Мадриддаги "Ванда Метрополитано" стадионида Испания Қироллик кубогининг финал баҳси бўлиб ўтди. "Барселона" ва "Севилья" ўртасидаги учрашувда йирик ҳисоб қайд этилди.
Каталонияликлар 14-дақиқадаёқ ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. "Барса" посбони Яспер Силлессен кучли зарба билан тўпни олдинга тепиб юбориши натижасида Котуиньо рақиб жарима майдончасига кириб борди ва тўпни янада қулай вазиятда турган Суаресга етказди. Уругвайлик футболчи деярли бўш қолган дарвозани ишғол этди.
Баҳснинг 31-дақиқасида ҳисобдаги фарқ ошди. Альба чап қанотда жамоадоши билан "девор" ўйнаб, жарима майдончасига кириб борди ва кутилмаганда, товони билан тўпни орқага етказди. Ҳимоячилар Мессини назоратсиз қолдиришди ва Лео кучли зарба билан дарвозани забт этди.
Ҳисобни биринчи бўлимнинг ўзидаёқ йирик кўринишга келди. Мессининг узатмасидан кейин Луис дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетди ва имкониятдан самарали фойдаланди — 3:0.
Иккинчи бўлимнинг дебюти каталонияликлар учун омадли келди. Мавсум сўнгида жамоадан кетиши деярли аниқ бўлиб қолган Иньеста Мессининг узатмасидан кейин дарвозабон қаршисида ёлғиз қолди ҳамда посбонни алдаб ўтиб, бўш қолган дарвозага тўпни жойлади.
Учрашувнинг 70-дақиқасида қизиқ вазият юзага келди. Коутиньо рақиб жарима майдончаси ичида Суарес билан "девор" ўйнаб, дарвозани ишғол қилди. Аммо ҳакам голни бекор қилиб, "Севилья" дарвозаси томон пенальти белгилади. "Кўк-анорранглилар" 11 метрли жарима зарбасини Филиппега беришди: бразилиялик футболчи Давид Сорияга имконият қолдирмади.
"Севилья" ўйин давомида гол уриш учун вазиятларга эга бўлди. Аммо уларга омад кулиб боқмади.
Шу тариқа, "Барселона" кетма-кет тўртинчи марта, ўз тарихида эса 30 маротаба Испания Қироллик кубогини қўлга киритди.
Испания кубоги, финал
Севилья – Барселона 0:5 (0:3, 0:2)
Голлар: 0:1 – 14 Суарес, 0:2 – 31 Месси, 0:3 – 40 Суарес, 0:4 – 52 Иньеста, 0:5 – 69, пенальти Коутиньо.
Севилья – Сория, Лангле, Меркадо, Эскудеро, Навас, Нзонзи, Банега, Васкес (Нолито, 86), Сарабия (Лайюн, 82), Корреа (Сандро Рамирес, 46), Муриэль.
Барселона – Силлессен, Умтити, Пике, Альба, Коутиньо (Дембеле, 82), Серджи Роберто, Ракитич, Бускетс (Паулиньо, 76), Иньеста (Денис Суарес, 88), Месси, Суарес.
Огоҳлантиришлар: Меркадо (34), Эскудеро (38), Иньеста (67), Бускетс (74), Васкес (74).