Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Унутилаёзган ғалабаларнинг тотли таъми

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон терма жамоаси мазмунли ўйин намойиш қилиб, ниҳоят, кетма-кет иккита ютуққа эришди. Ғалабанинг таъмини деярли унутаёзгандик. Анча тотли экан, гарчи у ўртоқлик ўйинларида қўлга киритилган бўлса-да...

АСОСИЙ ТАРКИБНИ АНИҚЛАШ ИЛИНЖИДА

Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер октябрь ойидаги иккита ўртоқлик ўйини орқали футболчиларни синовдан ўтказиб, асосий таркибни аниқлаб олишга ҳаракат қилаётгани яққол кўзга ташланди. Уч кун олдин КХДРга қарши бўлиб ўтган баҳсда аргентиналик мутахассис асосан тажрибали футболчиларга таянган бўлса, Қатарга қарши ўйинда кўпроқ ёшларга умид билдирилди. «Қўқон-1912» дарвозабони Ўткир Юсупов Ўзбекистон терма жамоаси сафидаги дебютини нишонлади. Ҳимоянинг қанотлари бу сафар Олег Зотеев (чап) ва Акмал Шораҳмедов (ўнг)га ишониб топширилди. Жавоҳир Сиддиқов ярим ҳимоя ва ҳужумни боғловчи вазифасини бажарган бўлса, Одил Аҳмедов нисбатан эркинроқ ҳаракат қилди: у ҳам таянч зонасида, ҳам вазиятга қараб олдинроққа ўтиб ўйнади. Одил Ҳамробеков кўпроқ ҳимояга ёрдам берди. Қанот ярим ҳимоячилари сифатида Купер «Локомотив» футболчилари — Икром Алибоев ва Ҳусниддин Ғофуровни синовдан ўтказди. Аввалги ўйинда қанотда ўйнаган Шомуродов, бу сафар ягона номинал ҳужумчи сифатида майдонга туширилди. Фақатгина Анзур Исмоилов ва Егор Кримец яна марказий ҳимояда ҳаракат қилишди.

ТАРТИБ, ИНТИЗОМ, ПРЕССИНГ

Купер Ўзбекистон термасидаги ишни ўйинимизга тартиб-интизомни жорий қилишдан бошлади. Футболчилар мураббийнинг қатъий кўрсатмаси асосида ҳаракатланишлари лозим. Тартиб эса, аввало, ҳимоядан бошланади. Бундан ташқари, ўйинчиларимиз рақибдан тўпни имкон қадар тезроқ олиб қўйиш мақсадида жамоавий прессингда иштирок этишлари шарт. Жисмоний жиҳатдан катта кучни талаб қиладиган ушбу жараёнга футболчиларимизнинг кўникма ҳосил қилишлари осон кечмаяпти. Тўп билан ўйнашни яхши кўрадиган ўзбек футболчиларини тўпсиз тинимсиз ҳаракатга солиш осон кечмаслиги аниқ. Шунга қарамай, вакилларимиз бу ўйин услубини ҳам ўзлаштиришга интилишмоқда.

Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, Феликс Санчес Бас бир йилдан ортиқроқ вақт мобайнида Қатар терма жамоасини шакллантириб келмоқда. Ушбу мутахассис ҳам прессингга кучли эътибор қаратаётгани кўзга ташланди. Бу эса термамиз ҳужумга ўтаётган паллада жиддий муаммо яратди. Биринчи бўлимнинг иккинчи ярмига келиб, Купер шогирдлари рақиб дарвозаси олдида хавфли вазиятларни юзага келтира бошлашди. Жавоҳир Сиддиқов плеймейкер позициясида ўйнаган бўлса-да, тез югура олиш қобилиятини намойиш қилиб, рақиб дарвозаси томон хавф солиб турди. Қатар посбони Юсуф Ҳассаннинг қўпол хатосидан кейин Сиддиқов тўпни эгаллаб олди, аммо у бўш қолган дарвоза томон зарба беришни бироз пайсалга солгани боис, вазият қўлдан чиқди. Биринчи бўлим сўнгида эса Абдулазиз Ҳатим Муҳаммад 20 метрлардан зарба йўллаб, Юсупов қўриқлаётган дарвоза устунини нишонга олди.

ОДИЛ, БАРИБИР, ОДИЛ!

Иккинчи бўлим аввалида ҳам қатарликлар фаол ўйин намойиш қилишди. Терма жамоамиз шошмади, прессингга прессинг билан жавоб қайтарди. Рақиб имкон берганда эса олдинга ташланди. Баҳснинг 62-дақиқасида яхшигина стандарт вазиятга эга бўлдик. Сиддиқов томонидан етказилган бурчак тўпига Анзур Исмоилов 5 метрдан бош билан зарба берди. Аммо ҳимоячимизга аниқлик етишмади.

Ўзбекистон терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов керакли паллада масъулиятни ўз зиммасига олишдан қўрқмайди. Иккинчи бўлимда у кўпроқ олдинга ўта бошлади. Учрашувнинг 69-дақиқасида «Шангхай СИПГ» футболчиси Шомуродов билан «девор» услубида ўйнаб, дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди. Аммо Одил сўнгги паллада зарба беришга улгурмади. Юсуф Ҳассан тўпни эгаллаб олди.

Орадан кўп ўтмай, Аҳмедов ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Сиддиқов-Ҳамдамов-Шораҳмедов ўнг бурчакдаги байроқ ёнида ўзаро комбинация ташкил қилишди ва Акмал тўпни юқоридан дарвоза олдига етказиб берди. Аҳмедов баланд сакраб дарвоза томон зарба берди. Тўп рақиб жамоа посбонининг қўлига тегиб, сўнг тўрга бориб тушди.

ҚАТАР ҲАМ ЧАККИ ЭМАС

Шу пайтгача бироз эҳтиёткор ўйин намойиш қилаётган қатарликлар ўтказиб юборилган голдан кейин дарҳол катта куч билан олдинга ташланишди. Уларнинг ҳамласини қайтариш терма жамоамизга осон бўлгани йўқ. Баҳснинг 76-дақиқасида Али ал Мойез чап қанотдан ёриб кирди ҳамда Ўткир Юсупов ва ҳимоячилармизнинг ўзаро тушунмовчилигидан фойдаланиб, жамоадошига бир амаллаб узатма берди. Эндигина захирадан майдонга тушган Аҳмад Абдулмутал яқин масофадан зарба йўллади. Тўп аввал Исмоиловнинг оёғига тегди, сўнгра ерда ётган Зотеев уни боши ёрдамида қайтаришга муваффақ бўлди!

Ҳужумкорликка зўр бераётган Қатар 86-дақиқада хатога йўл қўйди. Аҳмедов ўз жарима майдончамиз ташқарисида тўпни эгаллади ва қарши ҳужумга асос солди. Унинг аниқ узатмасидан кейин Бикмаев яккама-якка вазиятга чиқиб бориб, «парашют» услубида дарвозани ишғол қилди - 2:0! Бу анча ишончли ғалаба эди.

Ҳисоб йирик кўринишга келиши ҳам ҳеч гап эмасди. Достонбек Ҳамдамов рақиб жарима майдончаси атрофида бир ҳимоячини икки марта алдади ва 14 метрлардан зарба берди. Аммо афсуски, тўп анча юқорига кўтарилиб кетди.

КЕЛАЖАККА УМИД

КХДР ва Қатарга қарши ўйинлар бор-йўғи ўртоқлик мақомида бўлса-да, унда қўлга киритилган ғалабалар мухлисларимизни анча хурсанд қилди. Боиси, терма жамоамизнинг ғалабаларини анча соғиниб қолгандик. Эктор Купер амалга ошираётган ишлар кўзга ташлана бошлади. Бу эса ишқибозларда Ўзбекистон терма жамоасига бўлган ишончни қайтарди. Буниси ҳаммасидан ҳам муҳимроқ. Январь ойида Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтадиган Осиё кубогига кўп вақт қолмади. Бу мусобақани интизорлик билан кутамиз. 

Олимхўжа БЎРОНОВ

Киритилди: 16:35, 22.10.2018.
Ўқилди: 3347 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.