Испания Ла лигасининг 21-тури доирасида марказий баҳс бўлиб ўтди. "Валенсия" ўз майдонида "Реал"ни қабул қилди. Очко йўқотишга ҳақи қолмаган мадридликлар муҳим ғалабани қўлга киритишди.
Зидан шогирдларининг саъй-ҳаракатлари биринчи бўлимда 2 марта самара берди. Ҳакам "Валенсия" дарвозаси томон икки марта пенальти белгилади ва Криштиану Роналду улардан унумли фойдаланди. Танаффусга қадар "кўршапалаклар" нафақат ҳисобни қисқартиришлари, балки мувозанатни тиклашлари мумкин эди. Кондогбия томонидан йўлланган кучли зарбани Кейлор Навас ажойиб сэйв билан қайтарган бўлса, Родриго яқин масофадан бўш дарвозани ишғол эта олмади.
"Валенсия" футболчилари иккинчи бўлимда ҳам босимни давом эттиришди. Уларнинг уринишлари 59-дақиқада ўз самарасини берди. Бурчакдан етказилган узатмани Санти Мина бош билан дарвозага жойлаб қўйди.
Орадан кўп ўтмасдан Навас жамоасини муқаррар голдан қутқарди! Мезбонлар қисқа паслар орқали ажойиб комбинация ташкил қилишди. Парехо 14 метрлардан зарба йўллади. Кейлор оёғи билан зарбани қайтаришга муваффақ бўлди.
Баҳснинг сўнгги дақиқаларига келиб мезбонлар чарчаб қолишди шекилли, "Реал" ташаббусни ўз томонига олди ва иккита гол уришга муваффақ бўлди. Мерсело Асенсио билан девор ўйнаб, чап қанотдан жарима майдончасига кирди ва кучли зарба берди. Нето оёқлари орасида тўпни ўтказиб юборди. Кроос ҳам рақиб жарима майдончаси ташқарисида Ковачич билан "девор" ўйнаб олиб, аниқ зарба билан дарвоза бурчагига тўпни жойлаб қўйди. Голнинг ажойиблиги шундаки, Ковачич узатмани товониб билан берганди.
Ушбу ғалаба кейин "Реал" ўз очколарини 38тага етказиб олди. Зидан жамоаси қолдирилган ўйин ғалаба қозонса, ҳозирда 40 очкога эга бўлиб турган "Валенсия"дан ўтиб кетади.
Испания Ла лигаси, 21-тур
Валенсия – Реал Мадрид 1:4 (0:2, 1:2)
Голлар: 0:1 – 16, пенальти Роналду, 0:2 – 38, пенальти Роналду, 1:2 – 58 Санти Мина, 1:3 – 84 Марсело, 1:4 – 89 Кроос.
Валенсия – Нето, Гарай, Тони Лато (Перейра, 77), Монтойя, Гайя, Коклен, Парехо, Гонсалу Гедеш (Солер, 46), Кондогбиа, Санти Мина, Родриго (Дзадза, 75).
Реал Мадрид – Навас, Варан, Марсело, Карвахаль, Начо, Модрич (Ковачич, 88), Каземиро, Кроос, Бэйл (Васкес, 69), Роналду, Бензема (Асенсио, 78).
Огоҳлантиришлар: Бэйл (52), Гайя (60), Варан (63), Карвахаль (71), Парехо (87).