Хабарингиз бор, 18 август куни Индонезияда XVIII ёзги Осиё ўйинлари старт олади. Ўзбекистон спорт делегацияси мазкур нуфузли мусобақада муносиб иштирок этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Бу борада Миллий олимпия қўмитаси терма жамоаларимиз учун барча керакли шарт-шароитларни яратиб берган.
Бугунги кунда бир неча спорт турлари бўйича терма жамоаларимиз Осиё ўйинларига қаратилган ўқув-машғулот йиғинларини олиб бормоқдалар. Жумладан, эшкак эшиш («Туябўғиз» сув омбори), дзюдо (Чирчиқ), бокс (Ангрен), бадиий гимнастика (Тошкент), каратэ (Бўстонлиқ) бўйича терма жамоа аъзолари айни пайтда машғулотларни жадаллик билан давом эттирмоқдалар.
Шунингдек, ўсмирлар Олимпия ўйинларида қатнашадиган каноэчи ва курашчиларимиз ҳам Аргентинадаги мусобақага аллақачон тайёргарликни бошлаб юборганлар.
Маълумот учун, бугунги кун ҳолатига кўра, Ўзбекистон спорт делегацияси Жакартадаги Осиё ўйинларида 264 кишилик таркиб билан иштирок этиши кўзда тутилмоқда. Аммо мусобақа бошланишига яқин таркиб янада кенгайиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Спортчиларимиз 28 та спорт тури бўйича ўтказиладиган беллашувларда юртимиз шарафини ҳимоя қиладилар. Воқеалар ривожини биз билан кузатиб боринг, дея ёзади olympic.uz.