаракатларини ўрганишга ҳаракат қилардингиз?

-  Менга  Пол Скоулзнинг ўйинлари завқ улашарди. Унинг  майдонда эркин ҳаракат қилиши, жамоадошларини узун ва қисқа паслар билан жуда моҳирона тарзда таъминлаши мени лол қолдирарди.

Айниқса, кутилмаганда рақиб дарвозасига хавф солишини ўзлаштиришга ва ўйинларда синаб кўришга уринганман. Ҳозирги пайтда эса «Реал» аъзоси Лука Модричга ҳавасим баланд. Имкони борича, унинг ҳар бир ўйинини қолдирмасликка,  ҳар ҳаракатини ўрганишга уринаман.

- Илк профессионал фаолиятингизни Жиззахнинг «Сўғдиёна» жамоасида бошлагансиз.  Шундайми?

- Аслида илк бор «Нефтчи»дан таклиф олгандим.  Бир муддат фарғоналикларнинг ўринбосарлари  сафида ўйнадим. Кейин эса Баҳром Ҳайдаровнинг маслаҳати ва таклифи билан «Сўғдиёна» сафига бориб қўшилдим.

Бу ўз вақтида қабул қилинган тўғри қарор эканлигига кейинчалик амин бўлдим. Зеро, «Сўғдиёна»да менга кўпроқ ўйин амалиёти беришди.

- Жиззахда ўйнаб, анча ўсишгаэришдингиз. Эски жамоани тарк этиш осон бўлмагандир...

- Ҳа. Даврон Файзиев ёшларга қўрқмасдан имкон берар эди. Мени  аввалига захирадан ўйинга қўшарди. Ишонч ҳосил қилгач эса, тез-тез асосий таркибда майдонга туширадиган бўлди.

Агар футболчи қанча кўп ўйинда иштирок этса, унинг ҳаракатлари, майдонни кўра билиш қобилияти ҳамда шерикларини тушиниши такомиллашиб боради. Шунинг учун ҳам «Сўғдиёна»даги фаолиятимдан кўнглим тўлди, дея оламан.

- «Нефтчи» сафига келиб қўшилишингиз сабаби Даврон Файзиевнинг «Сўғдиёна»дан кетишига боғлиқ эмасми?

- Йўқ, асло.  Фарғоналикман. Қолаверса, «Нефтчи» яқин-яқингача ҳам юртимизнинг энг номдор жамоаси саналарди.

Ҳар бир ёш футболчи  ушбу жамоа сафида ўйнашни орзу қилгани, шубҳасиз. Мен ҳам ўшалар сафида эдим. Бир кун келиб «Нефтчи» жамоаси либосини кийишни жуда хоҳлаганман.

- Бироқ шонли тарихга эга  «Нефтчи» бу мавсумни жуда ёмон ўтказмоқда...

- Афсуски, шундай. Тўғриси, жамоамиз ўйин бобида рақибларидан анча ортда эмас. Фақат аксарият учрашувларда омад биздан очиқчасига юз ўгирмоқда. 

Баъзиларида эса умуман кутилмаган вазиятларда гол ўтказиб юбориб, мағлубиятга учраяпмиз. Бироқ ҳали ҳаммаси ўз ўрнига тушиб кетишига ишонаман.

Жамоа ўйини секин-аста такомиллашмоқда. Насиб этса, «Нефтчи» олий лигадаги ўз ўрнини, албатта, сақлаб қолади.

- Дадангиз эътиборидан ҳар бир ҳаракатингиз четда қолмаса керак. У киши билан ўйинингиз хусусида суҳбатлашиб турасизми?

- Дадам билан футбол ҳақида суҳбатлашиш жуда мароқли. Дадам менинг - биринчи танқидчим ва маслаҳатчим. Ҳар бир ўйиндан кейин албатта, ўз фикрини билдиради: қаерда хатога йўл қўйдим, қайси вазиятда қандай қарорга келишимгача айтади.

- Музаффар, футболчи сифатида ўз олдингизга қандай мақсад қўйгансиз?

- Ҳозирда 22 ёшдаман.  Айни кучга тўлган ва маҳоратимни сайқаллаштирадиган пайтим. Бунинг учун кунни тунга улашга ҳам тайёрман.

Мақсадим аниқ: бир кун албатта, миллий терма жамоамиз либосида майдонга тушишни истайман. Ва бош жамоамиз сафида жаҳон чемпионатида иштирок этишни орзу қиламан.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 16:59, 24.10.2017.
Ўқилди: 1994 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.