Қашқадарёдаги мавжуд 135 та касб-ҳунар коллежида аҳолининг барча қатламлари ўртасида спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларини ўтказиш мақсадида, спортнинг 12 туридан иборат мусобақаларга старт берилди. Бу ҳакда вилоят Ўрта-махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси хабар берди.
22 октябрдан 22 декабрга қадар босқичма-босқич ўтказиб бориладиган спорт мусобақаларида коллеж ўқувчилари, педагоглари ва ишчи ходимлари иштирок этиши кўзда тутилган.
Мусобақа қатнашчилари чиллик, зувуллатар, тош кўтариш, арқон тортиш каби миллий ўйинларда ҳам ким кучли эканлигини аниқлаб олишади.
"Бугун муассасамизнинг еттита гуруҳида таҳсил олувчи ўғил болалар жамоаларга бўлинган ҳолда футбол, саккизта гуруҳида таҳсил олувчи қизлар жамоаси эса волейболда ўзаро куч синашмоқда", – дейди Қарши туманидаги Агросаноат касб-ҳунар коллежи директори Музаффар Аббосов. – Ўқувчилар ва ходимларнинг махсус спорт кийимлари коллежимизнинг тикувчилик цехида ўқувчиларимиз томонидан тайёрланган".
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев томонидан жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда бир нечта вилоятларда жисмоний тарбия ва спортнинг ривожланишига тўсиқ бўлаётган омиллар хусусида айтилган. Шунингдек, Сирдарё, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида қурилиш ишлари орқада қолаётган иншоотлар бўйича топшириқлар берилган эди.