Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоаси БАА йиғини доирасидаги сўнгги назорат учрашувини ўтказди.
Бу сафар Миржалол Қосимов шогирдларига қарши Дубайнинг “Шабаб Ал-Ал-Аҳли” клуби вакиллари саф тортишди.
Қизиқарли кечган баҳсда “Бунёдкор” рақибдан ҳар жабҳада устун эканлигини исботлаб, 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувнинг 26-дақиқасида Санжар Қодирқулов томонидан оширилган тўпни Филип Раевац боши билан рақиб дарвозасига тўғрилаб, ҳисобни очди. Танаффусга чиқиш арафасида мезбонлар гол уришиб, ўртадаги мувозанатни тиклагандилар. Бироқ учрашувнинг сўнгги ўн дақиқасида “Шабаб Ал-Аҳли” дарвозаси яна уч бор ишғол этилди. 82-дақиқада Миржаҳон Мираҳмадов майдон марказида тўпни эгаллаб олиб, рақиб футболчиларини ортда қолдирган ҳолда дубайликлар дарвозасини ишғол қилди. 88-дақиқада жамоавий уюштирилган чиройли комбинацияни Расул Юлдошев гол билан якунлади – 1:3. Асосий вақт якунланаётган паллада Расул Юлдошев рақиб футболчилари ва посбонини бирин-кетин алдаб ўтиб, якуний натижа “Бунёдкор” фойдасига 4:1 бўлишини таъминлади.
Шу тариқа, “Бунёдкор” БАА йиғини доирасидаги тўртинчи назорат учрашувида ҳам ғалаба қозонди. Бунгача Миржалол Қосимов шогирдлари билан БААнинг “Шаржа” ва Хитойнинг “Шаньдун Лунэн” клубларини 3:1 ва 4:0 ҳисобларида мағлуб этган ва чин юртининг бошқа вакили “Чуньцин Лифан” жамоаси билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаганди.
Назорат учрашуви
Дубай. "Ал-Мактум" стадиони
“ШАБАБ АЛ-АҲЛИ” – “БУНЁДКОР” 1:4 (1:1)
Голлар: Филип Раевац 26 (0:1), 44-дақиқа (1:1), Миржаҳон Мираҳмадов 82 (1:2), Расул Юлдошев 88 (1:3), Расул Юлдошев 90 (1:4)
“Бунёдкор”: Муроджон Зуҳуров, Исломжон Қобилов, Рустамжон Ашурматов, Мирғиёс Сулаймонов, Хуршид Ғиёсов, Жовлон Иброҳимов, Муроджон Тошматов, Миржамол Қосимов, Санжар Қодирқулов, Шохруҳ Гадоев, Филип Раевац
Захирадан майдонга тушганлар: Суҳробжон Султонов, Анвар Ғофуров, Сардор Собирхўжаев, Давронбек Умиров, Расул Юлдошев, Артём Габелок, Миржаҳон Мираҳмадов, Абдулла Абдуллаев