Аввалроқ маълум қилинганидек, 2019 йил БААда ўтказиладиган Осиё кубогининг барча иштирокчиси маълум бўлган эди.
БАА (мезбон), Қатар, Жанубий Корея, Япония, Таиланд, Саудия Арабистони, Австралия, Ўзбекистон, Эрон, Сурия, Ироқ, Хитой, Фаластин, Уммон, Ҳиндистон, Ливан, Туркманистон, Иордания, Баҳрайн, Вьетнам, Қирғизистон, КХДР, Филиппин ва Яман.
Маълумки, жорий йилнинг 4 май куни БААнинг Дубай шаҳрида Осиё Кубогига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. Ўзбекистон ФИФА рейтингида пастлаганига қарамай, олдин айтилганидек, учинчи саватчадан эмас, балки иккинчи саватчадан ўрин олди.
Ўзбекистондан илгарилаб кетган Қирғизистон термаси эса 3-саватчадан ўрин олган. Сабаби ОФК қитъа чемпионатини ўтказиш йўлида ўз тасарруфидаги саралаш босқичи ва ундаги натижаларни инобатга олган. Ўзбекистон эса саралашнинг ҳал қилувчи босқичига йўлланма олган 12 та жамоа ичида бор эди. Мазкур омил туфайли Ўзбекистон термаси 2-саватга жойлаштирилган. Ҳозирга қадар ОФК Жаҳон Чемпионати учун алоҳида ва Осиё Кубоги финал босқичи учун алоҳида саралаш мусобақаси ташкил этиб келган. Аммо охирги бор ташкилот мазкур икки саралашни яхлит кўринишга келтиришни лозим топди. Яъни, Жаҳон Чемпионати—2018 ва Осиё Кубоги—2019 1 та саралашга бирлаштирилди.
Қуръага кўра терма жамоалар 6 гуруҳга ажратилади. Гуруҳларда 1 ва 2-ўринни эгаллаган, шунингдек, 3-ўринни эгаллаган жамоалардан энг яхши натижа кўрсатган 4 та жамоа 1/8 финал босқичига йўлланмани қўлга киритади.
Мусобақа 5 январдан 1 февралга қадар БААнинг 4 та шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган.