Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Қашқадарёнинг эр ўғлони

Баҳо:
+1 | -

Авваламбор, бу мақоланинг сарлавҳаси устида кўп ўйладим. Осиё чемпионлар лигасида “ўлим гуруҳи”да жон сақлаётган Қарши шаҳри клуби устозини бошқача таърифлай олмадим. Келинг, бир бошидан бошлайлик.

Ҳозирги кунда юртимизда энг мухлиси кўп жамоалардан бири бўлиб улгурган “Насаф”нинг сўнгги 5 йилликдаги ўйин услубини кузатган мухлислар, унда чемпионатимиздаги бошқа жамоаларда йўқ бир нарсани сезган бўлса ажаб эмас. Албатта, бу футболчилардаги иштиёқ, оддийроқ қилиб айтганда, “Насаф” футболчиларининг кўзлари ёниб туриши, у чемпионат ўйини бўладими, халқаро мусобақа бўладими, улар майдонда сўнгги секундларгача курашдан тўхташмайди. Улар ҳеч ҳам вақт чўзишмайди. Мухлисларнинг асабларини синайдиган даражада ҳимояга ётиб ҳам олишмайди. Доим ҳужумкор ва агрессив футбол кўрсатишади.

Келинг, Қаршидаги “Насаф”– “Ас- Садд” ўйини эслайлик. Қаршидаги марказий стадионга келган мухлислар “аждарлар” нинг ҳақиқий кучини кўришди. Осиёнинг энг бадавлат клублари қаторига кирувчи клуб ўзининг донгдор мурабийи, машҳур легионерлари билан ҳар қанча мақтанса арзийди. Лекин ўша куни уларнинг ҳаммасига қарши Рўзиқул Бердиевнинг бир ўзи бас кела олди (албатта футболчилари ёрдамида). Ўша ўйинда Бердиевнинг мураббийлик имзоси яққол намоён бўлди. Жамоа ўша куни бемалол йирик ҳисобда ғалаба қозонса бўларди. Айниқса, иккинчи бўлимда жуда кўп вазиятлар яратилди. Рақиб деярли ҳеч нима қила олмади. Ўша ўйиндан сўнг Рўзиқул Бердиевнинг мураббий сифатида анча ўсишга эришганини жуда кўпчилик тан олди.

Тўғри, жавоб ўйинида “Насаф” йирик ҳисобда ютқазди, лекин жамоанинг қандай қудратга эга эканлигини бутун қитъага кўрсатиб қўйди. Инсон сифатида содда, самимий,камтар бу мураббий матбуот анжуманларида ҳам ўзини ҳақиқий ўзбекона тутади.

Устоз сифатида анча ютуқларга эришишга ҳам улгурди, десак бўлади. Унинг шогирдлари бизга 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионлигини тақдим этишда катта хизмат кўрсатишди. Турнирнинг энг яхши ўйинчиси ҳам “Насаф” клуби аъзоси саналишини қайтариш шарт бўлмаса керак.

Рўзиқул Бердиевнинг иккита кучли жиҳатини айтмасак бўлмайди. Биринчиси, легионерларни яхши танлай олиш бўлса, иккинчиси эса унинг ёш иқтидорларни кашф эта билиш маҳоратидир. “Насаф” мана бир неча йиллардан бери ҳар мавсум асосий ўйинчилари билан хайрлашади. Сўнг бирданига унинг ўрнини Бердиев бошқа ўйинчи билан шундай тўлдирадики, мухлислар кетган футболчини ҳатто эсламай ҳам қўйишади.



Бу мураббий сўнгги йилларда юртимиз футболига катта ҳисса қўша олди. “Насаф” клуби футболкасини кийиб майдонга тушган футболчи борки, майдонда борини беради, охиригача ўйнайди, рақибни ҳам, ўзини ҳам аямайди. Айниқса, Қаршидаги ўйинларда анчадан бери ҳеч қайси рақиб хурсанд бўлиб кетмаяпти. Оддий мисол, ўтган мавсумда 2-ўрин масаласини ҳал қилган “Пахтакор” билан бўлган ўйинни эсланг. Мақоланинг бошида айтилганимиздек, агрессив ва ҳужумкор футбол “Насаф”нинг футбол фалсафаси сифатида ўйинчиларга сингиб кетганини сезасиз. “Насаф” ҳақиқий халқона, тўғрироқ айтсак, “Халқ жамоаси”га айланиб бораяпти. Унинг халқаро миқиёсдаги ўйинларида бутун ўзбек халқи “Насаф”ни қўллаб-қувватламоқда. Бу ютуқларда, албатта, Рўзиқул Бердиевнинг хизматлари катта. Биз бу иқтидорли мураббийга келажакдаги ишларига омад ва зафарлар тилаб қоламиз. Биз сизга ишонамиз, Рўзиқул ака!
Олға “Насаф”, ўзбек халқи сен билан ФАХРЛАНАДИ!

Яҳёхўжа УЛУҒХЎЖАЕВ

Манба: stadion.uz
Киритилди: 10:23, 18.03.2018.
Ўқилди: 6080 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.