"Реал" ҳужумчиси Криштиану Роналду "Ювентус"га ўтиш учун "Қироллик клуби" президенти Флорентино Перес томонидан қўйилган шартга рози бўлди. Португалиялик футболчи ўз хоҳиши билан туринликлар сафига ўтаётганини оммага эълон қиладиган бўлди.
Манбага кўра, Роналду мадридликлар хўжайини Флорентино Перес билан бирга матбуот анжуманида қатнашади ва унда футболчи ўз хоҳиши билан "Сантьяго Бернабеу"ни тарк этишга қарор қилганини айтади. Бундан ташқари, Криштиану "Реал" раҳбарияти уни жамоада олиб қолиш учун барча ишни қилганини таъкидлаши лозим.
Эслатиб ўтамиз, Роналдунинг трансфери Перес туфайли ортга сурилиб келмоқда. "Реал" президенти жамоа тарихидаги энг яхши футболчини сотган раҳбар сифатида тарихдан ўрин олишни истамаяпти.
Италия матбуоти тарқатган хабарга кўра, Криштиану Роналду "Юве" билан 4 йиллик шартнома имзолайди ва йилига 30 миллион евро маош олади. "Кекса синьора" мазкур трансфер учун "қаймоқранглилар"га 100 миллион, футболчининг агентига 20-25 миллион евро тўлайди.