Ўзбек футболи ватани бўлмиш Қўқонда янги мавсум очилиши ҳақиқий байрамга айланиб кетди. “Қўқон-1912” – “Навбаҳор” учрашуви бошланишидан олдин ташкил этилган очилиш маросими футбол мухлисларида олам-олам таассурот қолдирди.
Маросим аввалида намойиш этилган Ўзбекистонга футболининг кириб келиши қандай бўлгани тўғрисидаги саҳна кўриниши мухлислар учун унутилмас бўлди.
Эстрадамиз юлдузлари томонидан ташкил этилган концерт дастури ҳам стадионга йиғилган минглаб мухлисларга хушкайфият бахшида этди.
Концерт дастури Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоҳир Содиқов ўз чиқишлари билан бошланди. Ундан кейин эстрадамиз юлдузлари Зиёда Қобулова, Жаҳонгир Позилжоновлар ҳам ўз чиқишлари билан даврани қизитиб боришди.
Очилиш маросимини таниқли шарҳловчи Даврон Файзиев олиб борди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов ва Қўқон шаҳар ҳокими Раҳматали Жалилов иштирок этишди ва янги мавсумни очиб беришди.
Ўйиндан олдин “Қўқон-1912” клуби президенти Бахтиржон Толипов ЎФАнинг махсус соврини билан тақдирланди.
Учрашув яқинда вафот этган қанот ҳаками Владлен Лушиннинг хотирасига бағишлаб бир дақиқалик сукут билан бошланди.
Ўйин илк дақиқалардан шиддатли ҳужумлар билан бошланди. Вакилларимиз биринчи дақиқалардан олдинга ташланишди.
25-дақиқада ҳисобни очишга яқинлашгандик. Бироқ Суҳроб Бердиевнинг боши билан берган зарбаси дарвоза ёнганисидан ўтиб кетди. Қолган дақиқаларда ҳам футболчиларимиз ҳужумкор ўйин намойиш этишди.
37-дақиқада меҳмонларда яхши имконият вужудга келди. Ўткир Юсупов жамоамизни муқаррар голдан сақлаб қолди.
Танаффусга жамоалар нурсиз дуранг билан чиқиб кетишди.
Иккинчи бўлим худди биринчиси каби шиддатли бошланди. Вакилларимиз илк дақиқалардан ҳужумга зўр беришди. Ўз навбатида меҳмонлар ҳам қарши ҳужумда хавфли вазиятларни яратиб туришди.
Умуман олганда, бутун учрашув давомида футболчиларимиз меҳмонлар дарвозаси олдида хавфли вазиятлардан яратишди. Лекин улардан фойдалана олишмади.
76-дақиқада вакилларимиз ҳисобни очишди. Томислав Пайович ҳужумчи қайтариш чоғида ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди.
Қолган дақиқаларда ҳар икки жамоа ҳарчанд ўринмасин, учрашувдаги ҳисоб ўзгармади. Шу тариқа, “Навбаҳор”нинг чемпионатдаги мағлубиятсиз сериясига барҳам берилди. Жамоамиз эса мавсумдаги иккинчи ғалабасини қўлга киритди.
СУПЕРЛИГА. 4-ТУР
«Қўқон-1912» – «Навбаҳор» – 1:0 (0:0)
Ҳакамлар: Ҳ. Рўзиев (Тошкент), О. Абдувосилов (Тошкент), С. Шоюсупов (Тошкент), Д. Акмалов (Тошкент)
Назоратчи: Р.Айтеков (Тошкент)
Комиссар: М. Саидқосимов.
Гол: Тимослав Пайович-76.
Қўқон-1912: 1. Ўткир Юсупов, 5. Ғиёс Комилов, 7. Жамшид Ҳасанов (96. Муҳаммаданас Ҳасанов-46), 10. Жавоҳир Сидиқов, 19. Суҳроб Бердиев (9. Носир Отақўзиев-74), 22. Мурод Холмуҳаммедов, 23. Александр Мерзляков, 29. Игорь Таран (17. Қувондиқ Рўзиев-46), 55. Дарко Гожкович, 65. Марко Милич, 95. Милан Спремо.
Захира: 21. Музаффар Абдуллаев, 14. Аваз Маматхўжаев, 15. Ойбек Рустамов, 18. Баҳодир Пардаев, 97. Муслим Қурбонов, 41. Савелий Абрамов.
Навбаҳор: 1. Ботирали Эргашев, 6. Остон Ўрунов (15. Азамат Алланиёзов-82), 9. Дилшод Жабборов, 10. Азиз Турғунбоев, 12. Ненад Иньац (8. Абюхон Нуъмонов-72), 19. Мирзоҳид Ғофуров, 21. Аъзам Алиев, 24. Даврон Ҳошимов, 32. Жаҳонгир Меҳмонов (17. Сардор Сулаймонов-78), 33. Тимослав Пайович, 44. Дарко Станоевич.
Захира: 45. Акбар Тўраев, 11. Зохир Пиримов, 14. Илҳом Бойдадаев, 23. Бехруз Садиллоев, 27. Равшан Дўстматов, 68. Мирзоҳид Маматхонов.