28 октябрь бутун жаҳон бўйлаб дзюдо куни нишонланади. Шу муносабат билан Ўзбекистон дзюдо федерациясида ҳам ушбу байрам кенг нишонланди.
500 нафардан ортиқ спортчини қамраб олган тадбирда терма жамоа мураббийи Фарҳод Тўраев, ўзбек дзюдоси юлдузлари Диёрбек Ўрозбоев, Ғиёс Бобоев, Гулноза Матниёзова, терма жамоамизнинг бошқа аъзолари, ёш дзюдочилар, иштирок этишди. Тажрибали спортчиларимиз бўлажак полвонларга маҳорат сабоқларини ўтказишди, улар билан суҳбатлашишди. Чемпионларимиз болажонларга муваффақиятга эришиш сирлари ҳақида гапириб бердилар.
Албатта, спортнинг оммалашишида бундай тадбирларнинг ўрни катта. Аслида дзюдо кунини ўтказишдан мақсад – спортнинг ушбу турини тарғиб қилиш, оммалаштириш, аҳолини дзюдога қизиқтиришдан иборатдир. Ташкилотчилар ушбу тадбир орқали ўз мақсадларига эришдилар деб бемалол айтишимиз мумкин.