Кириш Регистрация
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург 1-0 Сурхон
24/11 16:30 Женоа 2-2 Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна 2-0 Локомотив
24/11 18:00 Осасуна 2-2 Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон 2-3 Ливерпуль
24/11 19:00 Торино 1-1 Монца
24/11 19:00 Комо 0-2 Фиорентина
24/11 20:15 Севилья 1-0 Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич 1-1 Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи 1-0 Рома
24/11 22:30 Леганес 0-3 Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе
26/11 00:45 Венеция - Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл - Вест Хэм

Ҳар голга бир қўнғироқ ёхуд Габриэль Жезус фаолиятига назар

Баҳо:
+ | -

Бразилиялик ёш ҳужумчи Габриэль Жезуснинг фаолияти машҳур ватандошлариникидан кескин фарқ қилади. Мамлакат бўлажак мундиалга қизғин тайёргарлик кўраётганида йигитча йўл четидаги бетон бордюрларни бўяш билан бу ишга ҳисса қўшганди.

Буни қарангки, орадан 2-3 йил ўтиб у Олимпия терма жамоаси таркибидан ўрин олди ва Бразилияга шу пайтгача орзу бўлиб келган чемпионликни тортиқ этди.

Тўғри, Жезус катта футболга яқинда келгани боис, нуфузли совринлар ёки рекордлар билан мақтана олмайди. Аммо ортда қолган ҳаётида нафақат ёшлар, балки катталар учун ҳам ибрат бўладиган жиҳатлар етарли.

«Алло, мам-м!»

Ҳар сафар менинг зарбамдан сўнг тўп дарвоза туридан жой олганида, телефоним жиринглайди. Бу онамнинг қўнғироғи. Қаерда бўлишининг қизиғи йўқ: Бразилияда бўладими ёки стадиондами барибир қўнғироқ қилади.

Шу сабабли голдан кейин мен бурчак байроқчаси ёнига бораман ва кафтимни қулоғимга яқинлаштириб, қўнғироққа жавоб қайтаргандек бўламан: «Алло, мам-м!».

Манчестерлик мухлислар бу ҳаракатимнинг маъносини сўрашганида, ойимни қаттиқ севишимни, у ҳам мени еру-кўкка ишонмай, доимо қўнғироқ қилишини тушунтирдим.

«Ҳаммаси «миттилар»дан бошланган»

 Мен ўта орзуманд бола эдим. Миллионлаб тенгдошларим ҳам орзулардан бенасиб эмасдилар. Менинг омадим шунда эдики, бир нечта суперқаҳрамонлар билан шахсан таниш эдим. Сан-Паулу Шимолидаги Пери Жардим туманида улғайдим.

Бу ерда шунчаки ҳаёт кечириш кўпчилик учун чинакам курашга айланган. Аммо менинг омадим келган, чунки ойим тинимсиз меҳнат қиларди. Шу сабабли оиламизда доимо егулик бўларди. Тенгдошларимни аксарияти бир кунда бир марта овқатланишга мажбур эдилар.

Очиғи, уларнинг кўпчилиги футбол тўгарагига ўйинни ўрганиш учун эмас, текинга бериладиган бутерброд ва газ суви учун келишарди. Мен шуғулланган «Пекениньос» («миттилар») футбол клуби Перидан анча олисда, овлоқ бир ҳудудда шундоққина ҳарбий қамоқхона ортида жойлашганди.

Майдон эса жуда ифлос ва чанг эди. У ерда менга ўхшаган болалар ва турма хизматчилари тўп суришарди. 9 ёшлигимда ўртоғим Фабиньо билан биргаликда клубга йўл олдик. Биз дуч келган мураббий Жозе Франсиско Мамеде кейинги машғулотда бемалол қатнаша олишимизни маълум қилди.

Шу тариқа ҳаётимда тарихий бурилиш юз берди. Қизиғи, биздан ҳеч нарса талаб қилишгани йўқ, шартнома ҳам тузилгани йўқ. Чунки, «Пекениньос» ёш футболчиларни мўмай даромад манбаига айлантиришни эмас,балки уларни соғлом турмуш тарзига жалб этишдек олий жанобликни мақсад қилганди.

Боз устига, болалар ота-оналари ҳузурига қуруқ қўл билан қайтиб кетмасликлари учун уларга ун, гуруч ва ловия солинган махсус қутилар билан кузатиб қўйишарди. Жумладан, мураббийимиз Мамеде ҳам ўзининг эски Volkswagenида  9-10 нафар болакайни уйларига элтиб қўярди.

Биз учун Мамеде ҳам, клуб ҳам ота-онадек меҳрибон эди. Ҳаётда ўз ўрнимизни топиб олиш имконини беришди. «Пеке-ниньос»да ҳафтасига икки марта шуғулланганимиз боис бошқа пайт Перида тўп сурардик. Ҳар бир кўчанинг жамоаси бўлиб, тез-тез турнирлар ташкиллаштириларди.

Бир банка лимонад соврин вазифасини ўтарди. Дурустроғига кучимиз етмасди. Лекин ўша лимонад биз учун Либертадорес кубогидан афзалроқ эди! Ғолиб жамоа давра қуриб ўтирган ҳолда бир қултумдан ичиб чиқарди. Ўша газли сувдан лаззатлироқ ичимлик йўқ эди, назаримизда!

«Варзеадаги баҳсни ҳеч қачон унутмайман»

Бразилияда профессионал футболни танлаганлар 12-13 ёшдан академияларда таҳсил олишади. Мен бундай бахтга эришолмадим. «Сан-Паулу» кўригидан муваффақиятли ўтган бўлсамда, клуб турар-жой билан таъминлай олмади. Ҳар куни автобусда қатнаб шуғулланиш учун мактабдан воз кечишимга тўғри келарди.

Ойим эса тўлиқ билимга эга бўлишимни истарди. Шу мартабага эришишим учун ойимдан беҳад миннатдорман. Бизда кўпчилик болалар оилаларига ёрдам бериш мақсадида барвақт ишлашга мажбур бўладилар. Шу сабабли ўқиш ёки спорт билан шуғулланишга вақт етишмайди.

Ойим эса менга мактабга қатнаш ва футбол билан шуғулланиш учун шароит яратиб берди. Шу тариқа 13 ёшимда Варзеада ярим профессионал жамоага қарши майдонга тушдим. У катта ёшдаги ўйинчилардан тузилганди. Бундан ташқари, улар жуда қўпол ўйнашарди. Катталар менга эътибор беришмади.

Ҳатто шу тирранча бизга қарши ўйнайдими, дегандек ўқрайиб ҳам қўйишди. Ўйин бошлангач, мен уларнинг энг номдор ҳимоячисини осонлик билан алдаб ўтдиб, дарвозани ишғол этдим. Шундан сўнг рақиб ўйинчилари нигоҳларида қуйидаги маънони ўқидим: «Шошмай тур, болакай.

Биз сенга гол уришни кўрсатиб қўямиз!». Мен эса таҳдидларга парво қилмай, ўйнашда давом этдим. Улар тўп менга узатилган пайт тепиб йиқита бошлашди. Ярим ҳимоячилардан бири очиқдан-очиқ дўқ урди: «Менга қара, оғайни. Агар яна бир марта мени алдаб ўтсанг, оёғингни синдираман!».

Мен эса тўхташни истамадим. Тўп билан муомала қилаётганимда ҳамма нарсани, қўрқувни ҳам унутардим. Нав­батдаги ҳужумда тўпни чаққонлик билан жамоадошимга узатдим, у эса гол урди. Тўғри, рақибларимиз ҳам 2та гол уриб, мувозанатни тиклашди. Пенальтилар сериясида биз ғолиб чиқдик.

Рақиб эса ғазабдан қалтираб кетди. Ўйин пайтида дўқ урган безори ярим ҳимоячи яна менга яқинлашиб, шундай деди: «Энди ўзингдан кўр, оғайни. Барибир оёғингни синдираман!». Унинг нигоҳи ҳам, сўзлари ҳам жиддий эди. Хайриятки, можародан хабардор бўлган жамоадошларим мени ёлғизлатиб қўйишмади, автобусга кузатиб қўйишди.

Хуллас, уйга соғ-саломат етиб олдим. Бу ҳикоянинг охири эмас. Ўтган йили рождество баҳонасида яна уйга йўл олдим. Оила аъзоларим билан кўришгач, иш юзасидан банкка бордим.

Машинамни тўхташ жойида қолдириб, банк биноси томон юра бошладим. Кутилмаганда тўхташ жойидан нозири менга мурожаат қилди:

- Нима бўлди, оғайни? Мени танимай қолдингми? У Варзеадаги безори футболчи эди.

- Ёдингдами, ўшанда оёғингни синдирмоқчи бўлгандим?

- Ҳа, сизни энди танидим. Узр сўрашнинг ҳожати йўқ. Жаҳл устида ҳамма ҳам шундай дейиши мумкин.

- Бироқ мен ҳазиллашмаётгандим. Агар ёлғиз қолганингда оёғингни синдирардим. Энди эса дўстларинг сени қутқарганидан хурсандман. Чунки, сен менинг суюкли жамоамда тўп суряпсан.

Демак, мени ҳимоя қиляпсан! Агар ўшанда сени ногирон қилиб қўйганимда нима бўларди? Жамоам шундай ажойиб ҳужумчидан жудо бўларди! Тушуняпсанми?!

Хуллас, шундай дея собиқ рақибим менга қучоғини очди, бир неча дақиқа самимий суҳбатлашдик. Бразилияликлар ибораси билан айтганда, менинг аввалги ҳаётим сув бўлса, ҳозирда лаззатбахш шаробга айланганди. Беш йил муқаддам мен шу оддий нозир каби ўйинчилар орасида эдим.

Кимдир автобус ҳайдовчиси, кимдир супермаркет хизматчиси ёки завод ишчиси, турли соҳа вакилларига айланишди. Ваҳоланки, уларда ҳам иқтидор етарли бўлган. Лекин ҳаётий зарурат орзуларидан воз кечишга мажбур этди. Агар ойим бўлмаганида, мен ҳам уларнинг бирига айланардим.

«Ниҳоят, ниятимга етдим»

ДАВОМИ

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

 

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 22:59, 20.02.2018.
Ўқилди: 5510 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.