ЖЧ-2018нинг энг яхши дарвозабони деб топилган Тибо Куртуанинг чорак финал доирасидаги Бразилия термасига қарши баҳсда кўрсатган ўйини ёдингиздами?
Ўшанда унинг ўзига бўлган ишончи юқори эди, ажойиб «сейв»ларни бажарди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда эса Неймарнинг ажойиб зарбасини қайтарди.
Айнан шу ҳолатдан сўнг «пентакампеонлар»нинг уйларига эртароқ қайтишлари ойдинлашди.
- Биз гуруҳда Англияни ютиб, «сетка»нинг мураккаб қисмига тушдик. Асосийси, буни чин дилдан хоҳлагандик, зеро ҳар қандай рақибни мағлуб этишимизга кўзимиз етганди. Бразилия билан ўйин фикримга исбот бўла олади, - деганди Куртуа ўша ғалабадан сўнг.
- Савиямни кўрсатганимдан хурсандман. Ахир мени бу йил кўп танқид қилишди, аммо ЖЧга бежиз келмаганимни барча тушунди. Неймарнинг зарбаси йўналишини топдим, у тўпни кўпинча шундай усулда йўллайди.
Ўша ғалабали оқшомда Куртуа қайси танқид ҳақида гапирди? Ҳойнаҳой, футболга тааллуқли эмас. Чунки баҳорда у шов-шувли можаро қаҳрамонига айланганди. Бельгия термаси собиқ бош мураббийи Марк Вильмотс beIN Sports телеканалига берган интервьюсида, дарвозабонни ОАВ фойдасига айғоқчилик қилаётганликда айблаганди.
- Термада муаммога йўлиқдим: кечки соат олтида кейинги ўйинда майдонга тушадиган таркибни эълон қилишга тайёрланаётгандик, соат 18:15да эса рўйхат ҳамма ерда чоп этилибди, - деганди Вильмотс ўшанда.
- Яъни футболчилардан бири маълумотни четга олиб чиққан. Кўп ўтмай айрим франциялик журналистлар бу ишни Куртуанинг отаси қилганини таъкидлашди. Тибо ватанини ҳурмат қилмайди. Ахир рақиб шу тариқа устунликка эга бўлиб, вақтдан ютди.
Кипернинг отаси Тьерри мураббийнинг барча айбловларини инкор этди, бироқ бу пайтга келиб тузуккина шовқин кўтарилганди. Бельгияликлар мазкур воқеа миллий жамоанинг ЖЧ-2018даги иштирокига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан ҳайиқишганди. Боз устига, терманинг ҳозирги мураббийи Роберто Мартинесга нисбатан муносабат ҳам яхши эмасди.
Масалан, Мексикага қарши ўртоқлик ўйинидан сўнг Кевин де Брюйне жамоанинг ҳаддан зиёд ҳимояга кўп эътибор қаратаётганидан нолиди. Унинг сўзлари кўпчиликка Куртуанинг Евро-2016 ўтаётган пайт Вильмотс манзилига йўллаган танқидларини эслатди.
Аммо хавотирлар бежиз эди. Куртуанинг мураккаб «сетка»га тушиш ҳақидаги сўзлари - мураббийнинг қўллаб-қувватлашидан бошқа нарса эмас. Бельгия орзу сари дадил интилиб, 3-ўринни эгаллади. «Челси» посбони эса «Олтин қўлқоп» соҳибига айланди.
Баъзан икки метрли бу йигитнинг тезкор ҳаракатлар билан сакраб, ўта мураккаб зарбалар йўлига тўғаноқ бўлиши ғайритабиийдек туюлади. Куртуани болалигидан танийдиганлар учун эса бу янада ажабланарли.
Зеро у кичиклигида ўта бесўнақай ва қовушмаган бола бўлган. Онаси уни тез-тез шифохонага олиб борарди: гоҳида бармоғини шикастласа, гоҳо оёғи лат ерди, баъзан эса бошидан жароҳатланарди...
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.