Жаҳон чемпионатининг плей-офф босқичидаги дастлабки баҳс жуда чиройли кечди. Еттита гол урилган ўйинда Франция терма жамоаси Аргентинани мағлуб этишга муваффақ бўлди.
Айниқса, 19 ёшли Килиан Мбаппе бугунги баҳснинг ҳақиқий қаҳрамонига айланди. "ПСЖ" ҳужумчиси баҳснинг 11-дақиқасида бутун майдонни катта тезликда босиб ўтиб, рақиб жарима майдончасига кириб келди. Рохо уни қўли билан йиқитди. Белгиланган пенальтини Гризманн голга айлантирди.
Биринчи бўлим тугашига 4 дақиқа қолганида "альбисилесте" ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. Анхель Ди Мария 30 метрлардан тўпни дарвоза бурчагига жойлаб қўйди.
Иккинчи бўлимнинг дебюти Месси жамоадошлари учун омадли келди. Аргентиналиклар "стандарт"ни амалга оширишган пайтда ҳимоячи узатмани қайтарди, аммо тўп Мессига келиб тушди. Леонинг зарбасига Меркадо муваффақиятли оёқ қўйди ва гол!
Кейинги 20 дақиқаликда эса Франция рақиб дарвозасини 3 марта ишғол қилди. Дастлаб ўнг қанотдан ташкил қилинди ва жарима майдончасига узатма берилди. Ҳимоячи тўпни қайтара олмади. Павар эса 17 метрлардан шундай зарба бердики, тўп олис бурчакка кириб кетди!
Мбаппенинг юлдузли онлари 64 ва 68-дақиқаларга тўғри келди. Қанотдан етказилган узатмани Мбаппе эгаллади, бир финт билан икки ҳимоячи орасида ўтиб кетиб, ўткир бурчак остида зарба берди. Армани қўлларининг остидан тўпни ўтказиб юборди. Орадан 4 дақиқа ўтиб қарши ҳужумда французлар Мбаппени яккама-якка вазиятга чиқаришди. "ПСЖ" футболчиси аниқ зарба билан ҳисобни оширди.
Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Месси томонидан қанотдан етказилган узатмани Агуэро ҳужумчиси бош билан дарвозага жойлаб қўйди! Аргентина ҳисобни тенглаштириши мумкин эди, аммо футболчи яқин масофадан аниқ зарба бера олмади.
Ўта қизиқарли кечган ўйинда Франция ғалаба қозонди ва чорак финалга йўл олди. Дешам шогирдлари чорак финалда Уругвай-Португалия жуфтлиги ғолибига қарши майдонга чиқади.
ЖЧ-2018. Нимчорак финал
Франция – Аргентина 4:3 (1:1)
Голлар: 1:0 – 13, пенальти Гризманн, 1:1 – 41 Ди Мария, 1:2 – 48 Меркадо, 2:2 – 57 Павар, 3:2 – 64 Мбаппе, 4:2 – 68 Мбаппе, 4:3 – 90 Агуэро.
Франция – Льорис, Варан, Умтити, Люка Эрнандес, Павар, Матюиди (Толиссо, 75), Погба, Канте, Жиру, Гризманн (Фекир, 83), Мбаппе (Товен, 89).
Аргентина – Армани, Маскерано, Отаменди, Меркадо, Рохо (Фасио, 46), Тальяфико, Ди Мария, Банега, Перес (Агуэро, 66), Павон (Меса, 75), Месси.
Огоҳлантиришлар: Рохо (11), Тальяфико (19), Маскерано (43), Банега (50), Матюиди (72), Павар (73), Отаменди (90), Жиру (90).