Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Финалга бир қадам! ЖЧ ярим финалининг дастлабки ўйини ҳақида

Баҳо:
+ | -

Футбол бўйича жаҳон чемпионати ўзининг якуний босқичига етиб келди. Бугун ярим финал ўйинлари бошланади. Дастлаб финал йўлланмаси учун икки қўшни мамлакат Франция ва Бельгия терма жамоалари куч синашади.

Босиб ўтилган йўл

Франция терма жамоаси ярим финалга етиб келгунига қадар гуруҳ босқичида камтар натижалар кўрсатди. Аввалига Австралия терма жамоаси (2:1), кейин эса Перу терма жамоаси (1:0) катта қийинчиликлар эвазига мағлуб этилди. Сўнгги турда Дания терма жамоаси билан дуранг “уч ранглилар“га гуруҳ ғолиблигини тақдим этди.

Нимчорак финалда фаранглар Месси бошчилигидаги Аргентина терма жамоасига қарши майдонга тушиб, голларга бой тарзда кечган учрашувда 4:3 ҳисобида ғалаба қозонди. Чорак финалда эса Жанубий Американинг бошқа бир жамоаси Уругвай таслим этилди.

Бельгия терма жамоаси эса аксинча гуруҳ босқичини жуда ишончли ўтказди. Аввалига Панама (3:0), кейин Тунис терма жамоалари (5:2) йирик ҳисобда мағлуб этилди. Сўнгги турда Англия устидан (1:0) ғалаба қозонган Мартинес шогирдлари плей-оффнинг энг қийин йўлидан боришига тўғри келди.

Бу йўлда дастлабки рақиб унчалик жиддий бўлмасада, ўйин давомида барчаси тескари экани кўзга ташланиб қолди. Япония терма жамоаси 2:0 ҳисобида олдинга ҳам чиқиб олганди. Бироқ ўйин сўнгида ўзига келган бельгияликлар учта тўп киритиб, иродали ғалабани қўлга киритишди. Чорак финалда европаликларга мусобақа фаворитларидан бири Бразилия рўбарў келди. Ўта жиддий рақибга қарши мардонавор курашган бельгияликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, курашни давом эттирадиган бўлди.

Ўзаро ўйинлар

Бу икки терма жамоа ўзаро 14 марта рўбарў келишган бўлиб, уларнинг 11таси расмий учрашув мақомида бўлган. Қолган учтаси ўртоқлик учрашуви мақомида ўтказилган. Францияда 5та (ўртоқлик ўйинларида 0), Бельгияда 4та ғалаба (ўртоқлик ўйинларида 1та) бор. 5та учрашувда дуранг (ўртоқлик ўйинларида 2та) қайд қилинган. Тўплар нисбати 27-19 (ўртоқлик ўйинларида 3-4) Франция фойдасига.

Терма жамоаларнинг расмий учрашувлари узоқ тарихга бориб тақалади. Икки жамоа сўнгги марта 32 йил муқаддам Мексикадаги жаҳон чемпионатида учинчи ўрин учун ўйинда майдонга тушишган ўшанда ўйиннинг асосий вақти 2:2 ҳисобида тугаган ва қўшимча таймларда Франция иккита тўп киритиб, 4:2 ҳисобида ғалаба қозонганди. ЖЧ доирасидаги яна бир учрашув эса 1938 йилги мундиалда бўлиб ўтган ва унда Франция 3:1 ҳисобида рақибидан устун келган.

Бундан ташқари икки терма жамоа ЖЧ саралаш босқичи ўйинларида 4 марта учрашган бўлиб, уларнинг иккитаси Франция, 1тасида Бельгия ғалаба қозонган, 1 дуранг. Европа чемпионатлари саралаш босқичида ҳам улар 4 марта дуч келган бўлиб, бунда Бельгия икки учрашувни ютган, Франция эса бирорта ҳам ғалаба қозона олмаган, 2 дуранг. Европа чемпионати финал босқичидаги ягона ўйинда эса Франция (1984 йил) йирик 5:0 ҳисобида зафар қучган.

Ўйин олдидан иккала жамоа таркибида ҳам йўқотишлар йўқ. Бу учрашувда терма жамоалар энг оптимал таркибни майдонга тушириши кутилмоқда.

Учрашувни уругвайлик Андрес Кунья бошқариб боради. Қанотларда унга икки ватандоши Николас Таран ва Маурисио Эспиноса ёрдам беради. Захира ҳаками: Сезар Рамос — Мексикадан.

Ўйин Тошкент вақти билан 23:00да бошланади. Учрашув Санкт-Петербургдаги “Санкт Петербург Арена“ стадионида бўлиб ўтади.

Манба: www.xs.uz
Киритилди: 17:48, 10.07.2018.
Ўқилди: 3278 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.