Футбол агенти Паулу Барбоза Португалия термасининг ЖЧдаги имкониятлари тўғрисида ўз фикрини билдирди.
«Агар Португалия кейинги турда, худди Марокаш билан ўйнагандек (1:0) ҳаракат қилса, плей-оффга чиқа олмайди. Мен ҳазиллашаётганим йўқ. Ҳозир шубҳадаман.
Тўп узатишларда жуда кўп хато! Бизнинг терма жуда секин. Энг асосийси - тўпни ушлашдан, назорат қилишдан қўрқадиган ўйинчилар бор. Жамоада ишонч йўқолди. Ярим ҳимоя ўз ишини бажара олмаяпти. Таркибни янгилаш керак.
Мени кўпчилик ўйинчилар ишонтира олмади. Жоау Мариу идеал ҳолатдан узоқлигини кўрсатди, Моутиньо ёмон ўйнади. Ҳимоячи Геррейруга эътирозлар бор - у жуда кучсиз ҳаракат қилди. Биринчи навбатда, дарвозабон Патрисиуни тилга олишим мумкин.
Албатта, Роналду ғалаба тўпини киритди. Бироқ, у яхши ўйнади, дея олмайман. Роналду танаффусдан сўнг ўзини кўрсатмади, имкониятлари кам бўлди. Португалияликлар фақат ҳимояланди, бу ҳайратланарли.
Гол ҳам қоидалар бузилган ҳолда киритилди. Пепе қоидани бузганди. Бу ерда ёлғон гапиришнинг кераги йўқ. Бу голни ҳисобга олмаса ҳам бўларди. Менинг фикримча, беллашувдаги энг яхши ўйинчи Роналду эмас, балки голкипер бўлди.
Фикримча, бизнинг квартетда биринчи ўринни Испания эгаллайди. Марокашнинг сўнгги турда йўқотадиган нарсаси йўқ. Ким иккинчи бўлади? Португалия ёки Эрон. Португалияликлар бундай ўйин билан эронликларга мағлуб бўлиши ва уйга қайтиб кетишлари ҳам мумкин», - деди Барбоза.