Бугун 18:00 да Тошкент титанлани — “Локомотив” ва “Пахтакор” ТТЗ даҳасидаги стадионда тўқнаш келади. Катта эҳтимол билан Ўзбекистон чемпионини аниқлаб берадиган ўйин.
Саволлар кўп, қандай ҳолатда “Пахтакор” чемпион бўлиши мумкин деб сўрашмоқда. Регламентга кўра, биринчи навбатда томонларнинг ўзаро ўйинига эътибор қаратилади.
Биринчи босқичда улар икки марта дуранг ўйнаган:
29 апрель, 2018
“Локомотив” — “Пахтакор” 0:0
1 август, 2018
“Пахтакор” — “Локомотив” 1:1
Мана шу ҳолатда устунлик “Локомотив” томонида, чунки “темирйўлчилар” сафарда тўп киритган. Агар ўзаро ўйинларда тенглик бўлса, сафарда кўпроқ гол урган жамоага устунлик берилади деб ёзиб қўйилган.
Бироқ Суперлига форматига кўра, мазкур жамоа иккинчи босқичда яна икки марта тўқнаш келиши керак (бугунги ўйин иккинчиси бўлади).
20 октябрь, 2018
“Пахтакор” — “Локомотив” 1:3
26 ноябрь, 2018
“Локомотив” — “Пахтакор”
Мана шу ҳолатда “Пахтакор” ўзаро ўйинлардаги устунликни ўз томонига оғдириб олиши учун бугун 3 та гол фарқи билан зафар қучса етарли. Бироқ бу ҳали чемпионлик дегани эмас. Чунки турнир жадвалида “Локо” 6 очкога илгарилаб кетган.
“Пахтакор” сўнгги турда “Бунёдкор”ни енгиши ва “Локомотив” Наманганда мағлуб бўлиши ҳам керак. Ишонаманки, “Пахтакор” бугун 3 та гол фарқи билан зафар қуча олса, келаси турда “Навбаҳор” футболчилари учун бир чемодан пул таклиф қилади, “Локо”ни ютиб бер деб (бу пора эмас, мукофот дейилади).
Агар бугун “Пахтакор” 1 та гол фарқи билан ютса, кубок шу оқшомдаёқ “Локомотив”га топширилади. “Пахтакор” 2:0 ҳисобида зафар қучса ҳам етарли эмас. “Пахтакор” 3:1 ҳисобида ҳам зафар қучиб чемпион бўла олмайди. Чунки юқоридаги икки ўзаро дурангда барибир “Локомотив” сафарда кўпроқ гол ургани кўринади.
“Пахтакор” 4:2, 5:3, 6:4 (шу кетма-кетликда) ҳисобида устун келсагина, устунликни ўз томонига оғдиради. Чунки энди “шерлар” сафарда кўпроқ гол урган бўлиб чиқади.
P.S. Суперлигада интрига ўлди деяётганларга айтишимиз керакки, “Локомотив” чемпион бўлишни истаса, ашаддий рақибини енгиши ва/ёки ҳеч ким зафар қуча олмаётган қўрқинчли Наманганда ғолиб чиқиши керак.
Бу интрига бўлмай нима? Кубок керакми, кучлиларга қарши ўйинларни ют. Масалан “Локомотив” сўнгги икки турни “Насаф” ёки “Қизилқум”га қарши ўтказганида, балки интрига қолмаслиги мумкин эди. Ҳозирча эса у бор. Исталган форматда ҳам ўша "Металлург", "Бухоро", "Насаф", "Қизилқум" аросатда қолиши мумкин эди. Қолган жамоаларда эса курашишга арзийдиганнарса бор эди бу йил