Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Диёр Туропов: «Еттим деганда йиқилиш истаги йўқ»

Баҳо:
+ | -

Суперлига тобора финиш сари яқинлашмоқда. «Локомотив» ҳал қилувчи босқични кўтаринки кайфиятда ўтказмоқда.

Ҳар ҳолда, бу жамоа чемпионлик мақомини сақлаб қолишга жуда яқин турибди. Ёдингизда бўлса, айнан «темирйўлчилар» «Пахтакор»нинг ўз майдонида давом этган 23 ўйинлик мағлубиятсиз сериясига ҳам чек қўйишганди.

«Шерлар» охирги марта ўз майдонларида 2017 йилги мавсумнинг 7-турида айнан «Локо»га ютқазиб қўйишганди.

Биз 28-тур доирасидаги «Локомотив» - «Металлург» (1:0) ўйинидан сўнг «темирйўлчилар» ярим ҳимоячиси Диёр Туроповдан интервью олдик. 

- Диёр, жуда қийин баҳсда «Металлург» мағлуб этилди. Рақибнинг шундай қаршилик кўрсатишини кутганмидинглар?

- «Металлург» билан ўйин қийин кечишини, бекободлик футболчилар ҳимояга катта эътибор қаратишларини олдиндан билгандик. Амалда ҳам шундай бўлиб чиқди. Натижада дарвозани ишғол қилишда анча қийналдик. Шукрки, сўнгги дақиқада бўлса-да, муваффақият қозониб, жуда керакли уч очкони қўлга киритдик. Ўша гол урилган вазиятда омад ҳам биз томонда бўлди. «Локомотив» очиқ футбол тарафдори ва исталган рақибга ҳужумкор ўйин таклиф қилади. Энди олдинда яна тўртта ўйин бор. Шундай экан, чемпионлик учун кураш ва юришни давом эттирамиз. Осон бўлмаслиги аниқ. Ўз уйимизда «Пахтакор» ва «Бухоро» жамоаларини қабул қиламиз. «Бунёдкор» ҳамда «Навбаҳор» клублари майдонига сафар уюштирамиз. Кўряпсизми, бизни қандай мураккаб ўйинлар кутиб турганини?! Шундан келиб чиқиб, ҳали чемпионлик учун кураш давом этади, дейиш ўринли бўлса керак.

- Ҳакам ҳуштаги чалинганидан сўнг майдонда футболчилар ўртасида бироз тортишув юзага келди. Игнатий Нестеров асосий планга чиқди. Ўша вазиятда нима бўлганди?

- Очиғи, биз футболчилар ва жамоамизнинг бошқа аъзолари билан ғалабани нишонлаётганимиз боис, бу ҳолатга эътибор бермабмиз.

- «Локомотив»нинг чемпионлик пойгасидаги муҳим ғалабаси, барибир, «Пахтакор» билан ўйинда қайд этилди. Жамоангизнинг ўша ютуғи кўпчилик томонидан бироз кутилмаган, дея қабул қилинди. Бу борада фикрингиз қандай?

- Шахсан мен «Локомотив»нинг ушбу муваффақиятини кутилмаганда қайд этилди, демаган бўлардим. Қайсидир маънода бу фикрларга қўшилиш мумкин. «Пахтакор»нинг ўз майдонида ўйнагани уларга сезиларли устунликни тақдим этарди. Ким ҳам  мухлислари кўз ўнгида мағлубиятга учрашни хоҳлайди? Чемпионлик учун курашаётган икки жамоа ўртасидаги баҳсда биз барибир кучлироқ кўриндик. Учрашув давомида юзага келтирилган имкониятлардан унумли фойдаландик. Жамоамиз мавсумдаги энг яхши ўйинларидан бирини намойиш этди ва жуда муҳим учрашувда зафар қучишни уддаладик.

- Камида дуранг ўйнасак ҳам биз учун ижобий ҳолат бўлади, деган фикр ҳам бормиди?

- Бу ўйинга максимал даражада ёндашишимиз кераклиги кутилганди. Амалда шундай ҳам бўлди. Барча футболчилар ушбу учрашувда борларини беришди. Қолаверса, клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби ҳам ғалабага эришишимизга ишонган эди. Лекин бу - футбол, унда ҳар қандай кутилмаган натижалар ҳам қайд этилади. Олдиндан ниманидир тахмин қилиш қийин. Бир сўз билан айтганда, ўша кун бизга аталган экан.

- «Пахтакор» ўз ўйини билан сизларни ҳайрон қолдирдими?

- «Пахтакор» кучли ҳамда яхши савиядаги жамоа. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ. Таркибида тажрибали футболчилар кўпчиликни ташкил этади. Аммо ўша куни биз уларга эркин ҳолда ўйнаш, ўзлари хоҳлаган футболни намойиш этишга имкон бермадик. Шунга қарамай, майдон эгалари мазмунли, ҳужумкор ўйин кўрсатишди. Натижада, учрашув якунланганидан кейин «Пахтакор» мухлислари футболчиларни олқишлар билан кузатиб қўйишди.

- Ўзбекистон кубогидаги мағлубият эсдан чиқмаганмиди?

- «Локомотив» ғалаба қозонадими ёки йўқми, мураббийларимиз бизга ўша учрашувни унутишимизни ва кейинги ўйинга тайёргарлик кўришимиз кераклигини уқтиришади. Чорак финалдан ўрин олган ва жамоамизнинг йирик ҳисобдаги (0:4) мағлубияти билан якунланган ўша ўйинни унутишга ҳаракат қилгандик. Агар ўйлаб, миямизда сақлаб юрганимизда, ке-йинги баҳслардаги натижа ижобий бўлмасди. Кубок баҳслари битта учрашувдан иборат ва табиийки, унда кутилмаган натижалар ҳам қайд этилади. Бу гапим билан «Пахтакор» бизни кутилмаганда мағлуб этди, демоқчи эмасман. Лекин шу даражада йирик ҳисоб бўлмаслиги мумкин эди. Кубок учун курашдан чиқиб кетганимиздан сўнг олдимизда ягона йўл қолганди. У ҳам бўлса - чемпионлик унвонини сақлаб қолиш учун курашиш. Фақат шу тариқа ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритишимиз мумкин эди.

- Барибир саволимга тўлиқ жавоб ололмадим. Кубокдаги ўйин хаёлнинг бир четида бормиди?

- Умуман унутиб юборгандик, десам хато бўлади. Албатта, кубок баҳсида йирик ҳисобда мағлубиятга учраганимиз яхши бўлмади. Учрашувда йўл қўйилган хато ва камчиликлар узоқ вақт ёдда сақланиб қолади. Чемпионлик унвонини қўлга киритганимиздан сўнг эсдан чиқиб кетади.

- «Локомотив» мухлислари чемпионликни нишонлаш учун тайёргарлик кўришса бўлаверадими?

- Чемпионат ўзининг энг қизғин палласига етиб келди. Суперлиганинг қолган учрашувлари бу саволга жавоб беради. «Локомотив»ни ва шу билан бирга, ғолиблик учун курашаётган рақиб жамоаларни олдинда осон бўлмаган ўйинлар кутиб турибди. Юқорида айтганимдек, чемпионлик ҳақида гапиришга ва уни нишонлашга ҳали эрта. Тўғри, биз кетма-кет олтита ўйинда ғалаба қозониб, «олтин» сари дадил қадам ташладик. Лекин ҳали расман чемпион бўлганимиз йўқ. Ҳар қандай ҳолат рўй бериши мумкин. Биз бошлаган ишимизни чиройли тарзда якунлаб қўйишимиз керак. Чемпионлик унвонини муносиб тарзда ҳимоя қилишга астойдил интиламиз.

- Олдинда тўртта ўйин қолди. Мана шу учрашувлардан қайси бири энг қийини бўлиши мумкин?

- Ҳаммаси мураккаб. Ўйинларнинг иккитасини сафарда «Бунёдкор» ва «Навбаҳор» жамоаларига қарши ўтказамиз. Кўрдингиз, Наманган клубига қарши Тошкентда кечган ўйин биз учун осон ўтмади. Худди «Металлург» билан бўлгани каби жуда қийин ғалабага эришдик. Ҳозир бизда чемпион бўлиш учун жуда яхши имконият юзага келган. Аммо «Пахтакор» ҳамда «Бухоро»га қарши ўз майдонимизда ўтадиган ўйинлар ҳам қийин кечиши аниқ. Айниқса, «Пахтакор» ўз майдонидаги мағлубият учун реванш олишга уриниб кўради. Уларда ҳам чемпионлик учун имконият сақланиб қолмоқда. Бу эса чемпионатимиздаги интригани оширади. Биздан талаб қилинадигани - охиригача курашиш ва хотиржамликка берилмаслик. Бу нарсани ҳар бир футболчи ҳозир чин юракдан ҳис қилиб турибди. Етдим деганда йиқилиш истагимиз йўқ.

- «Локомотив»да ҳаммаси жойидами? Молиявий томондан камчиликлар йўқми?

- Чемпион жамоада бундай муаммолар бўлмайди. Ҳаммаси жойида. Акс ҳолда, бу натижага салбий таъсир қилиши мумкин эди. Кўриб турганингиздек, ҳар бир турда ғалаба қозониб, навбатдаги чемпионлик сари яқин боряпмиз.

- Суперлиганинг янгича форматда ўтказилаётганига муносабатингиз қандай?

- Фикрим ижобий. Бу формат ўзбек футболи учун янгилик бўлди. Кучли жамоалар бир мавсумнинг ўзида камида тўрт маротаба учрашишади. Бундан ташқари, Ўзбекистон кубогида ҳам тўқнаш келишади. Шундай ўйинлар ҳар қандай футбол мухлисини стадион томон чорлайди. Аренада кўрмаган тақдирда ҳам телевизор қаршисига «михланади».

- Суперлигамизнинг фақат кўриниши бўйича янгилик бўлдими? Чунки биринчи босқичда қийинчилик билан қўлга киритилган очколар нолга айлантирилади. Бу ҳолат алам қилмайдими?

- Суперлига янгича форматда ўтказилади, деб барчага ахборот берилган. Ҳамманинг бундан хабари бор эди. Шундан келиб чиқиб, элита жамоалари биринчи босқич якунларига кўра юқори олтиликка кириш учун ҳаракат қилишларини олдиндан билишган. Мабодо, кучлилар сафидан жой ола билмасалар, совринли ўринлар учун курашиш имконияти йўққа чиқиб, аксинча, Суперлигада «жон» сақлаб қолишга интилишларидан ҳам хабардор эдилар. Ҳа, қайсидир жиҳатлари алам қилиши мумкин. Айтайлик, бирор жамоадан биринчи босқичда олти очко олдингиз. Лекин бу клуб кучли олтиликка кира олмади. Натижада ўша очколар нолга айланади. Шу ҳолатлари жуда алам қилади. Нима ҳам дердик, қўпол қилиб айтганда, бу элга келган тўй. Чемпионатни ҳамма бир хил шароитда бошлади. Ҳеч бир жамоага сунъий ҳолатдаги устунлик тақдим этилмади. Бир томондан, чемпионатимиз қизиқ ўтишига замин яратди.

- Сизга қуйи олтилик жамоалари ўртасидаги кураш йўқдек кўринмаяптими?

- Бу саволга жавоб беролмайман. Чунки ҳозир бор эътиборимиз чемпионатнинг қолган тўртта ўйинига қаратилган. Навбатдаги учрашувлар ҳар бир клуб учун олти очко учун кечади, десам муболаға бўлмаса керак. Ҳеч бир жамоа майдонга мағлубиятга учрайман, деб тушмайди.

- Диёр, Ўзбекистон миллий жамоасининг сўнгги иккита ўйини ҳақида нима дея оласиз?

- Термамиз янги бош мураббий қўл остида эндигина тўртта учрашув ўтказди. Менимча, ҳали тўлақонли фикр билдиришга эрта бўлса керак. Аммо Купернинг машғулотлари қизиқарли, футболчилар билан мулоқотга киришиши ҳам яхши де-йишяпти.

- Кўпчилик ҳимоявий тактикани хуш кўрадиган мураббий экан, деяпти. Сиз ҳам шундай фикрдамиз?

- Терма жамоадаги дўстларимиз билан суҳбатлашганимда, улар ҳақиқатан ҳам дастлабки ўйинларда ҳимояга мосланган тактикада ўйнадик, деган сўзни айтишганди. Билмадим, балки бу вақтинчалик ҳолат бўлса керак. Қатар ва КХДРга қарши кечган ўйинларда футболчиларимизни ҳужумда ҳам кўрдик. Ҳамма нарсанинг ўз вақт-соати бор. Купер биринчи галда мудофаа чизиғини мустаҳкамлашага эътибор қаратди ва шахсан мен ҳам унинг қарорини қўллаб-қувватлайман. Олдинда термамизнинг Австралияда ўтказадиган иккита ўртоқлик учрашуви бор. Мана шу ўйинлар орқали аргентиналик мутахассис биринчи галда таркибни аниқлаб олишга уринади. Айниқса, Жанубий Корея жамоасига қарши кечадиган ўртоқлик баҳси футболчиларимиз ва шу билан бирга Эктор Куперга ҳам фойдали бўлади, деб ўйлайман. Кучли рақиб билан ўйинларда жамоанинг заиф жиҳатлари кўзга ташланади. Ўртоқлик баҳсларида хато қилиш мумкин. Масалан, жамоангиз мағлубиятга учраган тақдирда ҳам бундан хафа бўлмаслик, фожиа ясамаслик керак. Назорат ўйинлари мураббийларга шунинг учун ҳам керак. Яъни, жамоа устози мазкур беллашувларда турли тактикаларни амалда синаб олади. 

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 16:27, 10.11.2018.
Ўқилди: 2786 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.