Кириш Регистрация
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург 1-0 Сурхон
24/11 16:30 Женоа 2-2 Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна 2-0 Локомотив
24/11 18:00 Осасуна 2-2 Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон 2-3 Ливерпуль
24/11 19:00 Торино 1-1 Монца
24/11 19:00 Комо 0-2 Фиорентина
24/11 20:15 Севилья 1-0 Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич 1-1 Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи 1-0 Рома
24/11 22:30 Леганес 0-3 Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе
26/11 00:45 Венеция - Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл - Вест Хэм

"Уни 2 тўплам форма ва 20 та тўпга сотишган эди". Бугун Криштиану Роналдунинг туғилган куни

Баҳо:
+ | -

"Мен туфайли футболчи бўла олмаганингни таъна қилиб юришингни хоҳламайман", - деди Долореш Авейру 12 ёшли ўғлини Лиссабонга кузатаётиб.

Долореш 5 ёшида юрак хуружи сабабли онасиз қолади. Ота қизини диний болалар уйига беради ва янги оила қуриб, қизидан бир марта ҳам хабар олмайди. Долореш болалар уйидан бир неча марта қочади, уни қаттиқ жазолайдилар, охир-оқибат монах аёллар уни отасига қайтариб берадилар. Долореш ота уйидан ҳам қочади, аммо бунга сабаб - у ерда сув ва лектрнинг йўқлиги эмас. Ўгай она уни урар эди, ота қизини руҳий касаллар шифохонасига бермоқчи бўлади, аммо у ердагилар қизни соғлом дея қабул қилмайдилар. 13 ёшидан бошлаб ҳафтада олти кун тонгги соат 5 яримдан саватчасини кўтариб ҳосил йиғиш ишларини бажаради. 18 ёшида 20 ёшли балиқчи Жозе Диниш Авейруга турмушга чиқади. Долореш иккинчи фарзандига ҳомиладор бўлганида Диниш армияга чақирилади ва Африкага юборилади, у ерда Португалия мустамлакалари мустақиллик учун курашаётган эдилар. У урушдан сочлари оқарган ва руҳий тушкунлик билан қайтади. Ишини ташлаб, ичкиликка берилади. Долореш Мадейрани тарк этиб, Парижда уй хизматкори бўлиб ишлай бошлайди. Роналду ҳақида китоб муаллифи Гильем Балаге Динишнинг хотини билан телефон суҳбатини келтиради: "Биз камбағалликка маҳкум бўлган бўлсак, камабағал бўлиб ўтамиз... Аммо биз болаларнинг олдида бўлишимиз керак", - дейди Диниш.

Долореш Салазарнинг диктатураси қулашига оз қолганида Мадейрага қайтади ва ташландиқ уйларнинг бирини олади. Унинг отаси Австралияга яшаш учун жўнайди, Долрешнинг илтимосига "жой йўқ" деб жавоб беради. Диниш эса ичкиликни давом эттиради, Долореш эса 30 ёшида тўртинчи фарзандига ҳомиладор бўлади. Бунгача унинг икки қизи ва бир ўғли бор эди. Уларни Фуншал отелида ошпаз ва фаррошлик билан боқар эди. Шифокор аборт қилишдан бош тортади, қўшни аёл эса ҳомилани тушириш учун қайнатилган қора пиво ичишни маслаҳат беради - аммо бу ҳам ёрдам бермайди. 1985 йилнинг 5 февралида Криштиану Роналду туғилади.

Диниш маҳаллий "Андоринья" клубига маъмур бўлиб ишга киради ва жамоа сардори Фернанду Соузадан Криштиануга чўқинтирган ота бўлишини сўрайди. Аммо навбатдаги ўйин сабабли иккиси ҳам чўқинтириш маросимига кеч қоладилар. Португалия бешинчи лигасининг "Андоринья" клубида Роналдунинг отаси чим ўрар, кир ювар, ҳожатхона тозалар, тўп йиғар, оқшомни эса барда ўтказар эди. Криштиану усиз ухлай олмас ва опаларини барга, отасини олиб келишни талаб қилар эди. Диниш бунга қаршилик қилар эди, ўшанда ҳам, кейинчалик Лондонга, буйрагини даволаш учун чақирганида ҳам. Диниш 2005 йилнинг 7 сентябрида Лондон клиникаларидан бирида вафот этди. Криштиану бу вақтда Москвада, ЖЧ-2016 саралашида Россияга қарши учрашувга тайёргарлик кўраётган эди.

"Динишни ичкиликка ружу қўйгани адо қилди, - дейди унинг хотини "Sunday Mirror"га берган интервьюсида. - У ёшлигида баланд бўйли, чиройли йигит эди, аммо ичкилик туфайли кўз олдимизда сўниб борди".

Отасининг ўлимини эшитган Роналду мураббийи Сколаридан уни таркибдан чиқармасликни сўради.

Диниш ҳожатхоналарини тозалаган ўша "Андоринья"да кичик ўғли ҳуумчи бўлиб ўйнар эди. Криштиану 9 ёшга тўлганида, уни икки тўплам форма ва 20 та тўп эвазига "Насьонал"га сотиб юборадилар. Янги жамоада Роналдунинг жисмоний ривожланиши бироз сусайди ва болалар мураббийи Долорешдан боласига кўпроқ балиқ, гўшт ва камроқ йогурт беришини сўради.

"Криштиану кўча футболчиси эди ва ажойиб техникага эга эди. Гап унинг фақат нотекис кўчаларда тўп тепишидагина эмас, у дарахтларга чиқар, тўсиқлар устидан сакрар ва кўп вақтини ота-онасининг назоратидан ташқарида ўтказар эди. Бу уни эркин ва ташаббускор қилди. Бошқа тўқроқ оилаларнинг болалари унингдек бўла олмасдилар", - дейди Педру Тальиньяш, "Насьонал" мураббий.

"Оддий оиланинг оддий боласи, Кўп вақтини уйида ўтказади ва мактабни қолдирмайди ва кунига бир ярим-икки соат шуғулланади. Криштиану 10 дан 12 гача тўп билан вақт ўтказар эди", - дейди "Насьонал"нинг бошқа мураббийи Давид Гомиш.

Криштиану 12 ёшида грипп билан оғрийди, аммо бироз ўйнаб захирага ўтириш ваъдаси билан U13 мусобақаси финалига онасидан рухсат олади. Онаси ва мактаб ундан яхши футболчи чиқаётганини кўриб, унга кўп рухсат берар эдилар. Онаси бу сафар ҳам рухсат берди. Роналду финалда гол урди ва "Насьонал" чемпион бўлди, унинг чўқинтирган отаси Фернанду Соуза унга лиссабоннинг "Спортинг"ида бир ҳафталик кўрик ҳозирлайди. Аммо Криштиану бир ҳафта эмас, биринчи кунданоқ мураббийларни дриблинг, тезлик ва иштиёқи билан ҳайрон қолдирди. Иккинчи куни эса 14 ёшлилар жамоасининг сардори бўлди. "Спортинг" Роналду учун "Насьонал"га 25 минг евро тўлади, Долореш са шартнома имзолади унга кўра Криштианунинг оиласи ойига 50 евро тушиб турадиган бўлди (икки йилдан кейин - ойига 250 евро). Роналду яна беш еврони "Спортинг" ўйинларида тўп олиб бериб тургани учун олар эди. Криштиану 5 еврони телефон карточкаларига, ҳафтада икки-уч марта ота-онаси ва ака-опалари билан гаплашиб туриш учун сарфлар эди.

Роналду 16 ёшидан бошлаб акаси Угунинг гиёҳвандликдан халос бўлиши учун даволашга пул беришни бошлади. "Унинг пуллари Угуни сақлаб қолди. Агар Криштиану футболчи бўлмаганида, ҳаммаси қайғули тугаши мумкин эди", - дейди Долореш.

"Санта Клаусга ишонмай қўйганидан бир-икки йил ўтиб, оиласини боқа бошлаган", - дея Роналдунинг сўзларини келтиради яна бир биограф, Cadena SER журналисти Марио Торрехону.

Лиссабон мактабида унга Мадейра шеваси ҳалақит берарди. Ўқитувчилари уни яхши тушунмас, синфдошлари эса кулар эдилар. Криштианунинг энг яқин дўсти Угу Пина бўлди. У ҳам бошқа шаҳардан келган эди. "Спортинг" Угу учун "Белененсиш"га Роналдудан 12 баробар кўпроқ - 300 минг евро тўлаган эди. Угу "Спортинг"га ўтишидан бироз аввал "Барселона"дан таклиф олган, аммо жамоа сардори бўлгани учун Лиссабондаги муҳим финал олдидан жамоасини тарк этмаган.

Пинанинг Гильем Балагага айтганлари: "Роналду 15 ёшида "Спортинг" акдемиясининг 17 ёшлиларидан кучлироқ эди ва барибир тинмас эди. Евро-2000 Франция термасининг ўйинларини кўриб, ўз олдига Анри каби тезкор футболчи бўлишни мақсад қилади. Машғулотлардан аввал ва сўнг бир ўзи шуғулланарди. Бир куни "Спортинг"нинг бразилиялик ҳимоячиси Андре Крузнинг 90 кг тош кўтарганини кўриб тунда девор ошиб, том орқали асосий жамоанинг тренжёр залига қатнай бошлади. Уни тутиб олдилар ва жинни деб атадилар. У агар катта бўлиб ўзининг биринчи уйига эга бўлса, биринчи бўлиб тренажер зали қуришни орзу қилар эди". Пина "Спортинг" асосий таркибида ўйнамади ва ҳозир "Лейрия"да ўйнамоқда


2000/01 йилги мавсумда Криштиану жонажон Мадейра шаҳрида "Спортинг" ўйинчиси сифатида ўйин ўтказиши керак эди. Роналду ҳақида яна бир китоб муаллифлари, Los Secretos de La Máquina журналистлари Луис Перейра ва Хуан Гальярдо "Спортинг" мураббийи Луиш Мартиншнинг Мадейра сафаридан олдин ёзилган докладини келтирадилар:

"Футболчи Криштиану Роналду жамоадошининг совуқ чойини ва ошпаз Эмилиянинг икки йогуртини ўғирлади. Бундан ташқари бетобли туфайли ошхонага кела олмаган ўйинчи Руи Лопешнинг тушлигини рухсатсиз еди. Бу йигитнинг ҳиссий туйғуларида муаммолар бор". Шундан сўнг Криштиану "Маритиму"га қарши ўйин рўйхатидан ўчирилади ва ўз шаҳрига бора олмайди.

Навбатдаги ўйинларидан бирида Криштианунинг нафаси қисиб қолади ва алмаштиришларини сўрайди. Шифокорлар унинг юрак уриши мароми секинлашганини аниқлайдилар ва лазер операциясини ўтказадилар. Эртаси куни у академияга қайтади, аммо майдонга уч ойдан сўнг тушади.

Роналду "Спортинг"даги биринчи голини "Бетис"клуби билан ўртоқлик учрашувида урганида Испания ТВси уни Куштодиу деб атайди (бу "Спортинг"нинг бошқа ўйинчиси). Чемпионатда ярим майдонни босиб, йўл-йўлакай тўрт ўйинчини ортда қолдириб "Морейренсе" дарвозасига гол урганида, трибуналарнинг бирида ўтирган онаси ҳушидан кетади.

 

Роналдунинг "Спортинг"даги биринчи ўйинлари "Интер" президенти Массимо Мораттининг маслаҳатчиси Луис Суарес Мирамонтесни қойил қолдиради.
"Биз уни қўшиб олишимиз керак, у дунёнинг энг яхши ўйинчиси бўлади", - дейди Суарес.
"У неча ёшда?"
"Ўн олти"
"Ҳе, биз тайёр ўйинчиларни сотиб оламиз", - дейди Моратти.
"Ахир у бор-йўғи икки миллион евро туради!". Суарес кейинчалик 2013 йилда Nova Stadio эфирида Роналду учун ўз чўнтагидан 1 миллион евро тўлаши айтганида ҳам, Моратти бунга кўнмаганини айтди.

Бир йилдан сўнг Жоре Мендеш, Роналдунинг ўз ҳамкасби Жозе Вейгидан олиб қўйган агент Криштиануни сотиш борасида "Ювентус" билан келишади, аммо "Юве" футболчини сотиб олмоқчи эмас, Саласга алмаштиришни истаган эди. Бунга лиссабонликлар кўнмади.

Мигель Рубио ва Хонатан Моранинг Жорже Мендеш ҳақидаги китобидан: "Криштиану онаси билан Лондонга, Арсен Венгер билан учрашувга боради. Мендеш ҳар беш дақиқада қўнғироқ қилиб, журналистлар нигоҳи тушмаслиги учун Криштианудан юзини ёпишини сўрайди. Венгер Роналдуга 9 рақамни тайёрлаб қўйган, аммо "Арсенал"нинг янги стадиони қурилиши сабабли футболчининг трансферини сотиб ололмаган эди. "Барселона" Мендеш таклиф қилган тўрт футболчи - Куарежма, Роналду, Деку ва Тиагу орасидан Куарежмани танлаган.

Кейин эса "Жозе Алваладе" стадионида "Спортинг" ва "МЮ" ўртасида ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтади. Клублар ҳамкорликка келишган эдилар. Рой Кин ўз автобиографиясида шундай ёзади: "Ўша учрашувнинг биринчи бўлимидан сўнг Роналдуга қарши ўйнаган ўнг қанот ҳимоячиси Жон О’Ши шифокор ёрдамига муҳтож бўлган эди. Кийиниш хонасида Батт, Скоулз ва Рио Фердинанд бу йигитчани сотиб олишни Фергюсонга айтадилар. Сэр бунга жавобан кулиб: "Кўриб турибман" дейди. Бу Роналдунинг "Спортинг"даги охирги ўйини бўлди - ўша куни тунда у "МЮ" билан Англияга учиб кетди.

Бу воқеадан икки йил аввал, у "Спортинг"да дебют қилган вақтларида SporTV га берган интервьсида ойига 300 евро ва яна шунча мукофот пули олишини айтган эди.

Криштиану 12 миллион фунт эвазига "МЮ"га ўтган ва у ерда "Спортинг"да ўйнаган 28-рақамни сўрайди. Аммо унга Жорж Бест, Эрик Кантона ва Дэвид Бекҳэм ўйнаган 7-рақамини берадилар.


Денис Романцов, Sports.ru

Манба: sports.ru
Киритилди: 16:13, 05.02.2018.
Ўқилди: 21067 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.