«Милан»да ўзини кўрсатаётган Хесус Сусо италиялик журналистларга интервью берди. Қуйида ана шу суҳбатни ўқишингиз мумкин.
- Хесус, жорий мавсум топ-5 чемпионатлардаги энг яхши ассистент бўлиб турибсиз. Бу ҳақда қандай фикр билдирасиз?
- Кўп ишласангиз, натижалар узоқ куттирмайди. Ҳаммаси тинимсиз меҳнат эвазига бўлди. «Милан»да ажойиб футболчилар жамланган. Ҳақиқатан ҳам, биз майдонда бир-биримизни яхши тушуниб ҳаракат қиляпмиз. Шунингдек, ўзим ҳам ажойиб спорт формасига кириб боряпман.
- Яқинда фарзандлик бўласиз. Унинг дунёга келаётгани ҳам сиз учун роль ўйнаяптими?
- Қаллиғим билан муносабатларимиз ажойиб. Албатта, фарзандимизнинг дунёга келиши биз учун янгиликлар тақдим этади. Жуда хурсанд бўлиш билан бирга, ҳаяжонланяпман. У худди мен каби ноябрь ойининг биринчи ҳафтасида дунёга келиши керак.
- Ўғил бўлса, Романьоли туфайли унга Алессио деб ном берасизми?
- Албатта, йўқ (кулади). У шу ерда, Италияда туғилади. Ушбу мамлакатни қаллиғим икковимиз жуда ҳурмат қиламиз. Шу боис чиройли итальянча исм танлаймиз.
- Агар гол урсангиз, уни бўлажак ўғлингизга атайсизми?
- Умр йўлдошим «Сассуоло»га қарши ўйинда гол урсам, бўлажак фарзандимизга бағишлашимни кутган экан. Лекин ўша пайт жамоа қийин кунларни бошидан ўтказаётганди. Шу боис ҳам биринчи қилган ишим мураббийни қучоқлаш бўлди.
- Гаттузо ҳақида қандай фикрдасиз?
- Ўзгача инсон. У ҳақда ёмон гапираётганларга қулоқ солманг. Шубҳасиз, футболчилар ҳам, мураббийлар ҳам ўсишимиз керак. Гаттузо ўтган мавсумнинг ўртасида ишга киришди ва кўплаб муаммоларни бартараф этди. Менимча, айни пайтда «Милан» учун керакли мураббий айнан у. Ўзининг чемпионлик фаолиятига қарамай, Гаттузо очиқ, оддий инсон. У билан жаҳондаги ҳар нарса ҳақида гаплашиш мумкин.
- Клубга Леонардо ва Мальдинининг келиши муҳитни ўзгартирдими?
- Баъзида Леонардо билан ўйинлар, шахсий масала борасида гаплашаман. Уни ҳамма нарса қизиқтиради. Мальдини - бу «Милан» дегани. У ҳар куни Миланеллода. Машғулотларни кузатади, футболчилар билан суҳбатлашади, тажрибаларини баҳам кўради. Албатта, бу жамоанинг ривожланишига ёрдам беради.
- Мальдинига қараганда, «Милан»нинг ҳақиқий афсонаси бўлиш истаги уйғонадими?
- Яқинда клубдаги 100-учрашувимни ўтказдим. У 900та ўйинда майдонга тушган. Ўйлайманки, мухлислар муҳаббатига сазовор бўлиб, уларнинг қалбидан жой оламан.
- Катта клублардан таклифлар борми? Отангизнинг «Реал» мухлиси эканлигини яхши биламиз.
- Замонавий футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Балки қачондир клуб учун керак бўлмай қоларман. Лекин айни пайт бу ерда бахтлиман ва ҳеч қаерга кетмоқчи эмасман.
- «Интер»га ўтишингиз мумкин эди...
- Дарҳақиқат, икки марта ёзги трансферлар бозори пайтида «Интер» сотиб олишга уринди. Лекин менда жамоани ўзгартириш истаги бўлмади. Ўтган ёзда ҳам улар агентим билан бу борада мулоқот ўтказишди. Аммо Мирабелли мендан сўраб ўтирмай, «Интер» таклифини рад этди.
- 2016 йилги дерби олдидан, агар «дубль» қайд этсангиз уйингизгача пиёда кетишингизни айтгандингиз. Лекин ўшанда «Сан Сиро»га яқин жойда яшардингиз.
- Ўша учрашувда биз ғалаба қозонмаганмиз. Энди бундай бемаъни ваъдалар бермайман.
- Игуаин билан тандемингиз идеалдек кўринмоқда.
- Гонсало - чемпион. У жамоага тезда киришиб кетди. Ёшларга ёрам бермоқда.
- У билан бўш вақтингизни бирга ўтказяпсизми?
- Уч ой қўшни бўлиб яшадик. Ҳар куни эрталаб машғулотга бирга борардик.
- Сизнинг позициянгизда ўйнайдиган қайси футболчини ёқтирасиз?
- Менга Азар жуда ёқади. Болалигимда Какага мухлислик қилардим.
А.АҲМЕДОВ тайёрлади