«Ливерпуль» клуби бош мураббийи Юрген Клопп яқинда France Foоtball нашрига интервью берди.
Франциялик журналистлар билан суҳбат чоғида жаҳоннинг етук мутахассисларидан бири турли мавзулардаги саволларга жавоб бераркан, VAR тизими ҳақидаги фикрларини ҳам ўртоқлашди.
- Юрген, ортда қолган таътил қандай ўтди?
- Таътил давомида Германия, Испания ва Францияга бордим. Дарвоқе, фаранглар ўлкасидаги бир дўстимнинг мўъжазгина Муан-Сарту шаҳарчасида уйи бор. У ерда вақтимни мароқли ўтказдим.
- Жаҳон чемпионатини кўрдингизми?
- Албатта. Дастлаб унчалик кўп ўйинларни кўрмадим, «плей-офф»дан бошлаб эса кўпроқ учрашувларни кузатдим. Германия, Англия, Хорватия, Бельгия, Франция термалари иштирокидаги баҳсларни ўтказиб юбормасликка ҳаракат қилдим. Аммо уззукун телевизор қаршисида ўтирдим, деёлмайман.
- Бу галги мундиал сизга ниманидир ўргатдими?
- (Кулиб) Ушбу жаҳон чемпионати тактика масаласида футболга нимадир берди, деб ўйламайман. Футбол майдонининг ўлчами ўша-ўша, футболчилар сони ҳам 11 нафардан, мунтазам равишда ниманидир кашф этиш имконсиз. Германия термаси ўйинига янгилик киритмоқчи бўлганди, бу муваффақиятсизлик билан якун топди.
Айрим жиҳатларни биз жаҳон чемпионатигача кўргандик. Қайси жамоада бугунги куннинг энг яхши футболчилари тўп сурса, ўшалар ғолиб бўлади. Табиийки, бугун Франция термаси кучли, шунга қарамай, Бельгия, Бразилия, Хорватия жамоаларини ҳам алоҳида кўрсатмоқчиман.
Германия ҳам ажойиб таркибга эга эди, аммо психологик муаммолар турнирни кўнгилдагидек ўтказишга тўсқинлик қилди.
- Россияда ўтган жаҳон чемпионати нимаси билан ёдда қолди? Ўйинларга таъсирини ўтказган VAR тизими ҳақида нима дейсиз?
- VAR тўғрисида гапирсам, усиз барчаси ёмонроқ бўлиши мумкин эди. Чунки айрим вазиятларни бу тизим ёрдамисиз аниқлаш имконсиз эканлигини кўрдик. Ушбу технологияни ўтган мавсум Бундеслигада кузатгандим. Дастлаб мураккабдек туюлсада, вақт ўтгани сари ҳаммаси соддалашди.
VAR бўлмаганда, жаҳон чемпионлигини бошқа жамоа қўлга киритиши ҳеч гап эмасди. Бу гапим Франция термасининг кучига шубҳа билан қараётганимни билдирмайди. Янги тизим қўлланмаганда, финалда пенальти белгиланмасди. VARнинг футбол керак-керакмаслиги хусусида аниқ жавобим йўқ.
Айтайлик, ҳакамда (аргентиналик Нестор Питана - FF) пенальти белгилаш учун тўлиқ асос бор эди, ваҳоланки, янги технологиясиз вазиятни нотўғри баҳолаши ҳеч гап эмасди. Бироз аввалроқ эса у Гризманнга нисбатан ишлатилган қўполлик учун жарима зарбаси белгилади. Ушбу ҳолат бўйича ҳам ишқибозлар фикр билдиришди:
«Кимдир ҳакамга қўполлик ишлатилмаганини тушунтириши керак». Француз журналистларига ўша вазиятда Гризманн ақлли эканлигини кўрсатганини айтаман. Бошқа миллат вакилларига эса «У шўнғиди!» дейишим мумкин. Агар ўша вазият видеотакрорда кўрилса, жарима зарбаси бекор қилиниб, Гризманнга сариқ карточка кўрсатилиши керак эди.
Бу ҳам кўп нарсани ўзгартиради. Ўйлашимча, ушбу мавзуга нуқта қўйиш лозим! Футбол баҳси хатолардан иборат. Бу табиий ҳолатга мослашиш даркор.
- Шакирини ҳам қўшиб ҳисобласак, мундиалда «Ливерпул»нинг тўққиз нафар футболчиси қатнашди ва клуб ихтиёрига ҳар хил вақтда қайтишди. Бундай шароитда тайёргарлик қандай кечди?
- Футболчиларга «Пул оляпсизми, демак клубга дарҳол қайтиб, машғулотларни бошлашингиз керак», дейиш осон. Аммо ўйинчиларнинг ҳордиқ чиқарган ҳолда, яхши формада келишларини таъминлаш ҳам менинг вазифаларимдан бири.
Улар камида уч ҳафта дам олиш ҳуқуқига эга эдилар. Мен эса шогирдларимнинг соғлиғи, жисмоний тайёр ҳолда бўлишлари ҳақида ўйлашим керак.
- Бу галги мавсумолди жараёни аввалгиларидан фарқландими?
- Биз жамоа сифатида ўсишда давом этяпмиз. Ўтган мавсумни фантастик тарзда ўтказдик, ваҳоланки, Чемпионлар Лигаси финалида биз хоҳлаган натижа қайд этилмаган бўлсада.
Кўпчилик ҳал қилувчи ўйингача етиб боришимизни кутмаганди, бироқ воқеалар ривожи финалда ўйнашга муносиблигимизни кўрсатди.
- Афсусланмадингизми?
- Салоҳнинг жароҳати барчасини кескин ўзгартириб юборганини ҳамма кўрди. Аммо бу сабабларнинг биттаси, холос. Ҳозир тарихни қайтадан ёзмаймиз, аммо аввалги мавсумнинг сўнгги икки ойида ихтиёримда бор-йўғи 12 нафар соғлом ўйинчи қолганди.
АПЛда охирги паллагача ЕЧЛ йўлланмасини берадиган тўртинчи поғона учун «Челси» билан курашишимизга тўғри келди. Ҳамма ўйинлар оғир ўтди. Аммо афсусланишга сабаб кўрмаяпман. Тўғри, мақсадимиз Чемпионлар Лигаси финалида ғолиб чиқиш эди. Аммо ўз навбатида, биз бу ютуққа қандай эришмоқчилигимизни ҳам кўрсатмоқчи бўлгандик.
Шу тариқа тактикамиз ўзини оқлаётгани, самара келтираётганига амин бўлмоқчийдик. Ушбу масалада тўлиқ қониқиш ҳосил қилдим. Бундан ташқари, финалда Серхио Рамоснинг қандай ўйнаганини барча кўрди. Қолаверса, Кариуснинг ҳолатини ҳам унутмаслик даркор.
Ишонинг, бу табиий ҳолат эмас: дарвозабонимиз ростдан ҳам бошидан жароҳат олганди. Биз мурожаат этган ҳамма мутахассислар Лориснинг лат ейиши унинг ҳаракатларига таъсир ўтказганини тасдиқлашди. Бундай ўйинларда эса юз фоиз тайёр бўлиш талаб этилади.
- Футболдаги фалсафангиз нимага асосланган?
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.