“Эрудит СПОРТ” нашри қуйида томошабоп ўтиши кутилаётган тўқнашувларни ўтказиб юбормасликни тавсия қилади:
“Атлетик” – “Реал” Мадрид
2 декабр, шанба, соат: 00:45
ТВ-трансляция: «UzReport TV»
Ўзаро учрашувлар:
51 ҒАЛАБА 32 ДУРАНГ 89 ҒАЛАБА
Сўнгги учрашув: “Атлетик” – “Реал” Мадрид 1:2 ва 1:2
Имконият: 30/30/40
Жамоаларнинг трансфер қиймати:
“Атлетик” – “Реал” Мадрид
170,60 миллион евро VS 743,80 миллион евро
Ўйин ҳақида икки оғиз:
“Атлетик”ка Эрнесто Вальверде жавоб берганида “Шерлар” камида Европа лигасига йўлланма тақдим этувчи ўринларни эгаллаб турган. Мураббий Хосе Анхель Сиганда қўл остида омади юришмаяпти: тўққиз ўйинда 24 очко йўқотди ва ўн бешинчи ўринга равона бўлди. Бундан ташқари, вазиятлар реализацияси, қанотларни “ёпиш” ва якка курашларда муаммога учраяпти. Фақат бир кўрсаткичда – “иккинчи қаватда”ги курашларда “Басклар”га етадигани йўқ. Энг қизиғи “Реал” Мадриднинг ҳаводаги курашларда омади чопмаяпти (энг ёмон учинчи натижа). “Қироллик клуби”ни изига қайтариш устида бош қотираётган Зиданни қийнаётган муаммо биргина бу эмас. Голли вазият яратишда Примерада “Реал”нинг олдига тушадигани йўқ, аммо ўша имкониятларни кўкка совуришда ҳам мадридликлар энг олди жамоа. Хуллас, тўрт турдан буён уч очко нималигини билмайдиган “Атлетик” ҳамда Ла лига карвонбошисидан ўн очко ортда бораётган “Реал” ўртасидаги кураш томошабоп ўтади.
“Уотфорд” – “Тоттенхэм”
2 декабр, шанба, соат: 20:00
ТВ-трансляция: «Футбол 2»
Ўзаро учрашувлар:
5 ҒАЛАБА 3 ДУРАНГ 12 ҒАЛАБА
Сўнгги учрашув: “Уотфорд” – “Тоттенхэм” 0:4 ва 1:4
Имконият: 30/35/35
Жамоаларнинг трансфер қиймати:
“Уотфорд” – “Тоттенхэм”
150 миллион евро VS 551 миллион евро
Ўйин ҳақида икки оғиз:
Бир қарашда “Тоттенхэм” “Қизил арилар”га қарши матчда ортиқча муаммога учрамайдигандек таасурот уйғотади. Чунки ўттиз икки йилдир-ки “Уотфорд”га енгилмайди. Лекин айни дамда “Сариқ армия” Марку Силва деган “генерал” бошчилигида грандларни “талон-торож” қилмоқда. “Уотфорд” мутасаддилари португал мураббийининг бошидан сув ўгириб ичишга тайёр. Ахир, жамоа сўнгги етти ўйиннинг олтитасида иккитадан кам гол урмаяпти. Яна “Ливерпуль” ва “Арсенал” устозлари ҳам ҳамкасби олдида “шляпасини ечди” (тўрт очко ишлади). Бошқа томондан, маҳаллий мухлислар Почеттинони “Уотфорд” совунига “кир ювишини” кутмоқда. Ўзаро учрашувларда, айниқса, ўтган мавсумда “Тақачилар” рақибини “сочиб ташлаганди”. Мураббий Маурисио ҳам сезиб турибди: рақиб очко улашадиган эмас, очко оладиган жамоага айланган. Шу куни “Тоттенхэм” вакиллари майдон эгаларининг ҳимоясидаги бўшлиқлардан фойдаланишга уринса, “Уотфорд” “иккинчи қаватда”ги курашлардаги устунликка урғу беради.
“Арсенал” – “Манчестер Юнайтед”
2 декабр, шанба, соат: 22:30
ТВ-трансляция: «Futbol TV»
Ўзаро учрашувлар:
60 ҒАЛАБА 43 ДУРАНГ 73 ҒАЛАБА
Сўнгги учрашув: “Арсенал” – “Манчестер Юнайтед” 1:1 ва 2:0
Имконият: 35/30/35
Жамоаларнинг трансфер қиймати:
“Арсенал” – “Манчестер Юнайтед”
508 миллион евро VS 592,75 миллион евро
Ўйин ҳақида икки оғиз:
Қачон-қарама шароитидан нолийдиган Моуриньо “Тўпчилар”нинг тақвимидан норози бўлганди. Энди “Эмирейтс”да “Арсенал”нинг қаршилигини синдиришига тўғри келади. 1152-ўйинга ҳозирлик кўраётган Арсен Венгер эса пинагини бузгани йўқ. Клуб олтинчи ўриндан нарига ўтолмаётганига қарамай, ўз уйида рақибларини “патини юляпти”: олти ўйин ва ўн саккиз очко. Умуман, майдонидаги мағлубиятсиз ўйинлар серияси 11 учрашувга етган. Қолаверса, меҳмонларни камида икки гол билан сийлаши одат тусига кирди (9 баҳсдан буён). Ўз навбатида, “Манчестер Юнайтед” рақиб майдонида очко йўқотадиган одат чиқарган. Ҳатто Премьер лиганинг “Уотфорд” ва “Барнли” каби ўртамиёна иштирокчилари “Манкунианлар”га қараганда кўпроқ очко қўлга киритган. Бир вақтнинг ўзида “Юнайтед”нинг Лондон клубларига қарши натижалари чакки эмас: тўрт тўқнашув ва тўққиз очко. Қизиқ, Жозе жанобларининг бешинчи уриниши қандай тугайди?
Улуғбек РАҲМОНҚУЛОВ, «Эрудит СПОРТ» газетаси.