Куни кеча Ўзбекистон биринчилигида иштирок этаётган "Янгиер" футбол клуби футболчиларидан очиқ хат келиб тушди...
Хатнинг мазмуни шундай:
Ўзбекистон футбол федерацияси
президенти У.М.Аҳмаджоновга
Ҳурматли Умиджон Маҳамаджонович, авваламбор, сизни Ўзбекистон футбол федерацияси президенти лавозимига тайинланганингиз билан самимий табриклаб, мустаҳкам соғлиқ, келгуси меҳнат фаолиятингизда омадлар тилаймиз.
Ўзбекистон футбол федерациясини ўз бошқарувингизга олгач, жуда қисқа муддат ичида кўплаб ижобий ишларни амалга оширдингиз. Таъкидлаш жоизки, сиз футбол тили билан айтганда “Fair Play”га амал қиляпсиз. Яъни, ҳалоллик тарафдорисиз! Ўзбек футболидаги ҳар қандай муаммони беэътибор қолдирмаяпсиз. Аслида, муаммонинг катта кичиги бўлмайди. Қачонки у бартараф этилса, шундагина олдинга қўйилган мақсадга эришиш мумкин. Биз мамлакат биринчилигида қатнашаётган “Янгиер” жамоаси аъзолари ҳам бундай камчиликлардан ҳоли эмасмиз. Маълумки, Сирдарё замини ўзбек футболига кўплаб иқтидор эгаларини етказиб берган. Улар орасида ўсмирлар ва ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати ва Осиё биринчилигида ўз сўзини айтган чарм тўп усталари борлиги қувонварли ҳол, алабатта. Ўз ўрнида жамоамиз аъзолари билан Сирдарё футболи ва “Янгиер” жамоасининг аввалги шон шуҳратини тиклашга бел боғланганмиз. Бироқ жамоамиз молиявий муаммолар гирдобига тушиб қолган. Таркибдаги барча футболчилар йил бошида клуб билан шартнома тузишган. Ўзаро келишув эса юридик ҳужжат ҳисобланади. Бироқ унинг бандлари клуб раҳбарияти томонидан бажарилмаяпти, яъни, биз ўз вақтида ойлик маош ҳамда мукофот пулларини олмаяпмиз. Баъзи кунларда эса сафар учрашувларига борсак, овқатланмаймиз ҳам...
Айтингчи, бундай ҳолатда қандай қилиб футбол ўйнаб, оилани тебратиш мумкин?! Кези келганда, футболчилар орасида оилалилар ҳам борлигини унутмаслик лозим. Токайгача, Сирдарё вилояти ҳокимлиги ва клубга масъуллар ўз ишига панжа орасидан қарашади? Ҳадемай жорий йилги мамлакат биринчилиги ўз поёнига етади. Баъзи жамоалар эса янги мавсум режаларини ишлаб чиқишган. Бизда эса келгуси тақдиримиз қандай кечишини билмаймиз. Ҳатто жамоамиз аъзолари билан ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилмаган.
Умиджон Маҳамаджонович, юқорида кўрсатилган муаммоларни ижобюий ҳал қилишда бизга амалий ёрдам берасиз, деган умиддамиз.
Ҳурмат билан “Янгиер” футбол жамоаси аъзолари:
Акбар Саттаев, Зафар Қорақулов, Асилбек Мансуров, Нодир Давлатов, Артур Маматказин, Уйғун Бобоназаров, Маъруф Тошев, Жавоҳир Комилов, Ҳусан Олимжонов, Абдумутал Турсунқулов, Амирхон Ибрагимов, Бунёд Шодиев, Турсунмурод Ҳамдамов, Шароф Айтбоев, Шаҳзод Ғофурбеков, Аброр Ҳакимов, Аваз Суюндиқов, Фаҳриддин Ҳолиқбердиев, Элбек Жуманов, Азиз Жўрабоев
PS: Stadion.uz сайти “Янгиер” жамоаси билан боғлиқ муаммоларни ўз назоратига олиб, клубнинг келгуси тақдирини кузатиб боради. Ўйлаймизки, ЎФФ раҳбарияти "Янгиер" футболчиларининг эътирозини беэътибор қолдирмайди.