Латвия пойтахти Рига шаҳрида МДҲ, Болтиқбўйи ва Грузия Миллий олимпия қўмитаси раҳбарлари учун минтақавий форум бўлиб ўтди. Форумни Латвия Миллий олимпия қўмитаси Олимпия бирдамлиги ва МДҲ Миллий Олимпия қўмиталари Ассоциацияси кўмагида ташкил қилди. Унда Ўзбекистон Миллий олимия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов ҳам иштирок этди.
Икки кун давом этган йиғилишда форум иштирокчилари Олимпия спорт турлари ривожи, Олимпия ҳаракати бўйича ўзаро фикр алмашишди, тақдимот ўтказиб, ўз марузалари билан иштирок этишди.
Миллий олимпия қўмитаси мамлакатимизда Олимпия Хартияси тамойилларини бузмаган ҳолда спорт ривожи йўлидаги ҳаракат ва тарғиботни олиб бормоқда. Барча МОҚларнинг мақсади битта, услублар эса ўзгача. Форумда 15 мамлакат вакиллари Олимпия ҳаракати, Олимпия таълимоти, талабалар спорти каби масалаларни ҳам муҳокама қилишди. Шунингдек, Спорт тиббиёти, фан ва оммавий ахборот воситаларининг боғлиқлиги ҳам ўртага ташланган муҳим мавзулардан бири бўлди.
Иштирокчилар бундан ташқари спортчиларни халқаро мусобақаларга тайёрлаш тажрибаси билан ҳам ўртоқлашишди, муваффақиятлар ва турли муаммоларни муҳокама қилишди. Ортда қолган форум иштирокчилар учун ҳақиқий ахборот майдони бўлди. Улар спорт соҳасидаги масалалар борасида янги тажриба орттиришди.