Хабар бериб ўтганимиздек, бугун 23 июнь куни мамлакатимизда Халқаро Олимпия Қўмитасининг “Olympic Day” байрами кенг нишонланмоқда. Бугун эрталабдан пойтахтимиздаги “Миллий” стадионда енгил атлетика ҳамда велоспорт бўйича мусобақалар ташкил этилди. Унда аҳолининг турли қатламлари, турли ёш тоифасидаги профессионал ва ҳаваскор спортчилар ўз имкониятларини синаб кўришди.
Кечки дастурда муҳлисларни ажойиб футбол шоуси кутиб турибди. Байрам баҳонасида Миллий олимпия қўмитаси юртимиз спортининг ривожланиши, унинг тараққиётига улкан ҳисса қўшган бир гуруҳ фахрийларни мукофотлади. Миллий олимпия қўмитаси мажлислар залида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Комилжон Худойберганов сўзга чиқиб, тадбир иштирокчиларини бугунги байрам билан табриклади ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раҳбари Умид Аҳмаджоновнинг табригини ўқиб эшиттирди.
Шундан сўнг спорт фахрийларига пул мукофотлари тантанали вазиятда топширилди. Фахрийлар номидан сўз олган Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий, спортнинг дзюдо ва эркин кураш турлари бўйича жаҳон чемпиони, фаолияти давомида икки юздан зиёд шогирдлар тарбиялаган Александр Истомин кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлик учун Миллий олимпия қўмитасига миннаторлик изҳор қилди.
Тадбирда шунингдек, таниқли спорт фахрийлари – оғир атлетика бўйича икки карра жаҳон чемпиони ва рекордчиси Эркин Каримов, Олимпия ўйинлари совриндори Светлана Бабанина, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий, ўзбек спортчилари орасида гимнастика бўйича биринчи бўлиб спорт устаси талабларини бажарган Эркин Ғиёсов, қиличбозлик бўйича фахрийлар ўртасида Осиё чемпиони Баҳодир Назиров, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Ахбор Имомхўжаевлар иштирок этишди ва тақдирланишди.
Спортнинг баскетбол туридан кўп карра жаҳон чемпиони, хизмат кўрсатган спортчи Равиля Салимова ҳамда бокс бўйича жаҳон чемпиони, Олиимпия ўйинларининг кумуш медали соҳиби Руфат Рисқиев каби фахрийларимизга эса мукофотлар Миллий олимпия қўмитаси ходимлари томонидан уйларига бориб топшириладиган бўлди.