Англиянинг бой жамоалари кўпинча футболчилар трансферига уларнинг бозор нархига нисбатан бир неча баравар кўп маблағ сарфлайди.
Умуман, охирги йилларда шундан тасаввур ҳам пайдо бўлдики, АПЛ вакиллари дуч келган ўйинчини сотиб олишни хоҳлашади, у озгина жасорат кўрсатса, бас... Энг асосийси, инглизлар ўзларига ёққан футболчи трансферига яхшигина ҳақ тўлашади.
Нега шундай? Ҳаммаси оддий: АПЛ иштирокчилари катта харажат қилишга қодир. Ахир Англия лигаси 3 йиллик телетрансляциялар ҳуқуқини рекорд сумма - 7,8 млрд. долларга сотган. Бу битта мавсум учун 2,6 миллиарддан тўғри келади.
Шу катта тушумнинг салмоқли қисми мавсум якунидаги натижаларга қараб, клублар ўртасида тақсимланади - мукофот пули тариқасида. Таққослаш учун айтсак, АПЛ аутсайдерлари ҳам дейлик, Россия чемпионига нисбатан анча кўп пул олишади.
Кучли жамоаларнинг мавсум давомидаги улуши эса 100 миллиондан ҳам ошади. Англиялик ТВчилар ҳам шунча пулни бекорга бериб қўядиган аҳмоқ эмаслар, улар клубларнинг қўшимча даромади кимдингдир чўнтагига кириб кетмаслиги, аксинча, асосан таркибни кучайтириш учун йўналтирилишини яхши тушунишади.
Шу муносабат ўлароқ, АПЛнинг жозибаси йилдан-йилга ошиб бораверади, бундан эса ТВ-компаниялар ҳам манфаатдор. Қисқаси, Англия чемпионати ҳар йили шу миллионлар эвазига сотиб олинган сайёрамизнинг энг сара футболчилари ҳисобига бойийди.
Зеро, АПЛ ўйинлари қанчалик қизиқарли тус олса, бутун дунёда унинг томошаси учун шунча кўп пул сарфлашади. Қарабсизки, ТВчилар киритилган сармояни шу аснода қоплаб, бинойидек фойда ҳам кўришади. Бордию, қайсидир футболчи Англияга йўл олмаса, билингки, клубларда унга эҳтиёж йўқ.
Кимдир бошқача ўйлаши ва мисол тариқасида «Челси»нинг россиялик Александр Головин учун курашда «Монако»га ютқазганини айтиши мумкин. Бироқ факт шуки, «аристократлар» дарвозабонга эҳтиёж сезишгани ҳамоно Кепа Аррисабалага трансферига 80 млн. евро ажратишди - бунда ҳаттоки, ортиқча савдолашишмади.
Англияликлар доимо шундай йўл тутишади - катта сумма таклиф қилишади ва нарх муҳокамасига ҳожат қолмайди. Тўғри, улар баъзан реалликдан шу қадар узоқлашиб кетишадики, ўртамиёна савияга эга футболчига ҳам мисли кўрилмаган даражада кўп тўлашлари ҳеч гап эмас.
«ССФ» нашри журналистлари Англия клубларининг жорий ёзги трансферларига қараб, айнан ақлга сиғмайдиган келишувларни ажратиб чиқишди. Марҳамат, топ-10 шаклида тузилган рўйхатга қараб, ўзингиз баҳо беринг. Зеро, клублар бу футболчиларни бозор нархидан бир неча баравар қимматига сотиб олган.
10. Дэвид БРУКС
Харидор: «Борнмут»
Сумма: 11,3 млн. евро
Камтарин «Борнмут» бу йил мавсум арафасида таркибини имкон қадар кучайтиришга ҳаракат қилди. Мақсад - финишда сайёрамиздаги энг қимматбаҳо лигадан чиқиб кетмаслик. Янги футболчилардан бири - уэльслик 21 ёшли ярим ҳимоячи Дэвид Брукс трансферига 11,3 млн. евро тўланди.
Ваҳоланки, transfermarkt.dе сайти маълумотларига таяниб айтсак, унинг бозор нархи 5 млн. еврони ташкил этади. Демакки, «Борнмут» бу футболчига асл қийматидан 2,26 баравар кўп тўлаган. Энг қизиғи, Брукс бунга қадар АПЛда ўйнаган эмасди, унинг расмий ўйинлардаги умумий статистикаси ҳам ҳаминқадар: атиги 4та гол ва 9та самарали узатма.
9. Льюис ГРАББАН
Харидор: «Ноттингем Форест»
Сумма: 6,8 млн. евро
Йўқ, ямайкалик 30 ёшли ҳужумчи АПЛ иштирокчиси сафига қўшилмади, аксинча, «Борнмут»дан Чемпионшипда ўйновчи «Ноттингем Форест»га йўл олди. Фахрий футболчининг бозор нархи чамаси 3 млн. еврога тенг бўлсада, харидор унинг учун 6,8 «лимон» беришга рози бўлди - асл баҳосидан 2,27 баравар кўп.
Дарвоқе, Граббан бутун фаолияти давомида Премьер-лига даражасида атиги 24та ўйин ўтказган ва уларда 1та гол уриб, яна бирига ассистентлик қилган, холос.
8. Жеймс МЭДДИСОН
Харидор: «Лестер»
Сумма: 25 млн. евро
21 ёшли марказий ҳимоячи «Норвич»дан «Лестер»га ўтди. Унинг трансфери аслида 10 млн. еврога баҳоланаётган эди, аммо Риёд Маҳрез учун «Манчестер Сити»дан жуда кўп пул олган «тулкилар» раҳбарияти қутуриб кетди, чоғи, савдолашишни ортиқча билиб, Мэддисон трансферига унинг асл баҳосидан 2,5 маротаба кўп (25 млн. евро) берди.
Инглизларнинг юқори савияда ўйнамаган футболчи учун 11,3 млн. евро тўлашганидан ҳайратланган бўлсангиз, энди «шок» ҳолатига тушишингиз аниқ - Мэддисон ҳам бунга қадар АПЛ даражасида бирор марта майдонга тушган эмасди.
7. Сэм ЖОНСТОН
Харидор: «Вест Бромвич»
Сумма: 7,35 млн. евро
«МЮ» ниҳоят, клуб тарбияланувчиси, голкипер Сэм Жонстон билан батамом хайрлашишга қарор қилди. Эътибор беринг, «қизил иблислар» уни ижара келишувлари асосида нақ 10 марта малака ошириш сафарига жўнатишганди.
Қисқаси, Сэм 7та жамоа ихтиёрига борган бўлсада, АПЛда бирор марта майдонга тушмаганди. Шунга яраша унинг трансфери чамаси 2,5 млн. еврога баҳоланган эди, аммо ҳимматли «Вест Бромвич» «ғўр» киперни 7,35 млн. еврога сотиб олди (2,94 баравар қимматига).
6. Маттео ГЕНДУЗИ
Харидор: «Арсенал»
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.