Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Исландияни юксакликка кўтарган мураббий Россия чемпионатида ишлашга тайёр...

Баҳо:
+ | -

Исландия миллий жамоасида портлаш эффектини юзага келтирганча мураббийлар катта саҳнасига чиққан ва ЖЧ-2018 якунида истеъфога чиқишни маъқул кўрган Хеймир Хадльгримссон фаолиятини Россия Премь­ер-лигасида давом эттиришга тайёр.

Унга муносиб таклиф тушса, бас. Ҳар ҳолда, Исландия футболини бир поғона юқорига кўтарган мураббий «ССФ» нашри мухбирлари билан суҳбат давомида кутилмаган истеъфоси сабабларига тўхталиш баробарида рус диёрида ишлашга мойил эканлигини яширмади.

МУРАББИЙ БЎЛИШ ЯХШИМИ ЁКИ ДАНТИСТ?

- Исландия миллий жамоаси футболчилари ҳақиқий викинг ва жангчи сифатида гавдаланиб, нафақат мухлислар, балки россиялик аёлларда ҳам жуда яхши таассурот уйғотишди. Жаҳон чемпионатидек йирик турнирда четдан бўлган кучли эътибор сизларга нечоғли халақит берди?

- Дунёда аёллар эътиборидан кўра, минг чандон ёмон таъсир қилувчи ҳолатлар йўқ эмас. Ўз ўрнида алоҳида таъкидлашим керак, бу борада омадимиз чопди: Россия - гўзал аёллар макони эканлигига амин бўлдик. Шунингдек, Россия ва Исландиянинг ўхшаш жиҳатларини ҳам пайқадим.

Дейлик, ҳар икки юртда мураккаб ишларни бажариш жуда мушкул эканлигини яхши билишади ва буни уддалаганларга тўлиқ ҳурмат билан ёндашишади. Машҳурликка келсак, Золушка ҳақидаги тарих кимга ёқмайди?

Кичик мамлакат жамоаси гоҳида нисбатан кучли рақибга нафақат тенгма-тенг кураш таклиф этади, балки меҳнатсеварлик, жасорат ва аниқ йўлга қўйилган ўйин эвазига уни доғда қолдириши ҳам мумкин. Демакки, мухлислар ва мухлисаларнинг кучли эътиборини тўғри тушуниш керак - шогирдларим шунга муносиб ҳаракат қилишди.

- Россияда Исландия термасини нақадар яхши кўришларига шахсан ўзингиз гувоҳ бўлдингиз. Ҳозир ҳаммани битта масала қизиқтирмоқда: Хадльгримссон шундай севимли жамоа билан нега хайрлашишга қарор қилди?

- Очиғи, бу жуда қийин қарор. Зеро, мухлислар ҳам, футболчилар ва миллий федерация вакиллари ҳам жамоада қолиб, ишимни давом эттиришимни сўрашди. Чунки термамиз тўғри йўналиш бўйича кетаётганини ҳамма кўрди.

Шунга мувофиқ, кўпчилик жамоа билан олға қадам босишдан тўхтамаслигимни истади. Бироқ миллий терма равнақи йўлида 7 йил хизмат қилдим, бу вақтда бор салоҳиятимни ишга солдим. Агарда таклифларга кўниб, шартнома муддатини узайтирганимда, мен жамоада ўтказган умумий вақт нақ 10 йилга етарди.

Қисқаси, барчасини обдон ўйладим, таҳлил қилдим ва якунда хулосам шу бўлдики, бошқача муҳит, янгича мотивацияга эҳтиёжим бор, Исландия термасига эса бошқа мураббий керак. Ҳарқалай, футболчилар 7 йил давомида менга қулоқ солишди, ғояларимни эшитишди, улар бироз зерикишгандир (кулади).

Ўйлайманки, Исландия футболида амалга татбиқ этилган тизим жойида, мана, биз танлаган модель натижа бермоқда. Шундай экан, барчасида собит туриб, далил қадам босавериш керак.

Энди янги бош мураббий ўйин услубига қандайдир янгиликлар олиб кириб, футбол сифатини янада ошириши мумкин. Мен эса миллий жамоадан қониқиш ҳисси билан хотиржам ҳолда кетяпман: «Иш талаб даражасида бажарилди». Фақат буёғига бошланган ҳаракат тўхтаб қолмаса, бас.

- Айтишларича, онангиз тиш доктори бўлишингизни хоҳлагани туфайли вақтида футболни четга суриб қўйиб, узоқ муддат ўқиган экансиз. Сиз айтаётган янгича мотивация мабодо тиббиёт соҳасига боғлиқ эмасми?

- Шу жойда онамни мақташим жоиз. У ажойиб ва доно аёл. Дейлик, мени тиббиётга йўналтирганида, Исландияда дантист футбол мураббийига нисбатан анча кўп пул топишини ўйлаган ва бу тўғри фикр эди. Лекин вазият ўзгарди, мана, миллий жамоа бош мураббийи сифатида стоматология муассасасидагидан анча кўп ишладим.

Шундай экан, бу масалада гапиришга ҳожат йўқ, албатта, моддий таъминоти яхшироқ футболда қоламан (кулади). Ҳар ҳолда, ниятим шундай ва ҳозир турли таклифларни ўрганиб чиқяпман. Тўғри, тан олишим керак, футболда ўз мамлакатинг миллий жамоаси бош мураббийи лавозимидан кўра, қизиқарлироқ ва фахрлироқ юмуш топиш мушкул.

МАГНУССОН ЦСКАга МУНОСИБ...

ДАВОМИ

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 20:51, 16.08.2018.
Ўқилди: 3254 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.