19 ёшли футболчи Бундеслигада биринчи мавсумини ўтказаётганига қарамай Европанинг бир қатор грандларини ўз эътиборларини унга қаратишган. Goal нашри Панаётис Ретсос ҳақида мулоҳаза юритди.
Грек футболи мухлислари « Олимпиакос » билан профессионал фаолиятини бошлгандан кейин, бир йил ўтар-ўтмас мамлакатни энг қиммат футболчи сифатида тарк этган ҳимоячини жуда яхши билишади.
Грециянинг энг номдор жамоаси учун 40 учрашув ўтказган ҳимоячи дарров Леверкузеннинг «Баер» клуби назарига тушди. Бундеслига вакили ёш иқтидор эгасини ўз сафига қўшиб олиш учун ўтган трансфер ойнасининг сўнгги кунларида 17,5 миллион евронинг баҳридан ўтди.
«Бир куни тонгда клубдагилар менга леверкузенликлар керакли пулни тўлашганини ва мен юкларимни тайёрлашим шартлигини айтишди», дейди ҳимоячи Gazzetta нашрига берган интервьюсида.
«Олимпиакос» билан Чемпионлар Лигасида ўйнаш орзуйим эди, аммо мен бирор нарсага эришиш учун бошқа нарсадан воз кечишим кераклигини билардим. Ўшандан бери бу ҳақида кўп марта ўйладим. Демак, Худо шундай бўлишини истаган, деган қарорга келдим. Айтишим мумкинки, бу энг тўғри қарор бўлган. »
«Олимпиакос» академиясида саккиз йил тарбия топган истеъдод эгаси тез суръатлар билан ўйинини ривожлантириб борди. Бошқа клуб, лига ва маданиятга ўтган унинг ёшидаги футболчилар учун Грециядагидан кўпроқ нарсани кутишади. Ўзгаришлар катта эди, шунга қарамай унинг ўйини ўсишдан тўхтагани йўқ.
«Ёш футболчилар бу ерда стрессиз ўйнаши, хато қилишдан қўрқмасдан ўйнаш имкониятига эга, - дейди у Deutsche Welleга сентябрьда берган интервьюсида – бир тарафдан бу биз учун яхши. Ҳар қандай хатолар бизни янада кучлироқ қилади»
«Германияда 17-18 ёшли футболчилар топ даражадаги илк тажрибаларини оладилар. Улар тайёр бўлмаслиги мумкин, аммо улар жангга тайёрмиз, деб ўйлашади. Бу Грецияда умуман учрамайдиган ҳолат. 17-18 ёшлилар иқтидорли деб қаралади, улар ўсмирлар жамоасида ўйнашади ва 20-21 ёшга келибгина катта футболда ўйнашни бошлайди. Аммо бу бироз кеч деган фикрдаман.»
Леверкузенликлар сафида 29 учрашув ўтказган Ретсос ҳеч шубҳасиз бу чиғириқдан ўтиб бўлди.
Мустаҳкам интизом асосида тарбияланаётган Ретсос узун бўйига қарамай ҳимоя чизиғининг исталган нуқтасида ўйнай олади. Ўтган турда «Айнтрахт»га қарши кечган учрашувда у ўйинни уч кишилик ҳимоянинг чап қанотида бошлади ва учрашувнинг кўп қисмини ҳимоянинг кенгроқ позицияларида ўтказди.
Греция термаси вакили тўп билан муомала қилишни жуда яхши кўради ва бош билан ўйнашда ҳам тенгсиз саналади.
Ретсос асосий таркиб учун курашаётган ҳимоячилар орасида энг ёши ҳисобланади. Аммо унинг тезда мослаша олиши ва тез-тез асосий рольларда кўриниши уни Хайко Херрлих учун энг муҳим фигурага айлантирган.
Шу туфайли «Барселона» ёки «Арсенал» ушбу ёш ҳимоячини яқиндан кузатиб боришаётганидан ажабланмасак ҳам бўлади. Айни вақтда «BayArena»да катта таъсир кўрсатаётган футболчи тез орада у билан ҳам хайрлашиши мумкин.
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.