Рейтинг - қизиқарли рўйхат. Тўғри, ҳамма ҳам турли-туман рейтингларга ишонавермайди. Soccer.ru сайти эса улар қандайдир асосга эгалигини битта «рақамлаштирилган» футбол рўйхати мисолида кўриб чиқди.
Бу рейтинг евромавсум-2017|2018 якуни бўйича тузилган. Яъни унинг жаҳон чемпионати кўрсаткичларига умуман дахли йўқ.
Футбол - бу ижодий жараён. У гоҳида математик ҳисоб-китобларга асло бўйсинмайди. Яъни ўйинчиларнинг кўрсаткичларига боғлиқ таҳлилий аниқ рақамлар баъзида мантиққа умуман тўғри келмайди. Умуман, футбол шуниси билан ҳам қизиқ. Ўйинлар ва уларнинг атрофидаги воқеаларни турлича муҳокама қилиш мумкин.
Бундай кенг «таҳлил майдони» бошқа бирор спорт турида мавжуд эмас. Асосийси, футбол шуниси билан объектив ўйинки, якунда ҳаммасини таблодаги ҳисоб аниқлайди. Ҳа, бошқа спорт турларида ҳам шундай. Аммо тан олиш керак, футбол натижаси ва дейлик, енгил атлетикачи қайд этган кўрсаткич ўртасида катта фарқ бор.
Ахир бирида кўп нарсани қандайдир сониялар ёки метрлар ҳал қилади ва уларни объектив ўлчаш имкони бор, иккинчисида эса, голни юзага келтирган ҳолатни аниқ рақамлар билан ифодалаш мумкин эмас. Хуллас, футболда натижани таъминлайдиган факторларнинг саноғи йўқ - ҳужумчининг моҳирлиги, ҳимоячининг хатоси, дарвозабоннинг омадсизлиги, қолаверса, майдон ҳолати...
Шунга қарамай, таҳлилчилар футболни ҳам қандайдир математик формулага солиш асносида энг яхши ижрочиларни аниқлашга уринишади. Бу масалада катта математик моделлар ҳам ишлаб чиқилган бўлиб, улар воситасида таблодаги ҳисоб майдонда кўрсатилган реал ўйинга нечоғли мувофиқ эканлигини кўриб чиқиш имкони бор. Аммо ҳаммаси нисбий характерга эга.
Чунончи, тушунарлики, рақиб жамоаларнинг ўйинга ёндашуви ва услуби турлича бўлади. Мисол учун, қайсидир клуб мунтазам равишда иккинчи рақам остида ўйнаш асносида натижага эришишни ўйлайди. Лекин бу ҳол унинг бошқалардан заифлигини англатмайди асло.
Ҳаммаси тактикага боғлиқ - кимдир чиройли футболни устун қўяди, бошқаси натижа йўлида мазмунли ҳаракатлардан шунчаки, воз кечиб қўя қолади. Шуни ҳисобга олсак, футболда энг яхшиларни аниқлаш анча мушкул.
Футболни математик формулага солишга уринаётган ташкилотлардан бири - бу CIES Football Observatory. Унинг баҳолаш тизими турли йўналишларни ўз ичига олади: клублар салоҳияти, футболчиларнинг фойдали иш коэффициенти ва уларнинг трансфер нархи.
Дейлик, CIES Football Observatory таҳлилчилари клублар томонидан муайян футболчилар учун белгиланган трансфер нархи реалликка нечоғли тўғри келишини аниқлашга уринишган. Улар бунда ўйинчининг бозор нархини белгилайдиган ўша машҳур transfermarkt.de сайти маълумотлари ва якунда клуб томонидан унинг айнан қанчага сотилганини ўзаро таҳлил қилишган.
Айтиш мумкинки, ташкилот футболчи салоҳияти ва истиқболини тахминан баҳолашда маълум тажрибага эга ва барчасида реал асосларга таянади. Ҳа, нархни «мувофиқлаштириш»да клублар навбатдаги юлдузни қанчага сотиши ёки харид қилиши хусусидаги хабарлар эмас, балки асосан transfermarkt.de маълумотларидан фойдаланилади.
Муҳими, CIES Football Observatory ўз алгоритми нисбатан асосли бўлиши учун ҳар мавсум якунида футболчиларнинг эффектлилик даражасини белгилаш учун махсус рейтинг тузишни ҳам йўлга қўйган.
Мавсум-2017|2018 бўйича тайёрланган рейтингга Европанинг кучли 5та миллий лигасида камида 1800 дақиқа ўйнаган барча футболчилар киритилди. Биргина истисто бор: Германия Бундеслигасида жамоалар сони озлиги учун 1440 дақиқадан кўп ҳаракатланганларга эътибор қаратилди.
Тушунарлики, ҳамма бу каби рейтингларда биринчи навбатда, Лионель Месси, Криштиану Роналду ва Неймарни қидиради. Янги рўйхатга қарасак, ЖЧда яна омадсизликка юз тутган аргентиналик юлдуз яққол кўзга ташланиб турибди - 1-ўрин. Бироқ унинг асосий рақиби - Криштиану Роналду атиги 16-қаторда.
Бразилиялик Неймар эса кучли 20таликда ҳам йўқ. Мессининг етакчи бўлгани ўз-ўзидан тушунарли - у Испания чемпионатининг сўнгги мавсумида идеал футбол кўрсатди, буни статистик кўрсаткичлар билан ҳам тасдиқлади.
Қизиқ, Роналду нега атиги 16-поғонада?..
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.