Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Равшан Ҳайдаров: «Осиё чемпионатига чемпион бўлиш мақсадида йўл оламиз»

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон U23 терма жамоамиз январь ойида Осиё чемпионатида қатнашиш этиш учун Хитойга йўл олишади. Бугун эса турнир олдидан терма жамоа бош мураббийи Равшан Ҳайдаров ва бир нечта футболчилар иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

— Аввало барчани, Ўзбекистон футбол оммасини кириб келаётган 2018 йил билан табриклайман. Мамлакатимиз футбол мавсуми якунланганидан кейин бир ой давомида бўлажак мусобақага тайёргарлик кўрдик. Йиғинлар давомида кўп футболчиларни синовдан ўтказдик. Бундан ташқари, Таиландда бўлиб ўтган М150 халқаро мусобақада иштирок этдик. Ушбу турнир биз учун ҳар томонлама фойдали бўлди. Тайёргарликнинг қолган қисмини Тошкентда маромига етказишга ҳаракат қилдик. Қитъа чемпионатида чемпионликни қўлга киритиш учун ҳаракат қиламиз. Умид қиламан, мухлисларнинг ишончини оқлаймиз.

— Мазкур терма жамоани шакллантиришда Токио-2020 олимпиадаси ҳақида ҳам ўйлаб кўрдингизми?
— Бу ҳақида ўйладик. Бу мусобақа янги турнир бўлиб, у бежизга жорий қилинмаган. Ёш футболчилар 23 ёшга етар-етмас катта футболга қўшилиб кета олмаслиги мумкин. 1995 йилги ўйинчилар учун бу тоифа мусобақа бўлмаганида улар миллий терма жамоага қўшилиб кетиши қийин бўларди. Ёшлар жамоаси орқали миллий терма жамоага қўшилиш учун футболчиларда мотивация юқори бўлади.

Агар фақат Токио-2020 олимпиадасини кўзлаган ҳолда жамоани 1997 йилда туғилган футболчилардан ташкил этишимиз мумкин эди. Аммо терма жамоага киришга бир қадам қолган футболчилар учун бу мусобақа жуда катта ёрдам беради. Ҳозирги таркибдаги 50 фоиз олимпия терма жамоасига мос келади. Мазкур мусобақадан кейин 23 ёшга кирадиган футболчилар МТЖга ўтиб кетиши керак. Қолган ўйинчилар эса Токио-2020га бориш учун номзод футболчилар сифатида тайёр бўлиб боради.

— Рио-2016 саралаш босқичидаги олимпия терма жамоасининг муваффақиятсизлиги борасида нима дея оласиз.
— Энг катта муаммо — Бабаян бошчилигидаги терма жамоа мусобақага 1 ой қолганда шакллантирилган жамоа эди. Уларда ўйин ташкил қилиш борасида муаммо бор эди, улар тарқоқ эди. Ҳозирги жамоа эса 3-4 йилдан бери бирга ўйнаб келмоқда. Улар бир-бирини яхши тушунишади. Ички муҳит ҳам яхши.

— Гуруҳдаги рақибларимиз саралаш босқичларида ўз гуруҳларида биринчи ўринни эгаллаган. Рақиблар ўрганилмоқдами?
— Қатар билан кўп ўйнаганмиз, уларнинг имкониятларини яхши биламиз. Хитойга қарши ўйинларда иштирок этганмиз. Фақатгина Уммон билан ўйнамаганмиз. Уларнинг имкониятларини видеотасвирлар орқали ўрганяпмиз. Рақибларимиз кучли, уларнинг сафида атлетик жиҳатдан кучли ўйинчилар бор. Йигитларга рақиб сафидаги футболчиларни ўргатиб боряпмиз.

— Терма жамоамизнинг ўйин услуби ва стратегияси ҳақида нима дея оласиз?
— Турли ўйин услубларини футболчиларга ўргатиб боряпмиз. Бу жараён Осиё чемпионати саралаш босқичида бошланган. Ёдингизда бўлса, БААда бўлиб ўтган саралашда тўғри тактика танлаганимиз учун муваффақиятга эриша олдик. ФУтболчиларнинг ақлий салоҳияти ошган. Таиланддаги турнир ҳам бизга ас қотди. У ерда турли услубларни синаб кўрдик. Таиланддаги мусобақанинг биринчи турида 10 киши бўлиб ўйнашга тўғри келди. Танаффусда йигитларга тўғри кўрсатма берганимиз боис улар ижобий натижага эришишди. Вьетнамга қарши ўйинда натижа учун ўйнашимиз керак эди. Ўйинни назорат қилишга ҳамда ҳисобни ва кучни сақлашга ҳаракат қилдик. Японияга қарши финалда ҳимоявий ўйин кўрсатиб, тезкор қарши ҳужумдан фойдаланишга ҳаракат қилдик. Демак, мусобақа давомида 3 хил ўйинда ўзимизни синаб кўрдик.

Ҳали камчиликларимиз бор. Рақиб стандартни амалга ошираётганида тўғри ҳимояланиш борасида иш олиб бораяпмиз.

— Таиланддаги йиғинда баъзи футболчилар жароҳат олди. Тайёргарлик Тошкентда якунига етказа олдингизми?
— Таиландда барча футболчиларнинг хизматидан фойдалана олмадим. Тошкентдаги йиғин давомида эса "Насаф"га қарши 2та ўйин ўтказдик. Бунинг учун қаршиликларга миннатдорчилик билдираман. Бу ўйинлардан жуда катта фойда олдик. Футболчиларнинг имкониятларини синовдан ўтказиб олдим. "Металлург"га қарши баҳсдан кейин 23 кишилик таркибни аниқлаб олдим.

— "Насаф" ва "Пахтакор" клублари 30 январь куни ОЧЛ саралаш босқичида иштирок этади. Агар Ўзбекистон U23 терма жамоаси финалга чиқадиган бўлса, сўнгги ўйинни 27 январь куни ўтказади. Шу боис, "Насаф" ва "Пахтакор" ўзининг етакчи ўйинчилари хизматидан фойдалана олмаслиги мумкин...
— Бу борасида ҳеч қандай муаммо йўқ. Мураббийлар билан келишган ҳолда футболчиларни терма жамоага жалб қилдик. Осиё чемпионатининг нуфузини пасайтиришга уринилаётгани менга ёқмаяпти. Бу расмий мусобақа. Қитъа чемпионати. Унда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиламиз. Буни клубларимиз нормал қабул қилишяпти. Финалгача етиб боришимизни барча истамоқда. Барчасини клублар билан келишган ҳолда амалга оширамиз.

— Янги йил арафасида футболчилар меъёридан ортиқ таом истеъмол қилиб, формани йўқотиб қўйишидан қўрқмаяпсизми?
— Ҳар йиғин аввалида футболчиларнинг функционал ҳолати ва жисмоний тайёргарлигини текшириб оламиз. Ўтган кун барча футболчилардан яна бир марта норматив қабул қилдик. Натижалар жуда яхши бўлди. Уларнинг жисмоний тайёргарлигида ўсиш кузатилган. Бу меҳнатимизни қадрлашимиз керак. Янги йил туфайли буни йўқотиб қўйишимиз лозим эмас. 2 январь куни футболчиларни яна бир марта текширувдан ўтказамиз. Буни футболчилар яхши тушунишади ва спортчи учун керак бўлган диетани бузишмайди. Улар профессионал ва ўз олдига юқори мақсадлар қўйган.

Манба: stadion.uz
Киритилди: 12:10, 30.12.2017.
Ўқилди: 4852 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.