Йонас Хектор иккинчи дивизионга тушиб кетиши муқаррар клубни Бундеслигада «гегемон»лик қилиш учун яралган «Бавария»дан маъқул кўрди.
Нега? Якунланган мавсум «Кёльн»нинг ишлари сира юришмади: «эчкилар» ЕЛда гуруҳдан чиқа олишмади, миллий чемпионатда эса охирги ўринни банд этишди.
Қисқаси, «Кёльн»нинг Бундеслига билан хайрлашиши эрта кунда ойдинлашиб қолганди.
Бундеслига. 31-тур. «Кёльн» - «Шальке» - 2:2. Шу ўйиндан сўнг кёльнлик футболчилар майдонда кўз ёши тўкишди. Улар 2та гол уришди, аммо ғалаба қозона олишмади. Шу тариқа мавсум аламли якунланиши тасдиқланди.
Эртасига эса жамоа мухлислари кўнгилга таскин берадиган расмий хабар эшитишди: «Кёльн» иккинчи дивизионда йўқолиб қолмайди, негаки, етакчи футболчилар ҳеч қаерга кетмаслик ҳақида ваъда беришди». Жумладан, Германия миллий жамоаси ҳимоячиси Йонас Хектор ҳам клубда қолишини маълум қилди.
Ваҳоланки, унга Бундеслиганинг етакчи жамоалари бефарқ эмасди. Дейлик, «Бавария» ва Дортмунд «Боруссия»си вакиллари Хекторни диққат билан кузатишаётганди. Бир йилча олдин эса, футболчининг «Челси» сафига қўшилишига бир баҳя қолганди.
Диққатга сазовор томони, «Кёльн» ва Хектор ўртасидаги шартномага мувофиқ, харидор жамоанинг трансфер учун 8 миллион евро тўлаши кифоя қиларди (товон пули миқдори шунча эди). Қарангки, немис йигити амалдаги жамоасининг қуйи лигага тушиб кетиши аниқлигини била туриб, кутилмаганда, шартнома муддатини узайтирди.
Буни ҳеч ким ҳаттоки, хаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак. «Хектор - ажойиб футболчи ва шундай йигит. Замонавий футболда бундай олижаноб ўйинчиларни жуда кам учратасиз», - дея вазиятга изоҳ берди таниқли мураббий Армин Фе.
Футболчининг ўзи эса ҳаммани ҳайратга солган қарорини қуйидагича шарҳлади: «Айнан «Кёльн» туфайли ҳудудий лига футболидан Германия миллий жамоасида ўйнаш даражасига чиққанимни асло унутмайман. Клубдан умрбод миннатдорман.
Қолаверса, Кёльнда ўзгача қулайликларни ҳис қиламан. Ўтган ёз бемалол жамоани ўзгартиришим мумкин эди - ҳеч нарса тўсқинлик қилмасди. Бироқ виждоним йўл қўймади, кетишни нотўғри ҳисобладим.
Ҳа, кейинчалик ҳам турли клубларга таклиф этишаётгани ҳақида гап-сўзлар тарқалди, мен эса вақтдан фойдаланиб, ҳаммасини обдон ўйладим. Мана, якуний тўхтамга келдим: «Кёльн»га тегишлиман, янги мавсумни ҳам шу жамоа ва унинг ажойиб фанатлари билан бирга бошлашни истайман».
Замонавий футбол учун ноёб садоқат тушунчаси. Хекторнинг кўплаб жамоалар қизиқиш доирасига тушганию, салоҳияти чакки эмаслигини назарда тутсак, унга нисбатан ҳурмат ҳисси янада ошади...
ЙОНАС ХЕКТОР ҲАҚИДАГИ МУҲИМ ФАКТЛАР
1). 2017 йилнинг январида Месут Озил Германиянинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди. 2016 йил футболи лауреатларини аниқлаб берган ўша сўровда 3-ўринни айнан Хектор эгаллаганди.
Тўғри, у атиги 4 фоиз овоз олган ва фақат Озил эмас, Тони Кроосдан ҳам анча ортда қолганди. Факт шуки, Йонас маълум вақт германиялик элит футболчилар рейтингининг фахрий 3-ўрнида юрди. Бунақаси унутилмайди.
2). Хектор 2010 йилдан буён «Кёльн» шарафини ҳимоя қилмоқда, аммо фаолиятини бу клубда бошлаган эмас. Унинг биринчи жамоаси - камтарин «Ауэрсмахер». Шу номдаги шаҳарчада атиги 3 минг аҳоли истиқомат қилади.
Йонас Германия футболи тизимида 5-ўринда турувчи лигада тўп сура бошлаган вақт профессионал даражага чиқишни ўйламаган ҳам. Топ-клублар назарига тушгани ҳақидаги гап-сўзларга эса, узоқ вақт ишонмаган ва барчасига бепарво қараган.
3). «Бавария» скаутлари Йонасга унинг «Кёльн»га ўтишидан бир йилча олдин эътибор қаратишган. Айни ўша вақтда «Кайзерслаутерн» ва «Хоффенхайм» жамоалари вакиллари ҳам ёш футболчи билан боғланишган.
Умуман, Хектор «Ауэрсмахер»га ҳозир ҳам бефарқ эмас. Зеро, туғишган акаси узоқ вақт шу жамоада ўйнаган. Ўшанда Хектор клуб иштирокидаги ўйинларни тез-тез стадионда кузатарди.
4). Йонас Хектор Германия терма жамоаси сафида 36та ўйин ўтказиб, 3та гол уришга улгурди. У «Кёльн»нинг энг кўп маош олувчи футболчиси ва чин етакчиси. Хектор Бундеслига миқёсида энг кучли ҳимоячилар қаторида.
Бўлажак жаҳон чемпионатида қатнашиш имконияти ҳам чакки эмас. Ҳар ҳолда, Йонас Конфедерациялар кубоги-2017да Йоахим Лёв ишончини оқлаганди. Қаранг, шундай футболчи янги мавсумда Бундеслига-2да ўйнайди.
Ваҳоланки, «Бавария» таклифини қабул қилиб, совринларга кўмилиши мумкин эди. Лекин бу иқтидорли футболчининг танлови!
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.